Жамият | 16:56 / 28.02.2020
17535
4 дақиқада ўқилади

«Буюк кўллар» — Ғузордаги муаммоларга «ботган» маҳалла янги ном олди

Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани йўлларидаги машаққат бу ҳудудда ҳаракатланувчиларнинг ҳеч бирига бегона эмас. Аммо туман марказида жойлашган «Буюк карвон» маҳалласидаги йўл азоби чандон оғирроқ.

Бу — «Буюк карвон» маҳалласидагиларнинг эътирофи. Улар маҳалла номини ҳам ўзгартириб олишибди — «Буюк кўллар»!

Очиғини айтиш керак, ички йўллар билан ҳали-бери мақтана олмаймиз. Аммо ҳар қандай муаммонинг чегараси, тоқат қилиб бўлмай қоладиган даражасини англаймиз. Буюк карвонликлар хусусан, йўл масаласида тоқат қилиб бўлмас вазиятга келиб қолишган. Улар йўллар ва кўчиб кирилганига эндигина бир йил тўлган намунавий уйлар ҳолатидан арз қилишмоқда.

«Бу уйлар кам таъминланганлар учун мўлжалланган бўлиб, ўтган йилнинг бошларида кўчиб кирдик. Ҳозир бу уйларда истиқомат қилаётганларнинг аксарияти ҳақиқатан ҳам кам таъминланганлар: кимдир ёлғиз она, бошқаси қўл учида кун кўради, яна бири мавсумий ишчи. Уйнинг умумий нархи эса 352 миллион 960 минг 515 сўмни ташкил этади.

Ойига бир-бир ярим миллион сўм даромад билан ишлаётганлар бор. Уларга яшаш, уйларнинг кредитини тўлаш қанчалик оғир эканини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. Демоқчиманки, шунча машаққат билан олган уйимизда ҳам ҳаловат кўрмаяпмиз. Ноқулайликлар юзага келяпти, сифатсиз қурилгани учун уй деворлари нураб боряпти», — дейди Моҳичеҳра Низомова.

Намунавий уйларни иситишнинг имкони йўқ. Қозонхоналарни ўтин ёрдамида иситишга уриниб кўрганларнинг аллақачон ҳафсаласи пир бўлган. Улар бутун қиш давомида қўлбола печлардан фойдаланиб, уй иситишган. Қозонхонада ўтин ёки кўмир ёқишса, уйнинг ичи дудга тўлиб кетади. Деярли барча хонадонларда шу ҳолат кузатилгач, улар қозонхонадан омборхона сифатида фойдалана бошлаган.

«Икки юз метрча наридан табиий газ ўтган. Оёғимиз тагидан оқиб ўтаётган неъмат бизга насиб қилмайди. Бизнинг нима айбимиз бор?!», дея табиий газ қувурлари ўтган томонга ишора қилди Шокир ота Эргашев.

Намунавий уйларда яшаётган буюк карвонликлар уйига меҳмон чақирганда, мана шу йўллардан ўтиб боришларига тўғри келади.

Бу уй эгалари кўчиб ўтганига эллик йил бўлгани йўқ, албатта. Аммо мана бу ванна «Титаник» кемасида ишлатилганми, деб ўйлаб қоласиз.

«Пойдевори нотўғри қуйилгани сабабли бошқаларникига қараганда, бизнинг уйимиз 20 сантиметр кичик бўлиб қолган. Натижада, уй жиҳозларини жойлаштиришнинг имкони бўлмаяпти. Кимга мурожаат қилишни билмайман», — дейди Ҳабиба Аҳмедова.

Қизиқ, бу уйларни қуриб, фойдаланишга топширган масъуллар «арзон уй-жойлар» деганда нимани назарда тутишди экан? «Арзон» деганда — қўл учида ишни битириш, кам меҳнат сарфлаш, сифатсиз қурилиш кўзда тутилганмиди? Ваҳоланки, умумий нархи 352 миллион 960 минг 515 сўм бўлган, қозонхона талабга жавоб бермагани учун электр печларда уй иситиб, ойига 400-500 минг сўм электр энергияси учун тўлов қилган, бир томчи сувни ҳам сотиб олаётган шу инсонларнинг уйи арзонми? Бизнингча, бу ерда ИНСОН ҚАДРИ АРЗОН!

Дарвоқе, Ғузор марказидаги деҳқон бозор йўлидан ўтар эканмиз, таниқли бир санъаткорнинг ибораси ёдга тушди: «Ғузорга бориб, белимгача пулга, тиззамгача лойга ботдим...»

Атиги бир ой олдин Шаҳрисабз туманида ҳам шу каби муаммони ўрганиб, айнан намунали уйларда қозонхона номига қўйилгани ва ишламаслигига гувоҳ бўлгандик. Ғузорда ҳам шу ҳолат экани бизни сергак торттирди. Табиий газ бўлмаган жойда қандай қилиб табиий газга мослашган қозонхона қурилган? Агар у бирор муқобил ёқилғида ҳам ишлаши кўзда тутилган бўлса, нега ҳозир ишлатиб бўлмаяпти? Шу каби саволларга Қашқадарё масъуллари бу сафар жавоб топишар, деган умиддамиз.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид