Ўзбекистон | 16:30 / 26.02.2020
23644
4 дақиқада ўқилади

«Straus House» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан суд иши бошланмоқда

2020 йил 27 февраль куни соат 10:30да жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди биносида судланувчилар - «Straus House» МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов, «Straus House» МЧЖ директории А.Махмуталиев, «Straus House» МЧЖ директори ўринбосари Д. Қутпиддинов ва «Straus House» МЧЖ бош ҳисобчиси О.Саидовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар беришича, мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси О.Илҳомжонов раислигида кўриб чиқилади.

Судланувчи И.Исроилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг «б» банди, 168-моддаси 4-қисмининг «в» банди, 168-моддаси 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)нинг 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш)нинг 1-қисми, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисмининг «а» банди ва 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 3-қисмининг «а» банди билан айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган.

Судланувчилар А.Махмуталиев, Д.Қутпиддинов ва О.Саидовга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилинган ва уларга нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланган.

Ушбу жиноят иши бўйича 300дан ортиқ жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарлар мавжуд.

Айблов хулосаси бўйича моддий зарар миқдори 7,9 миллиард сўмдан ортиқ (7 906 800 200) бўлиб, шундан дастлабки тергов мобайнида 1,8 миллиард сўмдан ортиқ (1 845 800 000) миқдорини бартараф этиш чораси кўрилган.

Дастлабки терговда хатланган мол-мулк - 4та «Лассети», «Спарк» ва «Малибу» русумли автомашиналар баҳоланган ҳамда Юнусобод тумани Кулолқўрғон кўчасида жойлашган хонадонга тақиқ қўйилган.

«Жабрланувчилар кўплиги ва турли ҳудудлардан бўлгани боис, уларни суд мажлисларида иштирок этиши яшаш жойларидаги судлар биноларида ўрнатилган видеоконференцалоқа тизими орқали таъминланади», дейилади Олий суд матбуот хизмати ахборотида.

«Straus House» МЧЖ мансабдор шахслари 2019 йил сентябрь ойида қўлга олинган эди. Улар ўтган йилнинг январь-апрель ойлари давомида 90 кун муддат ичида Жанубий Африка Республикасидан «Ostrich» зотли туяқуш (страус) жўжасини етказиб бериш юзасидан шартномалар расмийлаштириш орқали фуқароларнинг ишончига кириб, республиканинг турли вилоятларида яшовчи 300дан ортиқ фуқародан жуда кўп миқдорда пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда гумон қилинган.

2020 йил январь ойи бошида «Straus House» МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ўз ниҳоясига етгани ҳақида хабар берилганди.

25 февраль куни «Straus House» жабрланувчилари ҳукуматдан ёрдам сўраб Вазирлар Маҳкамаси олдида тўпланди, улар тергов тугаганига қарамай, суд бошланмаётганидан норозилик билдиришди.

Мавзуга оид