15:03 / 27.02.2020
0
9050

Тожикистон қатор мамлакатлардан келаётганлар учун карантин жорий қилди

Тожикистонга Япония, Жанубий Корея, Италия ва Эрондан келаётганларнинг барчаси карантинга жойлаштирилади

Фото: Asia-Plus

Тожикистонга Япония, Жанубий Корея, Италия ва Эрондан келаётганларнинг барчаси 27 февралдан бошлаб карантинга жойлаштирилади. РИА Новости хабарига кўра, бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг ўринбосари Мирҳомуддин Камолзода хабар берди.

«Тожикистонга Япония, Жанубий Корея, Италия ва Эрондан келаётганларнинг барчаси 27 февралдан бошлаб карантинга жойлаштирилади. Ушбу чоралар Тожикистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун амалга оширилмоқда. Бунга қадар фақат Хитойдан келган фуқаролар карантиндан ўтказилаётганди», - деди у.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, коронавирус ҳолатлари қайд этилган Япония, Жанубий Корея, Италия ва Эрондан келаётганлар икки ҳафта давомида шифокорлар назорати остида бўлишади. 

Шунингдек, 25 февраль куни Тожикистон Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарадаги назоратни кучайтирди. 

Мирҳомуддин Камолзоданинг хабар беришича, бундан буён Ўзбекистон ва Афғонистондан кириб келганларнинг барчаси (сабаби, кўплаб фуқаролар Жанубий Кореядан Тожикистонга Ўзбекистон орқали келади) аэропорт ҳамда назорат-ўтказиш пунктида санитар назоратдан ўтказилади - уларнинг тана ҳароратини ўлчашади, яшаш манзили бўйича рўйхатга қўйишади. 

Тожикистон расмийлари Кобул билан авиақатновларни тўхтатиш масаласини ҳам кўриб чиқаётгани маълум қилинди.

Бундан олдин, Саудия Арабистони зиёратчиларнинг мамлакатга киришини вақтинчалик тақиқлагани хабар қилинганди. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top