Спорт | 19:21 / 26.02.2020
15162
5 дақиқада ўқилади

Канчельскисда яхши имконият: «Навбаҳор» совриндор бўлишга лойиқ таркиб йиғди

Янги мавсум олдидан клублардан репортажлар тақдим этиб келаётган Kun.uz ва Tribuna.uz объективида бугун – Наманганнинг «Навбаҳор» клуби.

Наманганлик мухлислар футбол баҳсларини соғинганини «Навбаҳор» клуби томонидан ўтказилган янги футболчиларни таништириш маросимида сездик. Жамоа раҳбарияти тақдимотни стадионда ўтказиб қўйса ҳам бўлаверар экан. Сабаби, маросимга кўп сонли мухлислар келди.

Ўзбек футболига кўплаб иқтидорларни етказиб берган «Навбаҳор»нинг садоқатли мухлислари жуда кўп. «Лочинлар»нинг ўз стадионидаги ўйинлари доим мухлислар билан тўла ҳолда ўтса, ишқибозлар меҳмондаги ўйинларда ҳам клубни ёлғизлатиб қўймайди.

Бизни ҳайрон қолдирган жиҳат – мухлислар жамоа машғулотларига ҳам келиб, футболчиларга далда бўлиб туришар экан.   

Машғулотлар ўтказиладиган майдонда бош мураббий Андрей Канчельскисдан клубдаги мавсум олди тайёргарлик ҳақида сўрадик.

«Суперлига ўйинларига режа асосида тайёргарлик кўряпмиз. Туркияда 20 кунлик ўқув-машғулотлари йиғини ўтказдик. «Пахтакор» билан бўладиган илк ўйин бизни чемпионатга қай даражада шай эканлигимизни кўрсатиб беради.

Тўғриси, мен учун биринчи ўйинни Тошкентда ўтган йилги чемпионга, айни пайтда ОЧЛда тўп сураётган жамоага қарши ўтказиш ёқимли ҳолат. Ўзимизга ишоняпмиз, ишонч яхши туйғу. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади.

Бу йил жамоага янги келган легионерларга эътибор қаратадиган бўлсак, Руслан Боловдан кўп голлар уришини кутяпмиз. Ўтган йили Александр Касьян мавсум аввалида голлари билан жамоани ўзига ишончини оширган эди. Боловдан ҳам худди шундай натижаларни кутяпмиз.

«Навбаҳор»нинг қизиққон ва содиқ мухлислари бор. Футболчиларимиз уларнинг ҳурмати учун ҳар бир ўйинда бор кучини бериб ўйнашга ҳаракат қилади. Ишқибозлар ҳам футболчиларимизнинг уларни хурсанд қилиш учун майдонга тушаётганимизни ҳис қилиб туришади. Бизни мунтазам қувватлаб келаётган ишқибозларга алоҳида ташаккурларимни айтиб ўтаман. Янги мавсумнинг ҳар бир ўйинида уларни қувонтириш учун ғалабали онларни ҳадя қилиш учун майдонга тушамиз.

Айни пайтда вақтдан ўзиб, «Навбаҳор» мавсум охирида юқори ўринларни эгаллайди, дея олмайман. Шуни айтишим мумкинки, биз ҳар бир ўйинда майдонга жанговар руҳда, ғалаба қозониш учун тушамиз», –дейди клуб бош мураббийи Андрей Канчельскис.

Яримҳимоячи Азимжон Аҳмедов «Навбаҳор» ҳеч қайси жамоадан қўрқмаслигини таъкидлади.

«Бугунги «Навбаҳор»нинг таркибига тўхталадиган бўлсак, жамоага анча тажрибали футболчилар йиғилган. Мавсум олдидан барча ўйинчилар ҳам йиғилиб, мавсум давомида мухлисларни хурсанд қилишга, майдонда бор кучимизни бериб ўйнашга келишиб олдик.

Такрор айтаман, бу йилги таркибимиз кучли. Ишқибозлар шунча йил сабр қилишди. Мана шу жамоа билан уларнинг ишончини оқлаб, ОЧЛ мусобақаларида қатнашиш учун ҳаракат қиламиз. Мухлисларга айтар сўзим – биз ҳеч қайси жамоадан чўчимаймиз, чунки бизни доим қўллаб турадиган зўр ишқибозларимиз бор. Биз «Навбаҳор» клуби мухлисларини биринчи ўйинда «Пахтакор» стадионида кутиб қоламиз», – деди Аҳмедов.

Жамоага Жавлон Иброҳимов, Забихилло Ўринбоев, Руслан Болов, Ислом Рашидхонов, Хуршид Мухторов, Ислом Исоқжонов, Тоҳир Шамсиддинов, Сардор Теляков, Анвар Ҳожимирзаев каби ўйинчилар жалб қилинди.

Ўтган мавсумда Наманганда тўп сурган Ўткир Юсупов, Азимжон Аҳмедов, Иван Соловьёв, Ғиёсжон Комилов, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Аббос Ғуломов, Абдужамол Исроилов, Азизбек Турғунбоев, Амирбек Жўрабоев, Абдулҳай Исмоилов, Комил Тожиддинов сингари футболчилар билан тузилган шартнома муддатлари узайтирилди.

Ёшлар жамоасида ўзларини кўрсатган Ислом Абдуллахонов, Шаҳзодбек Ҳамидов ва Ҳусайн Эргашбоевлар ҳам асосий таркибга киритилди.

Хуршид Мухторов (ҳимоячи):

– Мавсум олди тайёргарликлар жуда яхши ўтди. Машғулотларни Тошкентда бошлаган бўлсак, кейин йиғин Анталияда давом этди. Ҳамма шароитлар етарли бўлди. Яхши жамоалар билан ўртоқлик ўйинларини ўтказдик. Худо хоҳласа, «Навбаҳор» бу йилги чемпионатга тайёр, деб ўйлайман.

Бахтиёр Нурматов, «Навбаҳор» футбол клуби директори:

– Янги мавсумга тайёргарлик, ўқув-машғулот йиғинларида молиявий ва бошқа ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келганимиз йўқ. Вилоят ва шаҳар ҳокимлари, барча ҳомийлар қўллаб-қувватлаб туришибди. Ўйлаймизки, мавсумни кўтаринки руҳда бошлаймиз, юқори савияда ўйнаб, чемпионлик учун кураш олиб борамиз.

Кўриб турганингиздек, «Навбаҳор» клубининг асосий майдони шай ҳолатда. Машғулот майдонлари ҳам юз фоиз тайёр.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид