Ўзбекистон | 11:11 / 21.02.2020
24391
10 дақиқада ўқилади

Университет филиаллари, клиникалар ва инвестициялар. Туркияга ташрифи якунлари

20 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасига сафари дастуридан ўрин олган бир қанча учрашув ва тадбирларда иштирок этди. Президент куннинг биринчи қисмида Туркия ишбилармон доиралари ва компания вакиллари билан учрашган бўлса, иккинчи қисмида Туркия президенти девони Халқ кутубхонсининг очилишида қатнашди.

Қуйида ушбу тадбирлар доирасидаги эътиборга молик воқеликларни эслаб ўтамиз.

Ўзбекистонда турк университети филиали, янги клиникалар ва бошқа йўналишлар учун инвестициялар. Туркиянинг йирик инвесторлари Ўзбекистонга кириб келмоқда

Туркия бизнес доиралари ва компаниялари раҳбарлари билан учрашув пойтахт Анқарадаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари тўхтаган JW MARRIOT меҳмонхонасининг конференциялар залида ўтказилди.

Учрашувни очиб берган Шавкат Мирзиёев ўз нутқини сўнгги йилларда Ўзбекистонда қулай бизнес муҳитини яратиш бўйича қилинаётган ўзгаришлар ва хорижий инвесторларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

«Бугунги Ўзбекистонда бизнес муҳити мутлақо ўзгарган. Биз инвесторлар учун ўз эшикларимизни очдик. Мен кафолат бераманки, Ўзбекистонда инвесторларга худди Туркиядаги каби барча шароитлар яратиб берилади», деди у.

Шавкат Мирзиёев турк тадбиркорларини ҳам фаолликка чорлар экан, энди ҳаракат қиладиган вақт келганини таъкидлади.

«Сизлар бир нарсани билинглар, энди ҳаракат қиладиган пайт келди. Биз Туркия компаниялари билан ишлаш бўйича институционал тизимни йўлга қўйишимиз керак», деди президент.

Ўзбекистонга кириб келиши кутилаётган лойиҳалар

Шундан сўнг, учрашув дастури бўйича туркиялик тадбиркорлар ҳам ўз лойиҳалари бўйича тақдимот ўтказишди.

Тақдимотлар бошида Туркия Буюк миллат мажлиси режалаштириш ва бюджет ишлари бўйича комиссия раиси Лутфи Элвен сўзга чиқиб, туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича президент Эрдўғандан махсус топшириқ олгани ҳақида гапирди.

«Президентимиз бизга Ўзбекистон билан бўладиган савдо алоқаларини энг юқори даражага чиқариш бўйича топшириқ берди. Биз бунинг учун имкониятимиз даражасидаги барча ишларни қиламиз», деди у.

У Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича сезиларли ўзгаришлар қилинаётгани, бу борада энг катта амалий ишлардан бири сифатида конвертация ислоҳотида кўраётганини таъкидлади.

«Ишонтириб айтаманки, биз Ўзбекистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш учун фаол тарзда иш олиб борамиз», деди Лутфи Элвен.

Учрашувда тақдимот ўтказган Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси президенти Рифат Хисарчиклиўғлининг айтишича, 19 февраль куни имзоланган битим бўйича яқин орада Ўзбекистонда Туркия университети филиали очилади.

«Ҳурматли президент, сизнинг топшириғингиз билан кеча Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси қошидаги университетнинг филиалини Ўзбекистонда очиш бўйича шартнома имзоланди. Бу борада Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам Олий таълим вазирига топшириқ берди ва бу топшириқ натижасида эндиликда бизнинг университет филиалини Тошкентда очиш учун барча йўллаб очилди. Бу борада сиздан ёрдам кутиб қоламиз», деди Рифат Хисарчиклиўғли.

Ўз ўрнида президент Мирзиёев Туркия расмийсининг таклифлари бўйича ўз фикрини билдирди.

«Университет масаласи мен учун жуда муҳим. Жаноб Адҳамбек, (Адҳам Икромов – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси – таҳр) тезроқ бинони, иншоотларни бўшатиб беринг. Бу ишни иложи борича тез қилсак-да, буни Ўзбекистонга эълон қилсак, энг яхши хабарлардан бўлади», деди у.

Сурхондарё вилоятида аввалроқ тиббий клиника ташкил қилган Туркиянинг «Канимед Сағлиқ Чўзумлери» компанияси эндиликда Урганч ва Термиз шаҳарларида замонавий типдаги туғруқхоналар очиши кутилмоқда.

Бу борада компания бошқарув кенгаши раиси Филиз Марашиўғли Ўзбекистон президентидан клиникалар очиш учун ер майдони, давлат ва хусусий сектор шерикчилиги борасида қонунчиликнинг такомиллаштирилишини сўраб мурожаат қилди.

Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ушбу компания учун ер майдони ажратиб қўйиш бўйича топшириқ берди.

«Биз Ўзбекистонда Инвестиция бўйича янги қонун қабул қилдик ва агар унга қандайдир ўзгартишлар киритиш керак бўлса, бу масалани ҳам ўрганиб чиқамиз», деди президент.

«Дуньягоз» компанияси бош директори Эрай Капичиўғли тақдимотида айтишича, ҳар йили унинг компаниясига 166 давлатдан 100 минглаб беморлар мурожаат қилади.

«Компанияда 300 нафар кўз шифокори ва 3 мингдан ортиқ хизматчи кўз касалликлари билан оғриган беморларга хизмат кўрсатади. Кўз касалликлари соҳасида ҳар куни 24 соат давомида 30 йўналишда 500дан ортиқ амалиёт ва операцияларни амалга ошириб келяпмиз», дейди директор.

Шавкат Мирзиёев унинг Ўзбекистондаги тиббиёт суғурта тизими бўйича режалар ҳақидаги саволига 2020 йил давомида Сирдарё вилоятида тиббиёт суғурта тизими синовдан ўтказилаётганини айтиб ўтди.

«Биз келажакда суғурта тизимига ўтишимиз шарт. Кўпгина таклифларни инобатга олган ҳолда «Суғурта тўғрисида»ги қонунни қабул қиляпмиз. 

Вазирларимиз Ўзбекистонда клиника очишингиз бўйича барча шароитни яратиб беришга масъул бўлади. Ҳозиргина вазирдан сўрадим, сизга аввало Тошкентда битта клиника ва кейин бошқа ҳудудларда тизимли клиникалар қуриш бўйича йўл харитаси тақдим қилади», деди давлат раҳбари.

«Баҳчишеҳир» университети асосчиси ва раиси Анвар Южел ҳам Ўзбекистонда ўз университетини очиш истагини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда «Баҳчишеҳир» университети дунёнинг 7та давлатида, жумладан, Истанбул, Берлин, Вашингтон, Грузия ва Кипрда филиалларига эга.

«Мен шу орқали ота юрт Ўзбекистонга таълим борасида инвестиция киритмоқчиман», деди у.

Президент ушбу масалага тегишли ечим топишни Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаевга топшириқ қилиб берди. Ўзбекистонда Анвар Южел билан ҳамкорлик қилишни истовчи тадбиркорлар кўплиги ҳам қўшимча қилинди.

Туркиянинг мис, олтин, кумуш, қўрғошин қазиб чиқариш билан шуғулланувчи «Eczacıbaşı group» компанияси бошқарув кенгаши раиси Булент Экзачибаши компания Ўзбекистонга инвестиция киритишни режалаштираётганини айтиб ўтди.

«Компаниямиз темирдан бошқа қимматбаҳо металлар (мис, олтин, кумуш, қўрғошин) қазиш ва уни ишлаб чиқариш учун хомашё топиш қурилмаларини ишлаб чиқаради. Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқчимиз ва бу борадаги ишларни тезроқ бошламоқчимиз», деди у.

Шавкат Мирзиёев ушбу тадбиркорнинг Ўзбекистонда бизнес бошлаши учун керакли шароитлар яратиб берилишини маълум қилди ва бу масала бўйича ўз маслаҳатчиси Равшан Ғуломовга керакли топшириқлар берилганини айтди.

«Тошкентга борганингиздан кейин ҳеч қандай бюрократияларсиз иш бошлашингиз мумкин», деди президент.

Туркиянинг «Ronesans Holding» компанияси Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар киритади. Шунингдек, «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро ажратиш, шифохоналар ва савдо марказлари қуриш бўйича қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилган.

Учрашувда яна бир қанча бизнес вакиллари ва компания раҳбарлари Ўзбекистонда ишлаш истагини билдириб ўз тақдимотларини намойиш қилди.

Шу билан Президентнинг Туркия бизнес вакиллари тадбиркорлари билан учрашуви ўз якунига етди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон президенти томонидан делегациясининг бир қанча вакилларига Туркияда қолиш топшириғи берилган. Улар икки томонлама савдо ва инвестициявий лойиҳалар устида ишлашда давом этади.

Анқарада дунёдаги энг йирик кутубхоналардан бири очилди. Шавкат Мирзиёев маросимда олий даражадаги ягона меҳмон бўлди

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди. Ражаб Тоййиб Эрдўған ташаббуси билан бунёд этилган маҳобатли кутубхона китоб фонди (4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файл) ҳамда хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан биридир. У президент қароргоҳи – Жумҳурбашканлиги саройи ёнида жойлашган.

Очилиш маросимига таклиф этилган олий даражадаги ягона меҳмон Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Шавкат Мирзиёев нутқи давомида Анқара шаҳрини Туркиянинг тожи, Туркия президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасини эса шу тожга ярашган жавоҳирлардан бири, деб атади.

Президент нутқида бу йил улуғ алломалар Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудларига бағишланган тадбирлар ўтказилши ҳақида ҳам гапирди.

«Жорий йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилганининг 145 йиллик санаси нишонланади. Шунингдек, жорий йилда Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти, Хива шаҳри Туркий дунё маданияти пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан, туркиялик олимлар, адабиётшунос ва диншуносларни ушбу маданий-маърифий тадбирларга таклиф қиламан», деди у.

Шавкат Мирзиёев нутқи якунида «тўйга – тўёна билан» келганини айтиб, янги кутубхонага 350дан ортиқ қимматбаҳо китоблар совға қилди.

Туркия президенти ушбу қувончли айёмда Ўзбекистон президенти рафиқаси билан бирга иштирок этаётгани учун ташаккур изҳор этди. 

«Ўзбекистон биз учун маданий тасаввуримизни шакллантирган, олимларни етиштирган, илм, ирфон ва маънавий дунёмизни таъминлаган ҳаётий манбаларимиздан энг муҳимидир», деди Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Президентлар кутубхонанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этгач, янги кутубхона билан ҳам танишиб чиқишди.

Бу билан, Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева янги кутубхонанинг биринчи фахрий меҳмонлари бўлишди.

Куннинг кечки қисмида давлат раҳбарининг Туркияга 2 кунлик ташрифи якунланди.

Президентни «Эсонбуға» аэропортида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған кузатиб қўйди.

Kun.uz мухбири Илёс Сафаров
Анқара

Мавзуга оид