Жаҳон | 23:45 / 25.02.2020
15876
2 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусдан вакцина одамларда синала бошланади

АҚШнинг Moderna биотехнологик компанияси янги турдаги Covid-19 коронавирусидан mRNA-1273 деб номланган вакцинани тақдим қилди. Вакцина одамларда апрелдан бошлаб синалиши режалаштирилмоқда. 

Бу ҳақда компания сайтида маълум қилинган.

Таъкидланишича, вакциналар солинган ампулаларнинг илк партияси одамларда синаш учун АҚШнинг аллергик ва юқумли касалликлар тадқиқот институтига (NIAID) жўнатилган.

Қайд қилинишича, вакцина рекорд муддатда – коронавирус геноми аниқлангандан 42 кун ичида яратилган. Уни яратиш устида юзлаб мутахассислар ишлаган.

NIAID директори Энтони Фосининг маълум қилишича, вакцина синалиши апрелда бошланиши керак. Бунинг учун 20-25 нафар соғлом кўнгилли таклиф қилинади. Уларга вакцинанинг хавфсизлигини ва вирусдан ҳимояланиш учун зарур бўлган иммун жавоб шаклланишини баҳолаш мақсадида вакцинанинг 2 дозаси киритилади.

Таъкидланишича, синовларнинг илк натижалари июль ёки августда пайдо бўлиши мумкин. Агар синовлар муваффақиятли ўтса, вакцина бир неча ойдан кейин кенг қўллана бошланади. 

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан касалланганлар сони 77658 нафарга, бутун дунё бўйлаб эса 80098 нафарга етди. Вафот этганлар сони Хитойда 2663 нафарни, бутун дунё бўйлаб эса 2702 нафарни ташкил қилмоқда.  

Ҳозирда бир нечта давлатларда коронавирусга қарши вакцинани яратиш устида ишлар олиб борилмоқда. Аввалроқ Хитойда коронавирусга қарши самарали вакцина ишлаб чиқилгани, бироқ уни ҳали синовдан ўтказиш ва охиригача етказиш кераклиги маълум қилинганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид