Ўзбекистон | 11:11 / 06.03.2020
4172
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилоти тузилади

Ўзбекистон Республикасининг болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилотини тузиш концепцияси тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилотини тузиш концепцияси тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, концепция Ўзбекистон Республикасининг болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилотининг амалий фаолиятини очиб берувчи асосий қоидаларини, мақсадлари ва устувор йўналишларини ўз ичига олади.

Концепция Ўзбекистон Республикасининг “Ёшлар давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ҳамда ёт ғоялар ва оқимларга қарши тура оладиган, мустаҳкам эътиқод ва ҳаётий қарашларга эга ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга йўналтирилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади.

Концепциянинг мазмуни ташкилотни ёшларда ватанпарварлик ва Ватанга муносиб хизмат қилишга шайликни тарбиялаш бўйича ҳаракатларнинг характери ва йўналганлигини ҳамда ушбу фаолиятнинг субъектларини ҳамкорлик қилиш жараёнидаги фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш шартларини белгиловчи асосий мақсадлар тўпламини ифода этиш орқали очиб берилади.

Ўзбекистон Республикасининг болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилоти қуйидаги кўринишдаги ташкилий-ҳуқуқий шаклга эга:

Ўзбекистон Республикасининг ёшлар давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида, ўзининг амалий фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ихтиёрийлик ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларга асосланган ҳолда олиб борувчи кўнгилли нодавлат нотижорат жамоат болалар ва ўсмирлар ташкилотини тузиш;

мамлакатнинг давлат рамзлари асосида давлат тилидаги тўлиқ расмий номи акс эттирилган айлана шаклдаги муҳр, штамп, бланклар ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган рамзий белгиларининг мавжудлиги.

Ташкилот ўз фаолиятини амалга оширишда: 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрлари, Ўзбекистон Республикасининг «Ёшлар давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни;

Ташкилотнинг Низоми ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган бошқа ҳуқуқ-меъёрий ҳужжатларга таянади.

Ташкилот аъзолари ҳарбий-маъмурий сектор маблағлари ҳисобидан кийим-кечак, жумладан формали кийим-кечак билан таъминланадилар (рўйхат ва кийиш муддатларига мувофиқ).

Ташкилотнинг амалий фаолиятини олиб бориш учун алоҳида тузилмани ташкил этиш кўзда тутилиб, қуйидагиларни:

умумтаълим мактабларида (20-25 киши) тузиладиган отрядларни (бошланғич ташкилотлар);

туман/шаҳар штабларини (туман/шаҳар мудофаа ишлари бўлимлари базасида жойлашган);

минтақавий штабларни (вилоят мудофаа ишлари бошқармалари базасида жойлашган);

ташкилотнинг бош штабини ўз ичига олади.

Марказлашган бошқарув тизимини тузиш мақсадида ташкилотга умумий раҳбарлик қилиш ташкилот етакчиси – мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари зиммасига юкланади.

Ташкилот ўз фаолиятини:

Мудофаа вазирлиги;

Ички ишлар вазирлиги;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Миллий гвардия;

Давлат хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи;

Халқ таълим вазирлиги;

Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширади.

Тадбирларнинг ўтказилиши, қоидага кўра, дарслардан ташқари ва таътил вақтида, ҳафтасига 2-4 соат давомида режалаштирилади.

Отрядларга ихтиёрий равишда истак билдирган йигитлар 10-11 синф ўқувчилари, иштирокчи бўлишлари мумкин, бунда ташкилот аъзолигига қабул қилиш ва чиқариш ташкилот Низоми билан белгиланади.

Ташкилотга чет эл фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида қонуний бўлиб турган фуқаролиги йўқ шахслар қабул қилиниши мумкин эмас.

Ташкилотга иштирокчилик ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакили) розилиги билан унинг ёзма аризаси асосида амалга оширилади ва Ташкилотнинг туман/шаҳар, минтақавий ёки бош штабининг энг яқин бўлиб ўтадиган йиғилишларида иштирок этувчилар сонидан оддий кўпчилик овоз бериш орқали йиғилиш қарори билан расмийлаштирилади.

Ташкилот иштирокчиларининг ҳисоби туман/шаҳар, минтақавий ва бош штаби томонидан юритилади.

Ташкилотнинг бош штаби ҳузурида васийлик кенгаши, туман/шаҳар ва минтақавий штаблар ҳузурида эса мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилади, уларнинг таркибларига Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вакиллари киритилади. Бунда, кўрсатиб ўтилган вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳудудий тамойил ва ташкилот штабларининг мавқеидан келиб чиқиб тайинланадилар.

Васийлик (мувофиқлаштирувчи) кенгаш доимий коллегиал орган ҳисобланиб, қуйидаги мақсадларда тузилади:

мустаҳкам эътиқод ва ҳаётий қарашларга эга ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирларни ташкиллаштириш, режалаштириш ва ўтказиш;

ташкилот фаолиятини методологик, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал этиш;

отрядлар (бошланғич ташкилотлар)нинг фаолиятини туман/шаҳар, минтақавий штаблар ва бош штаб билан мувофиқлаштириш;

ташкилот олдида турган вазифаларни амалга ошириш мақсадида давлат, жамоат ташкилотлари ва уларнинг минтақавий бўлинмалари билан самарали ҳамкорлик тизимини яратиш;

ижобий жамоат фикрини шакллантириш учун оммавий ахборот воситаларида ташкилотнинг амалий фаолиятини ёритиш бўйича улар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;

отряд командирлари ва штаб раҳбарлари билан уларнинг малакасини ошириш, ташкилот фаолиятини такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича семинарлар ва ўқув-услубий йиғинлар ўтказиш;

ўзларини яхши кўрсатганларни рағбатлантириш (тегишли имтиёзлар бериш) ва қабул қилинган талабларни бузган шахсларни жавобгарликка тортиш масалаларини кўриб чиқиш.

Ташкилотнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси ёшлар давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш;

такомиллашаётган, билимдон, рақобатбардош, бефарқ бўлмаган, мустаҳкам ахлоқий негизга эга, ўзгарувчан шароитларга мослаша оладиган ва янги ижодий ғояларни қабул қилишга тайёр болалар ва ўспиринлар шахсини ҳар томонлама ривожлантириш ва такомиллаштириш;

эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқе эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакатни, халқни ва ўз оиласининг фаровонлигини ва ривожланишини юксалтириш орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;

ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш учун қўшимча шароитларни яратишга йўналтирилган мажмуавий чора-тадбирлардан иборат бешта ташаббусни амалга татбиқ қилиш;

ёшларни турли хавфли ғоялар таъсиридан ва ташқаридан “оммавий маданият” ниқоби остидаги салбий таъсир ўтказилишидан сақлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликни ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича ишларни олиб бориш, уларга қўл урмаслиги бўйича амалий ёрдам ва огоҳлантириш ишларини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизматни ўташ ва унга тайёрланиш бўйича ижобий мотивацияни шакллантириш;

мактабдан ташқари таълимда ёшларни тарбиялашда ва бандлигини таъминлашда замонавий усуллар ва йўналишларни татбиқ қилиш.

Ташкилотнинг амалий фаолиятидаги асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ватанпарварлик йўналиши – ватанпарварлик руҳидаги тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш, тарихий мемориалларни ва ёдгорликларни қўриқлаш, ҳарбий ватанпарварлик ташкилотлари билан ишлаш, ҳарбий музейларнинг реконструкция қилиш ҳамда турли форумларда қатнашиш;

экологик йўналиши – ҳудудда экологик вазият мониторингини амалга ошириш, жойларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларида қатнашиш, минтақанинг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳақида ғамхўрлик қилиш;

кўнгиллилар (волонтёрлик) йўналиши – қариялар ва ўспиринларнинг қийин ҳаётий вазиятларини мониторинг қилиш ва қийин ҳаётий аҳволга тушиб қолганларга ёрдам кўрсатиш ёшларни жиноий фаолиятга жалб қилинишидан шунингдек экстремистик ва бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишидан огоҳлантириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид