Жаҳон | 22:04 / 18.02.2020
9533
2 дақиқада ўқилади

Украинада Зеленский иштирокидаги фильм тақиқланди

Украинанинг кино масалалари бўйича давлат агентлиги бир нечта, жумладан Украинанинг амалдаги президенти Владимир Зеленский иштирокидаги фильм намойишини тақиқлади. 

Фото: from-ua.com

Таъкидланишича, 5 та фильм тақиқлов остига тушган. Уларни кинотеатрлар, телевидение ва тижорат мақсадларида намойиш этиш тақиқланган.

Учта фильм Украина маданият вазирлигининг “Миллий хавфсизликка таҳдид солувчи шахслар рўйхатини тўлдириш ҳақида”ги буйруғи асосида тақиқланган. Жумладан, АҚШнинг “Мачете” фильми Стивен Сигал, Франциянинг “Тимпелбахлик шумтакалар” (Les Enfants de Timpelbach) фильми Жерар Депардье сабабли ман қилинган. Ушбу фильмларда суратга тушган иккала актёр ҳам Украина давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи шахслар рўйхатига киритилган. 

Россиялик киноижодкорларнинг “8 та илк  учрашув” (Восемь первых свиданий) фильми актриса Екатерина Варнава сабабли тақиқланган. Актриса Қримга ташриф буюргач, Киев учун номақбул шахсга айланган. 2012 йилда экранларга чиққан ушбу фильмда Украинанинг амалдаги президенти ҳам роль ижро этган. Зеленский шунингдек фильмнинг продюсери ва сценарийнависи ҳисобланади. Ўша вақтда Зеленский шоумен сифатида фаолият юритган.

Рўйхатга шунингдек Россиянинг яна иккита фильми – “Мен бундай ўйламайман” (Я так не думаю) ва “Найза” (Стрела) киритилган.

Украинада агрессор давлат томонидан 2014 йил 1 январдан кейин ишлаб чиқарилган ҳамда Украинада нон-грата персоналари деб тан олинган актёрлар иштирокидаги фильмлар намойиши тақиқланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид