Иқтисодиёт | 13:20 / 19.02.2020
31341
10 дақиқада ўқилади

Обаманинг «иқтисодий мўъжизаси». АҚШ иқтисодий инқироздан қандай чиқиб кетганди?

11 йил муқаддам АҚШнинг 44-президенти Барак Обама молиявий инқироздан чиқиш ва янги иш ўринларини яратиш учун юзлаб миллиард доллар ажратиш кўзда тутилган 10 йиллик давлат дастурини имзолаганди. Экспертлар буни Обаманинг «иқтисодий мўъжизаси» деб аташади.

Фото: : NICHOLAS KAMM/AFP via Getty Images

Барак Обама 17 февраль куни твиттердаги саҳифасида шундай ёзди: «Бундан 11 йил аввал АҚШ тарихида энг кўп иш ўрни яратган ҳужжатни имзолагандим».

Ҳа, 2009 йил 17 февраль куни АҚШнинг 44-президенти Барак Обама тарихий ҳужжатга имзо чекканди. Гап 787 миллиард долларлик инқироздан чиқиш режаси ҳақида кетмоқда.

2008 йил бутун дунё иқтисодиётига зарба берган инқироз айниқса АҚШга жуда жиддий таъсир қилганди. Бундай қийин ҳолатдан ҳукумат ўз фуқароларини қандай олиб чиқиб кетганди?

АҚШ президентлигига жуда ноқулай вақтда келган Барак Обама иқтисодий инқироздан чиқиб кетиш учун жуда қиммат режани таклиф қилади. Обаманинг режаси 1 йилга эмас, нақ 10 йилга мўлжалланган эди. Президент таклиф қилган инқироздан чиқиш дастурига давлат бюджетидан 787 миллиард доллар пул ажратилиши белгиланганди. Обама бу режаси орқали давлат бюджетидаги 1,3 триллион долларлик дефицитни президентлигининг биринчи муддати якунида 533 миллиард долларгача камайтиришни кўзлайди.

Бу тарихий ҳужжатни имзолаш маросими тантанали тарзда Коларадо штатидаги табиат ва фан музейида ўтказилади. Расман номи «American Recovery and Reinvestment Act» бўлган бу режага «АҚШ иқтисодиётини жонлантириш» деб ном берилади.

Ҳужжатни имзолаган Обама шундай деганди: «Бу ҳужжат билан ҳамма муаммоларимиз ҳал бўлиб қолмайди. Қилишимиз керак бўлган ҳамма ишларни унга сиғдира олмаймиз, аммо ишонинг, бу инқироз якунининг бошланиши».

Обама ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳага ҳамма сенаторлар розилик билдирмайди. Узоқ муҳокамадан сўнг Cенат 13 февралда лойиҳани тасдиқлайди. Уни қўллаб 61 сенатор овоз беради, 37 сенатор қарши чиқади. Вакиллик палатаси инқироздан чиқиш бўйича ўз лойиҳасини таклиф қилгани боис Обаманинг лойиҳасини қабул қилиш кечикиб кетади.

Лойиҳанинг асосий мақсади нима эди?

Обама таклиф қилган бу лойиҳанинг асосий мақсади давлат хусусий инвесторлар ёрдамида тадбиркорларни қийин вазиятдан олиб чиқиши керак эди. Масалан, ажратилиши керак бўлган пулларнинг 500 миллиард доллари банклардаги қиймати пастлаган активларни сотиб олишга қаратилиши мўлжалланади.

Айтайлик, иқтисодий инқироз вақтида бирор йирик корхона акциялари қадрсизланиб кетади. Давлат эса боши берк кўчага кириб қолган корхоналар акцияларини сотиб олиб уларга қайтадан ҳаёт бағишлайди.

Режада фақат пул сарфлаш эмас, уни тежаш ҳам кўзда тутилади. Жумладан, Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар учун харажатлар сезиларли даражада камайтирилади. Шунингдек, бюджет харажатларини тежашнинг асосий омилларидан бири сифатида энергия мустақиллигини мустаҳкамлашга эътибор қаратилади. Обама ва Байден бу борада мамлакатда энергия тежамкор техникаларни кўпайтириш кераклигини таъкидлайди.

Солиқ тизимини соддалаштириш учан ҳам жуда катта пул ажратилади. Йиллик даромади 250 минг доллардан кам бўлган фуқаролар учун солиқлар соддалаштирилади. Аксинча, йирик корпорациялар ва бой америкаликлар учун даромат солиғини ошириш кўзланади. Обама бундай чораларни мавжуд инқироздан чиқиб кетиш учун бир марталик чора эмас, келажакдаги ривожланиш учун кўприк деб атайди.

Инқироздан чиқишнинг асосий уч омили

Обама таклиф қилган режада иқтисодий инқироздан чиқиб кетишнинг учта асосий омили таъкидланади:

  1. Энергия тежамкор техникалар ёрдамида АҚШ энергетикасини рақобатбардош қилиш;
  2. Ипотека кредитига уй олган одамларнинг қарзини сотиб олган ҳолда уларнинг уйини сақлаб қолиш;
  3. Молия бозорида ишончни сақлаб қолиш, яъни америкаликларга инқироздан чиқиб кетиш бўйича айнан қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида тўлиқ маълумот бериб бориш.

Дастурнинг энергияга оид бандида мамлакатда электрокарларга ўтиш жараёнини тезлаштириш кўзда тутилади. Электрокар ва гибридли двигателга эга машина сотиб олганларга 7 минг доллар миқдорида солиқ имтиёзи таклиф қилинади ва шу тариқа ўша вақтда тўхтаб қолган электроавтомобиллар ишлаб чиқариш бизнеси яна оёққа туриши кўзланади.

Ўз уйида қуёш батареясидан фойдаланаётган одамларга ҳам солиқ имтиёзлари тақдим этилади. Фарзандларини мактабга машинада эмас, велосипедда боришга кўндирган ота-оналар рағбатлантирилади. Хоҳлаганларга қуёш батареялари имтиёз билан қўйиб берилади, бу борада ишлайдиган бизнес йўлга қўйилиб, ишчи ўринлари пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммаси АҚШнинг бошқа мамлакатлардан сотиб олинаётган нефтга муҳтожлигини камайтириш учун қилинади.

Қурилиш давлатни қутқаради

Кўпчилик доно раҳбарлар каби Обама ҳам қурилиш давлатни инқироздан олиб чиқади деб ҳисоблайди ва мамлакатда йўлларни кенгайтириш, янги йўллар қуриб, мавжудларини реконструкция қилишга 30 миллиард доллар сарфланади. Ахир йўл қурилишида минглаб одамлар ишлайди, юзлаб корхоналар иш билан банд бўлади. Асосийси эса йўл яхшиланиши мамлакат инфратузилмасига ижобий таъсир қилади.

Албатта, бундай катта дастур илм-фанни чеклаб ўтиши мумкин эмасди. Режага кўра, мактаб ва коллежларга солиқ имтиёзи тақдим этиш учун давлат бюджетидан 85,2 миллиард доллар ажратилади: «АҚШ мактабларидаги ўқувчи эртага дунёдаги исталган ишчи билан рақобат қила оладиган даражада билим олиши керак», дейди бу ҳақда Обама.

Ишсизларга янги иш ўрганиш учун бепул курслар ташкил этилади. Ипотека кредитига уй олганларга уларнинг қарзлари сотиб олинган ҳолда уйларини сақлаб қолиш имкони берилади. Бунинг учун 28,4 миллиард доллар сарфланади.

Ушбу режа эълон қилинганидан сўнг Обаманинг рейтинги кескин ошиб кетади. Нотиқликни қойиллатадиган Обама халқини катта ўзгаришлар зарур эканига ишонтира олади. Уни нафақат демократлар, балки республикачи ва партиясизлар ҳам қўллай бошлайди.

Келинг, Обама таклиф қилган ва сенат тасдиқлаган 11 йил олдинги улкан режада пул қандай тақсимланганини рақамларда кўриб чиқсак.

Ижтимоий соҳа

  • Бошланғич мактаб ва олийгоҳлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилишга — 20 миллиард доллар;
  • Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш, синфхоналарда компьютер ва лаборатория хоналари ташкил этишга — 1 миллиард доллар;
  • Талабаларнинг стипендиясини 500 долларга оширишга —15,6 миллиард доллар;
  • Коллежлардаги ишлаётган талабаларни қўллаб-қувватлашга — 490 миллион доллар;
  • Ногирон болалар учун грантларга — 13 миллиард доллар;
  • Тиббиётни компютерлаштиришга — 20 миллиард доллар;
  • Юқумли касалликларни профилактика қилиш, вакцинацияга — 3 миллиард доллар;
  • Тиббий изланишларга — 1 миллиард доллар;
  • Клиникаларни янгилашга — 1 миллиард доллар;
  • Суғурталанмаган америкаларларга тиббий ёрдамга — 500 миллион доллар;
  • Ёшларга ёзда 1 миллион иш ўрни яратишга — 1,2 миллиард доллар;
  • Иқтисодий секторда ёшлар учун иш дастурлари яратишга — 2,8 миллиард доллар;
  • Ногиронларга ёрдам бериш ва уларга иш топишда кўмаклашиш — 500 миллион доллар;
  • Ишсизларга иш топишда ёрдам беришга — 500 миллион доллар;
  • Даромади кам бўлган катта ёшлиларга иш топишга — 120 миллион доллар;
  • Ишсизликнинг олдини оладиган дастурларга имтиёзлар сифатида — 27 миллиард доллар;
  • Ишсизлик нафақасини 300 доллардан 400 долларга ошириш учун — 9 миллиард доллар.

Иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш

  • Энергия тармоқларини модернизация қилишга — 11 миллиард доллар;
  • Турар жойларни энергия тежамкор ҳолатга келтириб таъмирлашга — 2,5 миллиард доллар;
  • Темир йўллар тизимини яхшилашга — 1 миллиард доллар;
  • Автобуслар сотиб олишга — 6 миллиард доллар;
  • Канализация тизимини яхшилашга — 1,5 миллиард доллар;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқотларга — 29 миллион доллар;
  • Йўл ва кўприклар қуришга — 30 миллиард доллар.

Бизнес

  • Маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларни замонавий аккумулятор харид қилишда қўллашга — 2 миллиард доллар;
  • Эски машиналарни янгисига алмаштиришда ишлаб чиқарувчиларга ёрдам беришга — 600 миллион доллар;
  • Интернетга симсиз уланишни рағбатлантиришга — 6 миллиард доллар;
  • Кичик бизнесга кредит кафолатлашга — 430 миллион доллар;
  • Ёпиқ ишлаб чиқариш ва ҳарбий объектларни фойдаланиш учун беришга — 400 миллион доллар.

Бошқа соҳалар

  • Боқувчисиз болаларни овқат ва транспорт билан таъминлашга — 66 миллион доллар;
  • Ота-онаси билан ишлайдиган болаларга ёрдам беришга — 2 миллиард доллар;
  • Кам таъминланганларга ёрдам беришга — 24,2 миллиард доллар;
  • Ёши катталар учун ҳаракатланувчи ошхоналар ташкил қилишга — 200 миллион доллар;
  • Мактаб ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлашга — 726 миллион доллар;
  • Кам таъминланганларга электр энергия учун тўловларда ёрдам беришга — 1 миллиард доллар.

Кўриб турганингиздек, Обама таклиф қилган режа бутун мамлакатни қамраб олади. Бу режа натижасида 3,2 миллионта иш ўрни яратилиши тахмин қилинади. Обама ўта қийин паллада ўзини йўқотиб қўймасдан, давлат пулларини йиғиб ўтиришдан, АҚШ дунёдаги энг бой давлат эканини қуруқ таъкидлайверишдан фойда йўқлигини, пулларни ўрнида сарфламаса, улар йўқолиб кетишини халққа тушунтира олганди.

787 миллиард доллар биз учун жуда катта пул бўлиб кўриниши мумкин, аслида йиллик ЯИМ ҳажми 21 триллион доллар бўлган АҚШ учун ҳам бу катта пул, аммо дунёдаги энг катта давлатнинг 10 йиллик «иқтисодни тирилтириш» режаси учун бу арзирли пул. Обама бунча пулни шунчаки ҳавога учиришни эмас, бутун мамлакатни қамраган чуқур ислоҳотларга ишлатиш кераклигини айтади. Натижада, АҚШ яна ўз ўзанига тушиб олган ҳолда йўлида давом этмоқда. 11 йил аввал ҳам, бугун ҳам одамлар бу мамлакатга боришни, «Озодлик» ҳайкалини бир марта бўлса-да кўришни орзу қилишади...

Мавзуга оид