Ўзбекистон | 19:50 / 13.02.2020
67651
7 дақиқада ўқилади

Биз билган ва билмаган Тошкент метрополитени (видео)

Тошкент метроси ўз харажатларини ўзи қоплайдими? Бекатларда табиий офат ва ҳарбий ҳолатлар учун мўлжалланган махсус изоляция хоналари борми? Вагондаги барчамизга таниш овоз кимники? Платформага йиқилган йўловчиларни ток урадими?..

Нафақат жамоат транспорти, балки Ўзбекистоннинг маданий мероси саналувчи Тошкент метроси ҳақида кўпчиликни қизиқтирадиган шу ва бошқа саволларга метрополитен ходимларидан жавоб олдик.

Метрополитен ходими Рустам Пўлатовга берган биринчи саволимиз поездларнинг ҳаракатланиш графиги ҳақида бўлди.

Унинг айтишича, метро графиги икки турга бўлинади: ёзги ва қишки. Ҳар хил фаслда кун ботиш вақти ўзгариши сабабли графиклар ҳам фарқ қилади.

«Поездлар куннинг энг тиғиз вақтларида, яъни тонгги 7дан 9гача ва кечки 17дан 19гача «Чилонзор» йўналиши бўйича 4 дақиқа, «Ўзбекистон» йўналиши бўйича 5 дақиқа, «Юнусобод» йўналиши бўйича эса 7 дақиқа интервал билан ҳаракатланади. Куннинг бошқа қисмида эса бу интервал чўзилади», – дейди Рустам Пўлатов.

Бир ойлик ўртача энергия сарфи – 2 миллиард сўм

Бир неча йил олдин Тошкент метросидан рекламалар ғойиб бўлганди. Орадан маълум вақт ўтгач, рекламалар яна қайтди.

Шундай бўлса-да, метрополитен ходимларининг айтишларича, дунёдаги ҳеч қайси метро – хоҳ реклама билан, хоҳ рекламасиз – барибир ўз харажатларини қопламайди.

«Метрополитеннинг асосий вазифаси – халқ учун хизмат қилиш. Биламизки, метрополитеннинг асосий қувват манбайи электр энергияси ҳисобланади. Тошкент метрополитенининг бир ойлик тахминий энергия сарфи 2 млрд сўм», – дейди Рустам Пўлатов.

Рустам Пўлатов

Бомбапаноҳлар ҳақидаги маълумот – давлат сири

Метрополитен дунёнинг кўплаб мамлакатларида стратегик объект ҳисобланади. Фавқулодда ва ҳарбий ҳолатларда аҳоли метрода жон сақлаши кўзда тутилган.

Тошкент метросида ҳам махсус изоляция хоналари борми, деган саволимизга жавоб қуйидагича бўлди:

«Фавқулодда ҳолатларда ҳудуддан қандай фойдаланиш, қандай изоляция қилиш давлат сири ҳисобланади».

Поезд рельсларидан катта кучланишли электр токи ўтганми?

Платформадан рельсларга бехосдан тушиб кетган йўловчига нима бўлади, у қандай ҳаракат қилиши лозим?

Суҳбатдошимизнинг айтишича, платформадаги иккита асосий рельсдан электр токи ўтмаган.

«Бизда «контактний рельс» деган тушунча бор, ўша рельсдан поездларимиз катта кучланиш орқали қувватланади. Баъзида йўловчилар рельсларга бехосдан йиқилган ҳоллари учраб туради. Бундай ҳолларда навбатчи диспетчерга хабар беради ва электр токи линиядан ўчирилади, шундан сўнг навбатчи йўриқнома асосида йўловчини рельсдан платформага олиш ишларини бошлайди», – дея маълумот берди Пўлатов.

«Юнусобод» линиясидаги баъзи бекатларда шифтдан чакка ўтади

Метрополитен ходимининг айтишича, бу ерости сувлари билан боғлиқ ва бу борада хавотирга асос йўқ.

«Бу саволни кўпчилик беради. «Юнусобод» линиямизнинг устидан ерости сувлари ўтган, бу нарсани беркитиб бўлмайди. Биламизки, сув доимо еростига кетишга интилади, шунинг оқибатида чакка ўтган жойларни кузатиш мумкин, лекин бу йўловчиларга ва метрополитенга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Биласизки, Тошкентнинг атрофида дарё ёки денгизлар йўқ, фақат ерости сувлари ҳисобига шундай ҳолатлар кузатилади».

Азиз Раҳматов

Асосий саволларимизга жавоб олганимиздан сўнг метрополитен машинистлари Азиз Раҳматов ва Одилжон Рустамов билан ҳам суҳбатда бўлдик. Аввалига Азиз Раҳматов саволларимизга жавоб берди.

– Машинистнинг бир куни ҳақида айтиб бера оласизми?

– Иш вақти соат 6дан бошланиб, 8 соат давом этади. Электродепода машинистлар учун дам олиш хоналари бор. У ерда машинистлар иш сменасидан кейин дам олишади.

– Ёруғлик жуда кам бўлган туннелларда ишлаш ёруғликка сезувчанликка таъсир қиладими?

– Бу унча сезилмайди, ўрганса бўлади.

– Вагон ичидаги микрофонлар ишлайдими? Йўловчи микрофонга гапирса, машинист эшитадими?

– Поездларимизда радиоалоқа ишлайди, у кунига икки маротаба текширувдан ўтади. Радиоалоқа вагонларда носозлик кузатилганида, шубҳали буюмлар топилганда ёки йўловчилар ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатларда машинистга хабар бериш учун мўлжалланган.

Кейинги саволларимиз машинист Одилжон Рустамовга бўлди.

– Йўловчилар бор поездни биринчи бор ҳайдаш қанчалик ҳаяжонли?

– Бу машинистда катта масъулият ва ҳаяжонни келтириб чиқаради. Йиллар давомида бу ҳаяжон йўқолади, лекин масъулият ўша-ўша қолади.

– Метрополитен поездлари неча тезликда ҳаракатланади?

– Поездимизнинг энг юқори тезлиги 80 км/соатни ташкил қилади, ўртача тезлик – 60 км/соат. Профилактика ишлари олиб борилаётган жойларда – 40 км/соатгача тезликни пасайтирамиз.

Кўпчилик катта тезликда ҳаракатланамиз, деб ўйлайди, лекин 80 км/соатдан оширмаган ҳолда ҳаракатланамиз.

– Машинист бехосдан вагоннинг қарама-қарши эшикларини очиб юбориш эҳтимоли борми?

– Ўнг ва чап эшикларни очиш тугмалари алоҳида жойларда жойлашган, адаштириб юбориш имкони йўқ.

Одилжон Рустамов

Машинистларнинг сўзларига кўра, метрополитен ҳузурида ёш кадрларни тайёрлаш маркази бор экан. Машинист бўлмоқчи бўлганлар аввалига 7 ойлик назарий босқични тугатиб, сўнгра амалиётга ўтишар экан.

«Машинистлар 4 тоифага бўлинади. Янги ишга кирган машинистлар 4-тоифага мансуб бўлади. 2 йил давомида қоида бузмасдан ишласа, имтиҳон топшириб 3-тоифага ўтиши мумкин. Кейин 2 йил давомида ҳам яхши ишласа, 2-тоифа ва ҳоказо», – дейди Одилжон Рустамов.

Барчани қизиқтирадиган яна бир савол бу – вагондаги барчамизга таниш овоз соҳибаси ким?

Биз «Чилонзор» йўналиши учун овози ёзиб олинган диктор Мадина Ҳасанова билан ҳам суҳбатлашдик.

Мадина Ҳасанова

«2017 йил метрога овоз бериш танлови эълон қилинган эди. Мен шу танловда қатнашиб, ғолиб бўлдим. Студияда овоз ёзиш учун 4 соат вақт сарфладик.

Ўша йиллари мен Санъат ва маданият олийгоҳида ўқитувчи бўлиб ишлардим, шу билан бирга бўш вақтларимда реклама ва ҳужжатли филмларга овоз берганман. Биринчи марта метрода ўзимнинг овозимни эшитганимда танимай қолдим, бунга сабаб метрода овозим бошқа тембрда чиқишидир балки.

Овозлар танловида ғолиб бўлганим мен учун жуда катта шараф. Қанча ҳақ олганимни айта олмайман-ку, лекин текинга метрога овоз бериш таклиф қилинганда ҳам, йўқ демасдим. Ахир менинг овозимни халқим эшитади», – дейди Мадина Ҳасанова.

Аниқлашимизча, ҳозирда пойтахт метросининг «Юнусобод» ва «Ўзбекистон» йўналишларидаги овоз Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимаси Муслима Муродовага тегишли экан. Сухандон баъзи сабабларга кўра дастуримизни суратга олиш жараёнида иштирок эта олмади.

Жамшидхон Зиёхонов тайёрлади

Мавзуга оид