Ўзбекистон | 10:50 / 22.02.2020
64153
12 дақиқада ўқилади

Президент «Нархоз» бўйича янги қарор имзолайди (батафсил)

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади

Фото: KUN.UZ

Президентнинг “Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган иқтисодиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш борасида бугунги кунда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Булар:

биринчидан, шиддат билан ривожланаётган амалий жараёнлар, мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш, уни ҳар томонлама комплекс ривожлантиришга хизмат қиладиган илғор тажрибаларнинг таълим йўналиши ва мутахассисликлари ўқув режалари ва фан дастурларида ўзининг аксини топмаётганлиги, назарий билимларнинг амалиёт билан узвий боғланмаганлиги юзага келган;

иккинчидан, глобаллашув шароитида иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида юз бераётган таркибий ўзгаришлар, иқтисодчи мутахассис кадрларга бўлган янгича талабларнинг вужудга келаётганлиги, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича замон талабига мос бўлган олий маълумотли ва танқидий таҳлил қилиш компетенциясига эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилигича қолмоқда;

учинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти, касбий билим даражаси, шунингдек, амалиётда юз бераётган ўзгаришлар билан уйғун ҳолда тажрибаларини мунтазам ошириб бориш механизмларини жорий этиш, касбий маҳоратларини оширишда хорижий илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларидан фойдаланиш йўлга қўйилмаган;

тўртинчидан, олий таълим–илм-фан–ишлаб чиқариш ўртасидаги самарали интеграциянинг ўрнатилмаганлиги, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашда эскича қарашнинг сақланиб қолаётганлиги, илмий изланиш натижаларининг амалиётга жорий этиш, уларни тижоратлаштириш билан боғлиқ тўсиқларнинг мавжудлиги, ижтимоий-иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган илмий изланишларнинг реал ҳаётда мавжуд бўлган муаммолар ечимига қаратилмаганлиги оқибатида илмий фаолиятнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда;

бешинчидан, профессор-ўқитувчилар томонидан аудиторияларда профессионал даражада билимларнинг берилмаётганлиги, талабалар билимини баҳолашда адолатли ва шаффоф тизимнинг яратилмаганлиги, талабаларнинг ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларини самарали ташкил этилмаганлиги битирувчиларнинг меҳнат бозори талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги ҳамда мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётганлигига олиб келмоқда.

Қуйидагилар Тошкент давлат иқтисодиёт университети фаолиятини янада такомиллаштириш, олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари этиб белгиланади:

меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган, иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқлари учун замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли кадрлар тайёрлаш, битирувчиларнинг касбий-малака даражасини халқаро меҳнат бозорида тан олинишини таъминлаш;

таълимнинг сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кредит-модуль тизимига ўтиш ва жаҳондаги етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларини татбиқ этиш асосида ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни таъминлаш;

замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига эга бўлган, мультимаданий ва мультилингвистик муҳитда дарс бера оладиган, тадқиқот кўникмаларига эга бўлган, Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес олдида турган аҳамиятли вазифаларнинг ечимини топа оладиган янги авлод профессор-ўқитувчиларини шакллантириш;

мустақил таълим соатлари улушини 60 фоизгача ошириш, талабаларда танқидий, ижодий ва креатив фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўқув жараёнида компетенцияларни кучайтиришга қаратилган методика ва технологияларни жорий этиш.

Университетда 2020/2021 ўқув йилидан:

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурлари ҳамда тегишли таълим йўналишлари бўйича ўқув режалари ва фан дастурларини Университет томонидан мустақил тасдиқлаш;

таълим йўналишларини оптималлаштириш орқали талабалар қабулини асосан “Иқтисодиёт” таълим йўналишида амалга ошириш, биринчи ва иккинчи ўқув йилида “Умумий иқтисодиёт” факультети базасида математика, математик аппарати мавжуд бўлган фанлар, ахборот технологиялари, иқтисодиётда фундаментал фанлар бўйича чуқур билимларни бериш;

талабаларни 3-курсдан селекция орқали алоҳида гуруҳларга ажратиб махсус дастурлар асосида ўқитишни ташкил этиш ва уларнинг соҳалар бўйича билим даражалари ҳамда қизиқишлари бўйича мутахассисликларга ажратишни йўлга қўйиш;

“Статистика” ва “Туризм” таълим йўналишлари бўйича талабаларнинг бакалавриат босқичидаги ўқиш муддатини 3 йилдан кам бўлмаган тарзда амалга ошириш амалиётини жорий этиш ҳамда унинг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

талабалар амалиётини мақсадли ташкил этиш ва ишга жойлашишига ҳар томонлама кўмаклашиш, потенциал иш берувчилар рўйхатини шакллантириб бориш ва ҳамкорлик қилиш, шунингдек аввалги битирувчилар салоҳиятидан унумли фойдаланишга қаратилган “Эндаумент” фондини ташкил этиш;

таълим жараёнларини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, масофавий таълим хизматларини ривожлантириш, вебинар, онлайн, «blended learning», «flipped classroom», «spin-off» технологияларини амалиётга кенг жорий этиш;

ўқув жараёнига коучер усулини (маслаҳат ва тренинг усули) киритиш ва коучерларни жалб қилиш орқали талабаларга маълум бир касбий мақсадга эришишга ёрдам бериш тизимини жорий этиш;

таянч докторантлар, докторантлар ва мустақил изланувчиларнинг ўз илмий тадқиқот ишларини ҳимоя қилиш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда шаффофлигини таъминлашга қаратилган электрон платформани яратиш, унда илмий мақолалар, илмий-услубий ишланмалар, ихтиро ва кашфиётлар ҳамда тадқиқотнинг бошқа натижалари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб бориш тизими йўлга қўйилади.

Университет фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.

Университетга юксак мустақил фикрлашга қодир, маънавий-ахлоқий фазилатли кадрлар тайёрлашни кўзда тутувчи қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари юкланади:

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Академик лицейини муваффақиятли тугатган ўқувчиларга бакалавриат босқичига ўқишга кириш учун тест натижаларида олган умумий баллнинг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш тартибини жорий этиш;

рақамли университет моделига ўтиш асосида таълимни бошқариш, сифатни назорат қилиш, талабалар билимини баҳолашнинг электрон тизими жорий этилади, бошқарув ва ўқув жараёнларига инсон омили таъсири минималлаштирилиб, коррупциянинг олдини олишга қаратилган шаффоф механизмни яратиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқарув тизимини жорий этиш, халқаро стандарт талабларидан келиб чиқиб, ўқув, илмий тадқиқот ва ташкилий жараёнларни самарали йўлга қўйиш.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида алоҳида бўлинма сифатида “Университет 3.0” халқаро ўқув ва илмий-инновацион тадқиқотлар маркази ташкил этилади.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

Электрон университет концепцияси доирасида ўқув, ўқув-услубий ва илмий тадқиқот соҳалари фаолиятини рақамлаштириш, ҳужжатлар айирбошланишини автоматлаштириш;

университет битирувчиларининг миллий ва халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида уларга таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича олий маълумот дипломи билан бир қаторда халқаро миқёсда тан олинган (ACCA, CIMA, CFA ва бошқ.) диплом ва сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш;

Оммавий очиқ онлайн-курсларни яратиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ўқув режаларида белгиланган замонавий фанларнинг видео ва аудио маърузаларини тайёрлаш, уларни глобал интернет тармоғига жойлаштириш.

Белгилаб қўйилишича, давлат бюджети маблағлари, шартнома асосида таълим ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, илмий-техник дастурларга ажратилган грантлар, илмий-инновацион бизнесни ривожлантириш учун учинчи шахслар томонидан ажратилган мақсадли молиявий, ҳомийлик, хайрия маблағлари, корхона ва ташкилотлар билан хўжалик шартномаларини амалга оширишдан олинган даромадлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Университет Васийлик кенгашига иқтисодиёт тармоқларининг кадрларга бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, шунингдек истиқболда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тўлов-контракт миқдорларини Университетнинг ўз харажатларини қоплаш даражасидан келиб чиқиб мустақил белгилаш тизимига ўтиш ҳуқуқи берилади.

Университет ректорига қуйидаги ваколатлар берилади:

илмий тадқиқотлар соҳасида университет профессор-ўқитувчилари, изланувчилари ва ходимларни Scopus, Web of science, Science Direct ва бошқа халқаро илмий-техник базалар тизимига кирувчи илмий журналларда илмий мақолалар чоп этганлиги, шунингдек, илмий-услубий, илмий тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар бажарилишидан келиб чиқиб, иш ҳақига 200 фоизгача устамалар белгилаш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида янги таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, ўқув режа, фан дастурлари ва таълим бериш муддатларига ўзгартиришлар киритиш.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва университет ректорига 2020 йил 1 майга қадар президентнинг ПФ-5812-сонли фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, университетга бириктирилган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган техникумлар ҳамда кўп тармоқли ўқув марказлари ва амалиёт полигонларини ташкил этиш учун берилган касб-ҳунар коллежлари фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда тасдиққа киритиш вазифаси юкланади.

Аҳолининг кенг қатлами, айниқса, мамлакатнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган ёшларнинг олий таълим билан қамровини кенгайтириш ҳамда хорижий фуқароларни ўқишга жалб этиш мақсадида Университетда 2021/2022 ўқув йилидан масофавий ўқитиш шакли (онлайн, вебнет, вебинар, e-learning дастури ва ш.к.) тажриба тариқасида ташкил этилади.

Университет балансида бўлган Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани, Навабот ҚФЙда жойлашган “Иқтисодчи оромгоҳи”ни қайта таъмирлаш ишларига, хусусан Австриянинг Кремс амалий фанлар университети билан ҳамкорликда Тоғ туризми, Туризм ва дам олиш менежменти таълим йўналишлари бўйича амалиёт дарсларини ташкил этиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилиги шаклида меҳмонхона, кўнгил очар иншоотлар, туризмни ривожлантиришга қаратилган турли инфраструктуралар қурилишига рухсат берилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Университетнинг хусусий сектор вакиллари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатадиган, таълим ва илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришга хизмат қиладиган кўп тармоқли “TSUE-INVEST” масъулияти чекланган жамиятни ташкил этиш таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар “TSUE-INVEST” масъулияти чекланган жамиятнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

аутсорсинг асосида таълимга хизмат қиладиган ва Университет инфраструктураларини ривожлантиришга қаратилган турли мулк шаклидаги корхона ва компаниялар ҳамда халқаро молия ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномаларни имзолаш;

Университетнинг моддий-техник базасини модернизациялаш, замонавий бино ва иншоотларни қуриш, ўқув ва илмий лаборатория жиҳозларини харид қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш;

халқаро ва маҳаллий инвесторларни жалб қилган ҳолда таълим ва илмий тадқиқотлар соҳаларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган инвестицион лойиҳаларда фаол иштирок этиш;

Университет профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва иқтидорли талабалар томонидан яратилган инновацион ғоя ва ишланмаларни тижоратлаштиришга кўмаклашиш, пуллик таълим хизматлари кўламини кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича буюртмалар портфелини шакллантириш.

Мавзуга оид