Жаҳон | 01:25 / 13.02.2020
17174
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус сабабли рад этилаётган кемани Камбожа қабул қилишга рози бўлди

Фото: Getty Images

Камбожа бортида коронавирусга чалинганлар бўлиши мумкинлиги хавотири сабабли Жануби-Шарқий Осиё давлатларида қабул қилинмаётган Westerdam круиз лайнерини қабул қилишга рози бўлди.

Бу ҳақда Kyodo ахборот агентлиги хабар берди.  

Айни вақтда Таиланд соҳиллари яқинида сузиб юрган кема 13 февраль эрталаб Камбожанинг Сиануквиль портига етиб келади.

Westerdam навбатдаги сафарига Ҳонгконгдан 1 февралда чиққан. Ўшандан бери кемани бортида коронавирусга чалинганлар бўлиши мумкинлиги гумони остида Жануби-Шарқий Осиё давлатлари қабул қилишдан бош тортяпти. Жумладан, кемага Япония, Филиппин, Гуам, Таиланд, Жанубий Корея ва Тайван рад жавобини берган.

Айни вақтда кема бортида 1455 сайёҳ ва экипажнинг 802 аъзоси бор. Кема эгаси Holland America Line компаниясининг таъкидлашича, ундаги одамларнинг барчаси соғлом. Кема ўз саёҳатини 15 февралда Япониянинг Йокогама шаҳрида якунлаши керак эди.

Камбожа соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат котиби агар кемадаги барча йўловчилар ҳақиқатан ҳам соғлом бўлсалар, “уларга шубҳасиз Камбожада таътилни ўтказишга имкон берилиши кераклигини” айтган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Камбожа ҳукуматига бу “олижаноблик” учун миннатдорлик билдирган. 

Айни вақтда бошқа бир кема - бортида 3,7 минг киши бўлган Diamond Princess лайнери Йокогама портида карантинда турибди. Охирги маълумотларга кўра, кемада вирус аниқланган кишилар сони 174 нафарга етган. Йўловчилар вирусни кемадан Ҳонгконгда тушиб қолган кекса эркакдан юқтириб олишган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид