18:27 / 12.02.2020
0
23556

Республика аэропортларида кутилаётган ўзгаришлар маълум қилинди

Андижон ва Бухоро аэропортларида очиқ осмон режими жорий қилинади, Тошкент халқаро аэропорти реконструкция қилинади

Фото: KUN.UZ

Бугун, 12 февраль куни, транспорт ва авиация соҳаси расмийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда жорий йилда республика аэропортларида жорий қилиниши кутилаётган ўзгаришлар хусусида маълумот берилди. 

Транспорт вазири Элёр Ғаниевнинг маълум қилишича, Андижон ва Бухоро вилоятидаги аэропортларда очиқ осмон режими йўлга қўйилади. Бухоро аэропортида йўловчи ташувлари бўйича бешинчи даражали ҳаво эркинлиги учун чекловлар бекор қилинади.

Қайд этилишича, йил якунига қадар Тошкент халқаро аэропорти реконструкция қилиниши натижасида йўловчи ташиш ҳажми 4 млн.дан 7 млн.га етказилади.

“Барча аэропортларда техник хизмат ва ёқилғи қуйиш мақсадида қўнган рейслар учун тариф сеткасини бир хил ҳолга келтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жаҳон банки мутахассислари билан ҳамкорликда авиация стратегияси ҳам ишлаб чиқиляпти”, − дейди Элёр Ғаниев.

Транспорт вазирига кўра, Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлаги қурилади. Бунинг натижасида аэропортнинг йўловчи ўтказиш қобилияти соатига 500 нафардан 1500 нафарга етказилади. Термиз аэропортида ҳам янги учиш-қўниш йўлаги қурилади. 

Uzbekistan Airports АЖ раиси Равшан Исмоиловнинг қайд этишича, баҳор ойларидан бошлаб Ўзбекистонга 110та янги рейс йўлга қўйилади. 

“Бу ҳам сайёҳларни жалб қилиш имконини беради, ҳам ўз фуқароларимиз учун қулайлик яратади, чипталар нархи пасаяди. Авиақатновлар қанча кўп бўлса, чипталар шунча арзонлашади”, − дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, жорий йил якунига қадар Ўзбекистонга рейслар сонини 5000тага кўпайтириш режалаштирилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top