Жамият | 15:00 / 24.02.2020
18528
3 дақиқада ўқилади

Кулишни унутган она: бир фарзандини йўқотди, иккинчисига жигарини бермоқчи!

Бу аёл нега бунчалик ғамгин? Умуман кулмай қўйган. Кўзидан тинимсиз ёш оқади. Ҳаёт унга иккинчи синовини тайёрлаб қўйган экан. Бу имтиҳон Гулбаҳор Сулаймоновани янада оғирроқ эзди, қаддини букиб қўйди.

Гулбаҳор опа тўрт йил аввал 26 ёшли ўғли Илҳомжонни ерга берганди. Тақдир зарбасини қарангки, бугун яна бир ўғли Жамшид Сулаймонов ҳам укасини олиб кетган дард – жигар циррози билан курашмоқда.

– Жамшиджоним бир йилча аввал ҳам яхши ишлаб юрганди, – дейди Г.Сулаймонова. – Гриппга чалинди, поликлиникага олиб бордик. Шифокор кўрган заҳоти ўғлимда цирроз бошланганини айтди. Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. Афсуски, у ерда ҳам маҳаллий шифокор айтган оғир хабарни эшитишга мажбур бўлдим. Даволатишни бошладик. Қаердаки умид бўлса, ўғлимни олиб боряпман. Яқинда шифокорлар цирроз касаллигини Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида даволаш мумкин эканлигини айтиб қолишди. 

Шундан сўнг текширувлардан ўтдик. Донор сифатида ўз жигаримни ўғлимга беришим мумкин экан. Бизда умид уйғонди. Худодан сўрайман, менга бошқа фарзанд доғини кўрсатмасин. Ўғлимнинг болалари бор. Уларнинг, бизнинг бахтимизга шифо беришини сўраб, дуо қиляпман.

Оила бу йигитнинг соғайиб кетиши учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Гулбаҳор опанинг айтишича, ҳозир улар истиқомат қилиб турган Булунғур тумани “Истиқлол” маҳалласидаги уй сотувга қўйилган. Савобталаб инсонлар ёрдами билан Жамшиднинг даволаниши учун кетадиган 35 минг АҚШ долларнинг маълум қисми йиғилди.

Мусибатли кунларни бошидан ўтказаётган она бугун халқимизга мурожаат қилмоқда. Бу оилага ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган инсонлардан Аллоҳ рози бўлсин!

Жамшид Сулаймонов учун хайрия мақсадида очилган пластик карталар:

Click: 8600 1309 7459 5904

Zelle (АҚШ, Европа): +13472655976

Sberbank (Россия, Туркия): 639002069035665841

Жамшиднинг онаси Гулбаҳор опанинг телефон рақами: +998939985544

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири,
тасвирчи Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид