Спорт | 21:18 / 06.03.2020
7674
1 дақиқада ўқилади

Оғир атлетика бўйича Тошкентда ўтиши керак бўлган Осиё чемпионати қолдирилди  

Тошкентда оғир атлетика бўйича апрелда ўтиши керак бўлган Осиё чемпионати коронавирус эпидемияси сабабли номаълум муддатга қолдирилди. Чемпионат ўтказилиш жойи юқоридаги сабабга кўра февралда Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчирилганди.  

Фото: Adobe Stock

Бу ҳақда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) матбуот хизмати маълум қилди. 

Мусобақа 16-25 апрель кунлари Тошкентда ўтказилиши керак эди.

“Бутун дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши ва кўплаб давлатларда сафарларга киритилган чекловлар сабабли мусобақа ташкилий қўмитаси Осиё чемпионати ўтказилиш санасини номаълум муддатга кўчиришга қарор қилди”, дейилган IWF хабарида.

17 февралда IWF ижроия қўмитаси Қозоғистон ҳукумати Хитойда коронавирус тарқалиши сабабли Хитой ва у билан чегарадош мамлакатлардан бўлган йўловчиларнинг ҳаракатига чекловлар киритгани туфайли Осиё чемпионатини Ўзбекистонга кўчиришга қарор қилганди. 

Айни вақтда Ўзбекистон коронавирус тарқалиши хавфи сабабли Хитой, Жанубий Корея, Италия, Эрон, Афғонистон ва Япония билан авиаалоқаларни вақтинча тўхтатган.

 

Мавзуга оид