Турнинг марказий учрашуви 28 март куни «Навбаҳор» ва «Андижон» клублари ўртасидаги водий дербиси бўлди. Намангандаги баҳсда Сергей Лушан шогирдлари 2-дақиқадаёқ ҳисобни очганди, кўп ўтмай Гилерме Гедешнинг автоголи сабаб ҳисоб тенглашди – 1:1.
Иккинчи бўлимда Ғуломов 51-дақиқада мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, кейинроқ Меҳанович қизил карточка олиб, меҳмонлар бир киши кам бўлиб қолишди. Шунга қарамай, андижонликлар Тейдининг 90+7-дақиқадаги автоголи эвазига сафардан очко билан қайтадиган бўлишди – 2:2.
«Навбаҳор» янги мавсумни «Динамо» билан дурангдан бошлаган (0:0), кейин эса сафарда «Сўғдиёна»дан устун келганди (3:2). Эндиликда наманганликлар 5 очко билан турнир жадвалининг 6-ўрнида жойлашган. «Андижон» учун эса тақвим мураккаброқ эди, Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиблари аввалига водий дербисида дебютант қўқонликлар билан дуранг ўйнаган (1:1), кейин амалдаги чемпион «Насаф» билан ҳам шундай дуранг ҳисоб қайд этилганди (1:1), Наманганда қаторасига учинчи дурангини қайд этган жамоа турнир жадвалида ҳозирча 9-ўринда.
Тошкентдаги баҳсда Луис Качорри 43-дақиқада ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса «қалдирғочлар» яна иккита гол уришга муваффақ бўлди. 74-дақиқада Ашортиа пеналтини голга айлантирган бўлса, 90-дақиқада Качорри дубл муаллифига айланди. Энди у 4 гол билан чемпионат тўпурарлари рўйхатини бошқармоқда.
Меҳмонлар сафида ягона голни қўшимча дақиқаларда Муҳаммадали Абдураҳмонов пеналтидан киритди.
Бу натижадан сўнг Илёс Зейтуллаев шогирдлари 7 очко билан 2-ўринга кўтарилиб олди. Термиз клуби эса ҳамон очко тўплай олмаган ҳолда сўнгги поғонани банд этиб турибди.
«Пахтакор» ўз майдонида кутилмаганда «Динамо»га ютқазиб қўйди.
Учрашувнинг 56-дақиқасида мезбонлар рақиб дарвозасини ишғол этишганди, аммо гол офсайд ҳолати туфайли инобатга олинмади. Бир неча дақиқа ўтиб меҳмонлар ҳужумчиси, тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб, Суперлигада ўтган мавсум кашфиёти бўлган Анваржон Ҳожимирзаев ўз имкониятидан унумли фойдаланди ва ғалаба голини урди.
Фаворит устидан қозонилган ғалаба эвазига самарқандликлар очколари сонини 7 тага етказди ва турнир жадвалида 3-ўринга жойлашди. Жамоа уч ўйинда ҳам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
ОЧЛдаги иштироки туфайли биринчи турни ўтказиб юборган «Пахтакор» кейинги икки ўйинда ютқазди (2-турда ОКМКга 0:2 ҳисобида) ва бирорта очко ололмасдан, турнир жадвалида 15-ўринда жойлашган, тошкентликлар тўплар нисбати эвазига фақат 16-ўриндаги «Сурхон»дан яхшироқ ҳолатда.
Турнинг марказий учрашувларидан яна бири, бу мавсум учун чемпионликка даъвогарлар сифатида кўрилаётган «Насаф» ва «Нефтчи» ҳам ўзаро дуранг ўйнади. Ушбу дуранг фарғоналиклар учун жорий мавсумдаги учинчиси бўлди. 3-турдан сўнг жамоа ҳисобида 3 очко мавжуд. Қаршиликлар эса икки дуранг, бир ғалаба билан 5 очко тўплаб турибди.