Жаҳон | 22:59 / 25.02.2020
20345
2 дақиқада ўқилади

Миллиардер Уоррен Баффетт дунёдаги энг яхши бизнесни маълум қилди  

Berkshire Hathaway компанияси раҳбари ва миллиардер Уоррен Баффетт CNBC телеканалига интервьюсида Apple корпорациясини “эҳтимол, у кўрган дунёдаги энг яхши бизнес” деб атади.      

Фото: Nati Harnik / AP

Сармоячининг айтишича, у бу компанияни нафақат Berkshire Hathaway эгалик қиладиган акциялар (компания Apple’нинг 5,5 фоиз акциясига эга), балки шахсий бизнеси сифатида қабул қилади. “Бу ақлбовар қилмас компания. Мен уни аввалроқ муносиб баҳолашим керак эди”, деб айтган Баффетт

Миллиардер яқинда ўзининг Samsung телефонини iPhone’нинг охирги версиясига алмаштирганини тан олган. Баффеттнинг таъкидлашича, унга яқинда бир нечта смартфон совға қилишган. Улардан бирини Apple бош директори Тим Кук совға қилган. Миллиардернинг айтишича, у аксарият одамлар каби гаджетнинг ҳамма имкониятларидан фойдаланмай, уни кўпроқ қўнғироқ қилиш учун ишлатади.

Баффетт ўз интервьюсида Хитойда коронавирус эпидемиясига ҳам изоҳ бериб, у сармоячиларнинг акциялар бўйича қабул қиладиган қарорларига таъсир қилмаслиги кераклигини айтган. “Ўйлашимча, бу сиз акциялар билан бажараётган ҳаракатларга таъсир қилмайди, бироқ инсонийлик нуқтайи назаридан, бу даҳшатли нарсадир”, деб таъкидлаб ўтган миллиардер.

Баффетт коронавируснинг ўз компаниясига таъсири ҳақида тўхталиб, юз бераётган воқеалар компанияга таъсир қилмаслигини айтган. “Биз бизнесни унга 20 ёки 30 йил эгалик қилиш учун сотиб оламиз. Фикримизча, 20 ёки 30 йиллик прогноз коронавирус сабабли ўзгармади”, деб қўшимча қилган Баффетт.

Мавзуга оид