Apple смартфонлар эгаларига 500 млн доллар товон пули тўлашга рози бўлди
Apple компанияси унга қарши судга жамоавий шикоят қилганларга 500 млн доллар тўлашга рози бўлди. Бунга эса компаниянинг эски моделдаги смартфонларида операцион тизим янгилангандан кейин уларнинг ишлаши секинлашгани сабаб бўлган.
Компанияга қарши даъво аризасини iPhone 6, 6s, 7, iOS 10.2.1 операцион тизимига эга SE моделлари ҳамда iOS 11.2 ёки ундан кейинги версиядаги операцион тизимда ишлаган iPhone 7 ва 7 Plus смартфонлари эгалари берганлар.
Истеъмолчиларнинг таъкидлашича, уларнинг смартфонлари дастурий таъминот янгилангандан кейин секинроқ ишлашни бошлаган.
Компания жабрланувчи томонга товон пули тўлашга рози бўлган бўлса-да, унинг вакиллари эски айфонлар ҳароратлар ўзгариши, юқори юклама ва бошқа сабабларга кўра ёмонроқ ишлай бошлаган бўлиши мумкинлигини айтишган. Компанияда таъкидланишича, янгиланувчи операцион тизимлардаги камчиликлар тезкорлик билан бартараф этилган.
Apple шикоятчиларга тўлайдиган умумий пул миқдори 310 млн доллардан кам ҳамда 500 млн доллардан кўп бўлмайди. Компания ҳар бир шикоятчига 25 доллардан компенсация тўлашга тайёрлигини билдирган.