Жаҳон | 21:30
2313
2 дақиқада ўқилади

Трамп Обама юзи тасвирланган маймун видеосини эълон қилди

Видео шов-шувга сабаб бўлгач, Оқ уй ирқчилик айбловларини рад этди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп собиқ президент Барак Обама рафиқаси Мишел билан икки маймун қиёфасида кўриниш берган видеони эълон қилди. Пост Truth Social ижтимоий тармоғида жойлаштирилган.

Обама билан боғлиқ лавҳа қисқа видеонинг охирида пайдо бўлади, унда овозларни ҳисоблаш машиналари 2020-йилги президентлик сайловида (Жо Байден ғалаба қозонган) фитналарга ҳисса қўшгани айтилади. Сайлов видеоси бир неча лаҳза юқорига силжийди, сўнгра Барак ва Мишел Обама билан боғлиқ эпизод пайдо бўлади, кейин сайлов видеоси давом этади. Собиқ президент ва биринчи хонимнинг юзи пайдо бўлган пайтда «Қирол шер» мультфильмидаги қўшиқ янграйди.

Видео шов-шувга сабаб бўлгач, Оқ уй ирқчилик айбловларини рад этди. «Бу интернет-мемдан парча бўлиб, унда президент Трамп ўрмонлар қироли, демократлар эса «Қирол шер» мультфильми қаҳрамонлари қиёфасида тасвирланган», деди маъмурият матбуот котиби Кэролайн Левитт. У даъволарни «сохта» деб атади.

Ўтган ҳафтада Трамп собиқ президент Обамани Россия билан ҳамкорликда айблаб, ҳибсга олишга чақирганди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Тулси Габбард «юзлаб шов-шувли ҳужжатларни» эълон қилган, улар собиқ Америка етакчиси шахсан Марказий разведка бошқармасига Трампга нисбатан ёлғон айбловларни тўқиб чиқаришни буюрганини исботлайди. Оқ уй раҳбари буни Обама ва «унинг малайлари» томонидан амалга оширилган «тўнтаришга уриниш» деб атади.

Ўтган йилнинг ёзида Трамп Truth Social тармоғида ФҚБ агентлари томонидан Обаманинг ҳибсга олиниши акс этган сунъий интеллект яратган видеони эълон қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид