11:30 / 29.02.2020
8
24325

Олимларга етиб келмаётган пуллар, махфий маълумотлар ва оқсаётган таълим — геолог Носир Шукуров билан суҳбат

Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти катта илмий ходими, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси, геолог олим Носир Шукуров Kun.uz мухбири билан суҳбатда геология фани олдида турган вазифалар ҳақида айтиб ўтди.

Носир Шукуров/Фото: KUN.UZ

Суҳбат давомида олим геологияда илмий тадқиқотлар оқсагани сабаблари, олий таълимда геология бўйича мутахассислар ва ёш олимлар тайёрлаш сифатини гапириб, шунингдек геология келажаги борасида ўз таклифларини билдириб ўтди.

«Маблағ йўқлиги ҳисобига геологиянинг илм-фан соҳаси ривожланмай қолди»

– Маблағ йўқлиги ҳисобига геологиянинг фан соҳаси ривожланмай қолди, айниқса, фундаментал тадқиқотлар. Инновацион ва амалий тадқиқотлар кўпайиб боряпти, чунки бу замон талаби, аммо олим афсуски, грант ва хўжалик шартномалари ҳисобига ойлик олишга мажбур.

Фикрни бир жойга жамлаб, китоб варақлаб, назарияларни кўриб чиқиб, илмий анализ қиладиган олимлар камайиб кетган. Чунки геология соҳасида фаолият юритувчи олимлар учун базавий молиялаштириш механизми йўқ. Сенда лойиҳа бор, грант бор, демак – сенда иш бор. Сенда грант йўқ, лойиҳа йўқ – сен бўшсан. Бу олимни пул кетидан қувишга ўргатяпти.

Фундаментал лойиҳаларнинг танловдан ўтиши қийин, ёшлар унга бормайди, молиявий стимул йўқ. Шундай бўлгандан кейин, кичик ишланмалар қилишади: мавжуд структураларни ўрганиб, такомиллаштирилади, мавжуд конларни атроф қанотларини кенгайтириш бўйича иш қилинади.

Яқинда геолог олимлар ва ишлаб чиқарувчилар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида Навоий кон металлургия комбинати 15 млн доллар маблағ ажратамиз, Геоинновация маркази қуриш ва замонавий аналитик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун, деб эълон қилишди. Албатта, бу биз учун жуда қувонарли хабар бўлди.

НКМК раҳбари Қувондиқ Санақулов бизда замонавий илғор усуллар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда ер қаърини ўрганиш, геология фанининг охирги ютуқларини қўллаган ҳолда фойдали қазилма конлари генезиси ва локализациясини ўрганиш бўйича фундаментал тадқиқотлар орқада қолиб кетаёганини таъкидлаб ўтди.

Бизга аниқ кон бор жойларни белгилаб беринглар, биз маблағ сарфлаб ўзлаштирайлик дейишди. Геологияда ернинг юза қисмидаги кўпчилик конларни қидириб, топиб бўлишган. Чуқур қисмидаги конларни топиш учун эса литосферанинг қуйи қатламларидаги структураларни ўрганиш бўйича чуқур фундаментал тадқиқотлар ўтказиш зарур. Бу энг катта муаммолардан саналади.

Ишлаб чиқариш тезлиги ошгани сари захираларнинг умумий қиймати камаймоқда. Давра суҳбатида, шунингдек, ишлаб чиқаришдан келган вакиллар «Яқин 5-10 йилгача заҳирамиз бор, кейин нима қиламиз? Бизга бу муаммоларни ҳал қилишда ёрдамингиз керак. Бизга 5-10 йиллик катта лойиҳала қилиб беринглар. Мурунтовга, Қалмақирга ўхшаган конлар топилса, харажат ўзини оқлайди», дейишяпти.

Бир нарсани эътиборга олиш керакки, бу конлар ўз-ўзидан топилиб қолмаган, орқасида қанча-қанча тадқиқотлар ётибди. Янги конлар топилиши, геологиянинг ривожланиши учун юқорида айтганимдек вақт, маблағ, шароит талаб қилинади.

Геология соҳасида олиб борилаётган фундаментал илмий тадқиқотларнинг оқсагани сабабларидан бири – йирик-йирик комбинатлар, конларимиз бор, лекин уларни очган олимга ёки институтга топилган фойдали қазилма конидан олинган фойдадан дивидент, яъни маълум миқдорда фан учун маблағ тўланмайди.

Бошқа соҳалар, масалан, олимлар кимё корхоналари учун амалий ишланма қилиб патентлайди ва шундан уларга дивидент келиб туради.

Фойдали қазилма конларидан олинаётган фойданинг маълум қисмини геология фани соҳасига ажратилганида, ҳозир шу ҳолатга тушилмасди. Олим кон топгани билан унга рағбат билдирилмаса, фойдаси йўқ.

«Геология учун кўп пул ажратганмиз, олимлар қаёққа қараяпти, дейиляпти. Лекин бу пуллар олимга етиб келмайди...»

– Институтимиз Фанлар академиясидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ўтказилгандан кейин фундаментал тадқиқотлар янада қийинлашди. Бу ерда геологик қидирув ишлари деган соҳа бор, геологияга ажратиладиган маблағ асосан шу йўналишга сарфланади. Президентимиз геологияга жуда кўп пул ажратяпмиз, олимлар қаёққа қарайди, деяпти. Лекин бу пуллар олимгача етиб келмайди.

Биз олимлар геология қўмитасига маблағ ажратиши тўғрисида кўп бора мурожаат билан чиққанмиз. Геологлар билан бир қанча вақт олдин ўтказилган селекторда ҳам нега кон топилмаяпти, деган масала қўйилганди. Шунда ҳам бизда илм-фан қисми оқсаяпти дейишганди.

Лекин вақтида: «Чуқур геологик тадқиқотлар бизга керак эмас, 4-5 йилда натижа берадиган лойиҳалар қилинглар», дейишган. Шунинг учун ҳам кейинроқ бизнинг институтимиз йўналиши бироз ўзгарди.

Иккита энг асосий вазифаларидан бири – литосферанинг чуқур қатламлари тузилишини ўрганиш. Коннинг асосий қисми шу литосферада бўлади. Айнан шу йўналишдаги назариялар асосида конлар топилган. Масалан, Мурунтов ва Қалмақир ўша назариялар меваси.

Фикримча, геология соҳасидаги фундаментал тадқиқотларни молиялаштириш механизмини яратиш керак. Бу тадқиқотларни геологик қидирув ишларига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштириш имконсиз. Асосий сабаб – бу маблағлар доирасида амалга ошириладиган ишлар ишлаб чиқариш характерига эга.

Геология-қидирув ишлари учун ажратилган пул фан учун, айнан фундаментал тадқиқотлар ўтказаман, деган олим учун эмас, афсуски. Георазведка учун алоҳида, илмий тадқиқотлар учун алоҳида маблағ ажратиш керак.

Геология соҳасига ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида уларни 2-та мақсадли молиялаштиришга бўлиш: 1. Анъанавий геологик қидирув ва разведка (ГРР) ишлари учун; 2. Геология соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни молиялаштиришни «Илмий тадқиқот ва ишланмаларни режалаштириш, молиялаштириш ва харажатларни ҳисобга олиш бўйича услубий йўриқнома» асосида амалга оширилишини таъминланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Фундаментал тадқиқотлар ўтказиш учун тайёрланган лойиҳалар танловини доимий ўтказиб бориш ва бу лойиҳаларнинг давомийлигини 5-10 йил муддатга белгиланса, яхши натижаларга эришиш мумкин. Бу бўйича салоҳият бор деб ҳисоблайман.

5 ё 10 йиллик муддат билан лойиҳалар берсин, илмга эътибор муддатни талаб қилади. 10 йил деса, кўпчилик қўрқади, гўёки бекорга пул сарфланаётгандай кўринади. Аслида ундай эмас, кўр-кўрона ҳар ерни кавлаб ташлагандан кўра илмга пул тикиб натижасини кутиш керак.

«Геология-қидирув ишлари илм-фан дегани эмас»

– Геологик қидирув ишлари учун берилаётган пуллар бекорга кетяпти, деб айтмаяпман, аммо чуқур фундаментал тадқикотларсиз бу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг самараси камроқ бўляпти, деб ўйлайман.

Ўрганилаётган ҳудудда чуқур фундаментал тадқиқотлар ўтказилган тақдирдагина бурғулаш ва канавалар қазиш учун сарфланадиган маблағлар анча тежалади. 700-1000 метрлик чуқурликда бурғулаш олиб боришади, бунинг учун жуда катта пул сарф қилинади.

Кўпчиликда қотиб қолган бир тушунча бор: геология-қидирув ишларини илм-фан деб ўйлашади. Бу ҳам нотўғри. Бу аслида ишлаб чиқариш. Чунки қидирув ишларидаги ҳисоб-китоб ва маош пул сарфлашга асосланган. Яъни сиз маълум миқдордаги суммани сарфласангиз, шундан сизга маош чиқарилади.

Камроқ иш ҳажмини (сарф-харажатни) расмийлаштирсангиз, маошингиз ҳам шунга яраша бўлади. Сиз кўпроқ пулни китоб варақлаганингиз, илмий ва назарий таҳлил қилганингиз учун эмас, неча километр маршрут ўтганингиз, канава қаздирганингиз, кимёвий ва минералогик таҳлиллар қилдирганингиз учун оласиз.

Яъни ифодали қилиб айтганда 100та таҳлил ва 2та канава билан ёзса бўладиган ҳисоботингизни 1000та таҳлил 10та канава ўтказиб ёзишга мажбурсиз. Акс ҳолда, кам пул сарфлаган бўласиз ва маошингиз ҳам шунга яраша чиқади.

«Абитуриентлар геологияга ўзи қизиқиб ўқишга кирмайди»

– Таълимнинг оқсагани ҳам шунга бориб тақалади. Геологияга абитуриентлар ўзи хоҳлаб бориб ўқишга кирмайди. Қандайдир имтиёзлар, ҳарбий кафедра борлиги сабаб ҳужжат топширишади. Айнан геолог бўламан деб борадиганлари жуда озчиликни ташкил қилади.

1993 йили геокимё йуналишида 70 яқин талаба ўқишни тугатган. Шулардан атиги 7тасигина (шулар ичида мен ҳам) геология соҳасида ишлаб келмоқда, қолганлари бутунлай бошқа соҳаларда ишлаб кетишди.

Гарчи олий таълимда мунтазам ишламасам-да, докторантурада ўқиган вақтим, бир муддат талабаларга дарс берганман. Бир гуруҳдаги 20 нафар талабадан 6 киши ростан ҳам геологияга қизиқарди. Қолган салмоқли қисми у жойга диплом учун кирган: баъзиси мен барибир бу соҳада ишламайман, деса, баъзиси органда ишлайман, дейди.

Геолог олимлар яхши пул топадиган бўлса, соҳага кўпроқ маблағ ажратилса, албатта геолог олимлар сафи кўпаяди. Негаки, нима учун ҳарбий ёки орган соҳасига қизиқади – сабаби ойлик маоши юқори. Маоши бошқа касблардан кам бўлмаган даражага етказилса, албатта илм юқорилайди.

«Магистрларни илмий фаолиятга боғлайдиган тизим бўлиши керак»

– Фикримча, магистратурада ўқийдиган талаба илмий текшириш институтида албатта ишлаши керак. Унга бериладиган мавзу ҳам ўзи ишлайдиган лабораториядан олинса, яна ҳам яхши бўларди.

Мен Хитой Фанлар академиясининг Геология-геофизика институтига борганимда талабалар кўплигини кўриб ҳавас қилганман. Қизиқиб кўрганимда аниқладимки, магистратура талабалари ўз университетларида ўқиш билан бир қаторда илмий ишларини академия тизимидаги институтларда қилишади. Талабанинг илмий раҳбари эса университетдан бўлиши шарт эмас, илмий тадқиқот институтидан бўлиши ҳам мумкин.

Бизда эса олий таълим тизимида ишламайдиган илмий тадқиқот институти олими илмий раҳбар бўлиш ҳуқуқига эга эмас. Ўзим ҳам магистрларга раҳбарлик қилиш тизими йўқлиги сабабли кўпчилик шогирдларимга расман илмий раҳбар бўла олмаганман. Гарчи уларнинг илмга кириб келишларига асосий сабабчи бўлсам ҳам. Магистрантларга илмий раҳбарлик масаласи жиддий кўриб чиқилиши керак.

Илмий текшириш институтларида фаолият юритувчи олим-устозлар ва магистр-шогирдларнинг расмийлик даражасини аниқлаштириш – бу ҳам ислоҳ қилиниши зарур жараёнлардан. Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида магистрларни илмий фаолиятга боғлайдиган тузилма ташкил этиши мумкин, масалан. Яъни бу олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларини магистрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Магистрларни фанга яқинлаштирмоқчи бўлса, ИТМ ўзлари учун магистрлар тайёрланиши таклифи билан чиқиб, илмий раҳбарлигини ҳам олишлари керак. Инновацион ривожланиш вазирлиги эса бу ҳамкорликни мувофиқлаштирувчиси бўлади.

Геологияда маълумотларнинг махфийлиги

– Геологияда жуда кўп маълумотлар махфий ҳисобланади. Шундай қийинчилик даврлар бўлганки, нуфузли грантлар ютган пайтим ҳам, асосий талаб қилинадиган нарса – тоғ жинсларидан намуна олиб чиқмаслик бўларди.

Мен шуғулланадиган соҳа тупроқ ва ўсимлик кули намуналарини ўрганиш билан боғлиқ бўлгани туфайли кўп кимёвий ва минералогик таҳлилларни ўзимизда ўтказишимизга тўғри келган. Хорижда, асосан, бу ердаги олинган натижаларни уларнинг статистик таҳлил услублари асосида кўриб чиқардим. Ёки улардаги ҳудудларда ҳамкорликдаги тадқиқотлар ўтказиб таққослаган ҳолда олинган натижалар бўйича мақолалар чиқарганмиз.

Тўғри, ҳамма маълумотларни очиб ташлашни иложи йўқ. Ҳар бир давлатнинг ўзига яраша сири бўлиши керак. Тўлиқ очиб ташлашга мен ҳам қарши бўлардим. Жаҳон амалиётида кўпчилик маълумотлар ҳар 5-10 йилда сирлигини йўқотади, бу маълумотларни очиб қўйиш мумкин. Улардан геологик-геофизик тадқиқотларда маълумотлар базаси сифатида самарали фойдаланса бўлади.

«Фанда кўпчилик оламшумул илмий кашфиётлар бир қанча фан соҳаларининг туташган қисмида амалга ошган»

– Илмда биогеокимё ва экологик геокимё йўналишидан кетганман. Кўпчиликка кимё ёки биология ҳақида гапирсам, геологияда нима қилиб юрибсиз, ҳам дейишади. Аслида бу йўналишнинг геология соҳасидаги ўрни беқиёс.

Фанда кўпчилик оламшумул илмий кашфиётлар бир қанча фан соҳаларининг туташган қисмида амалга ошган. Биогеокимё ва экогеокимё йўналиши ҳам геология, кимё ва биология фанларининг ўзаро туташган қисмида шаклланган. Бу йўналиш маъдан конларини топишда ўсимлик кули ва тупроқ таркибидаги даракчи элементларнинг миқдорини ўрганиш орқали уларнинг тарқалиш майдонларини аниқлашга асосланган.

Иккинчи замонавий қўлланилиш соҳаси бу – экологик-геокимё, яъни тоғ-кончилик ва саноат корхоналарининг атроф-муҳит экологиясига таъсирини ўрганади. Ўсимлик, сув ва тупроқ таркибидаги зарарли ва оғир металларнинг тарқалиш ареолларини ўрганиш орқали атроф-муҳит экологиясини жуда аниқ баҳолаш мумкин.

Охирги 10 йилликдаги илмий тадқиқотларим атроф-муҳит ифлосланишини экогеокимёвий усуллар ёрдамида баҳолаш билан бир қаторда, тоғ-кончилик корхоналари чиқиндилари таркибидаги металлар миқдори ва учраш шаклларини ўрганиш ва захираларини баҳолаш орқали уларни ноананавий кон сифатида қайта ишлаб чиқаришга жалб этган ҳолда атроф-муҳитни техноген чиқиндилардан тозалаш бўйича давом этмоқда.

Номзодлик диссертация ҳимоясидан сўнг, Исроил давлатида ЮНЕСКО илмий стипендиялар дастури бўйича постдокторантурада ўқиганман. У ерда тупроқ экологияси ва микробиологияси бўйича ўз илмий тажриба ва салоҳиятимни ошириб қайтдим. Кейинроқ INTAS YS, NATO SPS, TWAS, Alexander von Humboldt, Fulbright халқаро илмий стипендиялар дастурлари доирасида Германия, АҚШ, Греция, Швецария, Ямайка, Хитой давлатларининг университет ва илмий марказларида таниқли олимлар билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бордим, тажриба орттирдим. Асосийси, инглиз тилида мақола ёзиш ва уларни нуфузли халқаро журналларда чоп этиш бўйича бебаҳо малакага эга бўлдим.

Ҳозирда мақолаларим Web of Sciences ва SCOPUS тизимидаги журналларда анчагина, иқтибослик даражаси ҳам анча юқори.

«Захираларни фақат кон топиш эмас, технология ҳисобига ҳам кўпайтириш мумкин»

– Бизда яна бир йўналиш ривожланиши керак. Чиқиндилар тоғ-кончиликдаги асосий муаммолардан бири ҳисобланади.

Қазиб олинаётган мавжуд маъданлар, тоғ-кончилик чиқиндиларини тўла ўзлаштириш лозим. Уларнинг таркибида жуда кўп фойдали қазилмалар бор. Масалан, таркибидаги мис миқдори кондагидан кам, лекин унинг технологияси яратилса, янги конни партлатиб мис қазиб олишдан кўра зарарсиз ва арзонга тушади. Яъни захираларни фақат кон топиш эмас, технологиялар яратиш ҳисобига кўпайтирса бўлади.

Ҳамма жойни кон қилиб ташлаш ҳам мумкин эмас, ўзи шу икки кон ҳам атроф-муҳитга анча-мунча зарар келтиряпти.

Олтин қазиб олишни 90 тоннадан 130 тоннага кўтаришлари ҳақида эшитдим. Менимча, шу миқдорни ўзини ушлаб туриш етарли бўлар эди, ундан ортиғи табиат учун ортиқча босим бўлади.

Кўпинча юқоридан тушадиган буюртма асосида иш қилинадиган бўлиб қолган. Ҳозир ҳам шунақа. Бажарилган ўша буюртма учунгина пул берилади. Лекин олимнинг ижодкорлиги-чи?! Олим фақат буюртма бажараверса, ишлаб чиқарувчига айланиб қолмайдими? Олимда қандай ғоя бор, буни билиш керак.

Чет элда илмий лойиҳаларни беришда «bottom-up» – пастдан тепага деган тушунча бор. Ғоялар пастдан чиқиши керак.

Кейин олимлардан фикрлар олиняпти-да, йўл хариталари тузиляпти. Бунда ҳам ўйлаб иш тутиш керакки, бирданига катта кўтарилиш бўлиб кетмайди, ва шуниси тўғри. Илмга эътибор қаратилиб, пул тикиляптими, демак, ундан кейин вақт керак, кутиш керак. Эътибор давомий бўлса, натижаси бўлади, албатта. Аёнки, ҳамма нарса давомийликка боғлиқ.

Бугун кўтар-кўтар бўлиб эртага эсдан чиқса, унақада ривожланиш бўлмайди. Ҳозир бўлиб турган баъзи жараёнлар, тадбирлар, мажлислар, «тезда бажариш керак» – ҳаммаси протокол учун бўлаётгандай таассурот қолдиряпти. Бунда айнан жуда қисқа муддатлар қўйилаётгани, шахсан менга ёқмаяпти.

Менинг илмий гуруҳимда 8 нафар олим ишлаймиз. Биз фундаментал лойиҳамизга узоғи 3 кишини тўлиқ штатда олишимиз мумкин. Қўшимча олинса, бошқаларнинг улуши қисқариб бораверади. Ҳамма киритиладиган бўлса, 0,5 штатга ўтишимизга тўғри келади. Йўқотишни қоплаш учун хўжалик шартномалари оламиз, бу мавзудан четга чиқишга, фикр чалғишига сабаб бўлади.

Таклифлар

– Геология фани ва соҳаси ҳақидаги билим ва тушунчани мактаб ёшидан бошлаб шакллантириш керак. Кўпчилик абитуриентлар бу соҳага ҳужжат топширишга шошилмайди: аввал ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай.

Мендан геология соҳасидаги фундаментал тадқиқотлар сифатини халқаро даражага етказиш учун нимага эътибор бериш керак деб сўрашганида:

– мактабдан бошлаб ёш авлодга геология фанига оид тушунчалар беришни;

– шу йўналишда таҳсил олган талабаларга кўпроқ амалий тажриба орттириш учун имкониятлар яратиб бериш;

– магистратура босқичидаги талабаларга албатта соҳага оид илмий текшириш институтларида фаолият юритувчи олимлардан илмий раҳбар тайинлаб, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун асосий малакани бериш;

– магистратурадан кейинги босқичда имкон қадар ўзи ишлаган жамоада докторантурада илмий изланишларини давом этиришини;

– янги илмий даражага эга бўлган мутахассисларнинг иложи борича кўпчилигини ривожланган мамлакатларда постдокторантура ўтаб қайтишини тарғиб қилган бўлардим.

Шу ҳолдагина биз орзу қилган ва кутган дунё даражасидаги етук олимларнинг янги авлоди етишиб чиқади.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top