Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Анқарадаги теракт қурбонлари сони беш кишига етди. Эрдўған Қозонга ташрифини якунламоқда
Туркия президенти БРИКС саммити иштирокчиларини қабул қилишга бағишланган тантанали маросимда ҳам иштирок этмагани айтилди.
Анқара яқинидаги Turkish Aerospace (TUSAŞ) аэрокосмик компанияси штаб-квартирасига уюштирилган теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони беш кишига етди. Бу ҳақда Туркия ИИВ раҳбари Али Ерлиқояга таяниб, Haber Global нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужум оқибатида яраланганлар сони 22 кишини ташкил этмоқда. A Haber телеканалининг маълум қилишича (https://report.az/ru/v-regione/smi-erdogan-preryvaet-vizit-v-kazan-iz-za-terakta/), Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қозонда ўтказилаётган БРИКС саммитидаги иштирокини якунлаб, 24 октябр тонгида мамлакатга қайтади.
Маълумотларга кўра, Туркия президентининг 24 октябр кунига ҳам қатор учрашуви режалаштирилган, аммо Анқарадаги теракт туфайли у Қозонни эртароқ тарк этади.
TRT телеканалининг маълум қилишича, Эрдўған саммит иштирокчиларини қабул қилишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этмаган.
23 октябрь куни Анқарадаги TUSAŞ — ҳарбий самолётлар ва космик қурилмалар ишлаб чиқарувчи турк корпорациясининг ишлаб чиқариш объектида теракт содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда бино ичкариси ва ташқарисидаги кузатув камералари орқали олинган кадрлар намойиш этилган, уларда ҳужум қилганларнинг юзи кўриниб қолган. Маҳаллий нашрларда завод ходимлари гаровга олингани ҳақида ҳам хабар тарқалди, аммо бу маълумот ўз исботини топмади.
Орадан кўп ўтмай Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ҳужум қилганлардан икки нафари – бир эркак ва бир аёл ўлдирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, яраланганлардан уч нафари оғир аҳволда.