Ўзбекистон | 11:58 / 19.10.2021
4539
2 дақиқада ўқилади

Геологиясиз иқтисодиёт худди “УЗИ”сиз ишлаётган шифокорга ўхшайди – Шавкат Мирзиёев фан муаммолари ҳақида гапирди

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашув давомида илм-фан соҳасидаги ҳолат ҳақида гапирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Бизнинг геология бўйича катта мактабимиз бор эди, Ўзбекистонда қандай кучли академикларимиз бўлган, керак бўлса Францияга бориб таълим бериб келишган. Афсуски,  шу мактаб йўқ бўлиб кетди. Геологиясиз иқтисодиёт бугунги кунда худди “УЗИ” аппаратисиз ишлаётган шифокорга ўхшайди.

Мен бежиз илмга триллионлаб пул ажратмаяпман. Ҳозир ҳатто чиқит деб ҳисоблаган маҳсулотларимиздан олтин олишни ҳам ўрганяпмиз. Навоийда ёшлар билан учрашганимда кўпчилиги ўз вақтида яхши билим олмаганларига афсусланишяпти, чунки тараққиёт илмда. 

Мен Тошкент шаҳридаги учрашувга узоқ тайёрландим. Бу пойтахт. Бу ерга янги фикрлар кириб келяпти, янги ислоҳотлар кириб келяпти. Кечагина 500 та уй қурамиз деганда ҳеч ким ишонмаганди. Бугун 50 қаватли уйлар қуриляпти. 

Пойтахт бўйича бу маърузамда менинг режаларим акс этган. Истардимки, сизлар ҳам ўз таклифларингизни берсангиз, зарур ўзгаришларни киритсак.

Жиддий сиёсий синов қаршисида турибмиз. Ўйлайманки, Тошкент шаҳри сайловда ҳам ўрнак бўлади. Барча фаол қатнашиб, фақат ўзи истаган номзодга овоз беради. Фақат эскичасига бир нечта паспорт билан бориб оилавий овоз бериб келишга чек қўйиш керак. Бу сиёсатимизга хиёнат бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев расмий нутқини бошлашдан олдин.

Мавзуга оид