22:00 / 07.03.2020
0
29080

Профессор, ҳоким, ўқитувчи ва «Зулфиячи»: Президент мукофотлаган хотин-қизлар билан суҳбат

Бугун, 8 март куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар компанияси павильонида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва ватан равнақи, халқ фаровонлиги, соғлом ва баркамол авлод тарбияси, оила ва жамият асосларини мустаҳкамлаш йўлидаги муносиб хизматлари учун бир гуруҳ хотин-қизларни юксак унвон, орден ва медаллар билан мукофотлади.

Президент байрам табригида ҳаж зиёрати учун йиққан маблағини маҳалладошларига беғараз ёрдамга сарфлаган риштонлик тадбиркор Израбу Усмонова, қишлоқ аҳли учун ўз ҳисобидан «Мумтоз» номли катта кутубхона очган сайхунободлик Гавҳар Ҳусанова, 32 ёшида Америка Қўшма Штатларидаги нуфузли Колумбия университетининг профессори бўлган Азиза Шоназарова каби хотин-қизларнинг фаолиятини алоҳида таъкидлади.

Байрам тадбирида қатнашган Kun.uz мухбири фаолияти президент томонидан эътироф этилган хотин-қизларнинг бир нечтаси билан суҳбатлашди.

«Орден беришларидан хабарим йўқ эди»

Азиза Шоназарова

«Бугун ҳаётимдаги энг бахтли кунлардан бири. Президент мени «Дўстлик» орденига лойиқ кўрди. Рости, бундан хабарим йўқ эди», – дейди байрам ва мукофотланиш хурсандчилиги билан гапирган Азиза Шоназарова.

 Мукофотни олаётганда Шавкат Мирзиёев билан бир неча дақиқа суҳбатлашдингиз. Айтинг-чи, президент сизга нима деди?

— Азиза, биз сиз билан фахрланамиз. Ўзбекистонга тез-тез келиб туринг, деди.

Мен Ўзбекистонга йилда бир-икки марта келиб тураман.

Марказий Осиёда тасаввуфнинг ривожланишида аёлларнинг қўшган ҳиссаси мавзусига қизиқаман. Докторлик диссертациям ҳам Марказий Осиёда сўфий аёллар ва гендер тарихи билан боғлиқ.

Шу сабабли, президентга ҳам эндиликда Ўзбекистонга тез-тез келиб туришимни айтдим.

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш бўйича алоҳида дастур тузилгани катта воқелик. Бу аёлларга нисбатан ҳурмат белгиси.

«Мулоқотда очиқлик, халқ билан маслаҳатда ишлаш ва ташаббускорлик – янгича ишлашнинг асоси»

Зулайҳо Маҳкамова

Президент бугун биз хотин-қизларни нафақат байрам билан табриклади, балки олдимиздаги бир йиллик учун жуда муҳим вазифаларни белгилаб берди, дейди Тўрақўрғон туманининг янги ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.

— Одатда вилоят ва туман раҳбарларининг айримлари эскича фикрлагани учун танқид қилинади. Айтинг-чи, бугун янгича фикрлайдиган раҳбар, ҳоким деб кимларни айтиш мумкин? Сиз ўз иш фаолиятингизда нималарга кўпроқ эътибор бермоқчисиз?

— Бу борада президент Шавкат Мирзиёев фаолияти бизга яхши намуна бўла олади.

Мулоқотда очиқлик, турли масалаларда халқ билан маслаҳатда ишлаш ва доимий ташаббускорлик – янгича ишлашнинг асоси деса бўлади.

Бугун қайсики раҳбар ана шу фикр, хулоса билан ишлаётган экан, демак у янги давр руҳига мослаша олган.

Мен туман ҳокими сифатидаги фаолиятимда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, спорт, умуман, барча йўналишларда тўрақўрғонликлар билан кенгашиб иш қилишга, улар билан доимий ва энг муҳими, самимий мулоқот ўрнатишга ҳаракат қиламан.

Бу борадаги ишларимизни илм-маърифатга асосланган ҳолда ҳолда ташкил қиламиз.

Маълумот учун, Зулайҳо Маҳкамова шу йилнинг 4 март куни Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими вазифасига тайинланган эди.

«Кутубхонамизни жуда тез мева берадиган мевали дарахтга ўхшатаман»

Гавҳар Ҳусанова

Фаолияти президент томонидан эътироф этилган аёллардан яна бири Гавҳар Ҳусанова. Ундан президент фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани ҳамда қишлоқ аҳолиси учун ташкил қилган кутубхона ҳақида сўрадик.

 2004 йилда Гулистон давлат университетининг филология йўналишни тамомлаб, ўрта мактабда ўқитувчилик фаолиятини бошладим.

2015 йилда турмушга чиққанимда янги оиламга 470дан ортиқ китоб билан келганман. Қарангки, қайнонам ҳам она тили ўқитувчиси бўлгани учун уйимизда мингдан ортиқ бадиий китоблар бор эди. Қарабсизки, қайнонам иккимизнинг китобларимиз қўшилиб уйда мўъжазгина кутубхона ташкил бўлди.

Қайнона-келин ўқитувчилик фаолиятимизда ўқувчиларга бадиий китобларни ўқишни уйга вазифа қилиб берардик. Ўқувчилар эса китобларни бизникига келиб ўқишарди.

Бориб-бориб уйимиздаги кутубхона бутун бир қишлоқ аҳолиси фойдаланадиган кутубхонага айланди.

2018 йилда аҳолига маданий-маиший хизмат кўрсатувчи марказ очдик. Унинг ичида албатта кутубхона ҳам бор эди.

Ҳозирга келиб кутубхонамизда 8670дан ортиқ китоб тўпланган.

Мен кутубхонамизни жуда тез мева берадиган бир мевали дарахтга ўхшатаман.

«Мукофот қанчалик катта бўлмасин, у қизболага оила ва фарзанд ўстиришдек аҳамиятли бўлолмайди»

Бугун президент Шавкат Мирзиёев фармони билан йигирма саккиз нафар фаол қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида қашқадарёлик Мадина Норчаева ҳам бор.

Мадина Норчаева онаси билан (Facebook саҳифасидан олинди)

— Мадина, аввало мукофот билан табриклайман ва бироз ўйлантирадиган савол бермоқчиман. Шу пайтга қадар 311 нафар қизлар бу мукофот билан тақдирланган экан. Ўзингиз ҳам эшитгансиз, одатда “Зулфиячи” қизларни ҳар сафар мукофот олгандан кейин йўқолиб қолишда айблашади.

— Табрик учун раҳмат. «Зулфия» мукофоти бу йил йигирманчи бор топширилаётган экан. Ўйлайманки, бунда бир сирли маъно бордек.

Сиз берган саволга келсак. Фикрингиз тўғри ва буни қиз боланинг оила ва жамиятдаги вазифалари билан ҳам боғлаган бўлардим.

Бу мукофот кўп ҳолларда ёш жиҳатидан ҳам турмушга чиқишга яқин турган ёки турмушга чиққан қизларга насиб қилади. Қизлар турмушга чиқади ва янги оиладаги янги муҳит, келинлик бурчи, фарзанд тарбияси ҳамда кўпчилик оилаларда қиз болага нисбатан қўйиладиган чекловлар сабаб ўз қобилиятларини тўла намоён қилолмай қолишади. Ўйлайманки, мана шу нуқтада хотин-қизларга кўпроқ кўмак, ёрдам зарур.

Иккинчидан, мукофот қанчалик катта бўлмасин, у қизболага оила ва фарзанд ўстиришдек аҳамиятли бўлолмайди.

«Зулфиячи» қизларнинг мукофотни олиб жим бўлиб кетишини сабабларини шуларда кўраман.

Лекин биз жим бўлиб кетмоқчи эмасмиз. Ижодий изланишда давом этамиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top