Жаҳон | 21:59 / 10.03.2020
27023
5 дақиқада ўқилади

Афғонистон: АҚШ ҳарбийларини олиб кетмоқда, мамлакатда икки номзод президентликка қасамёд қилган

Қўшма Штатлар «Толибон» ҳаракати билан тинчлик битими доирасида ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишнинг биринчи босқичини бошлади.

GETTY IMAGES

Биринчи босқичда Вашингтон ўз ҳарбийлари миқдорини камайтиришни режалаштирган. 28 февраль куни Доҳада имзоланган битимга кўра, кейинги 4,5 ой - 135 кун ичида Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сони 13 мингдан 8,6 минг нафарга туширилади.

Толиблар келишувга тўлиқ риоя қилишса, америкалик ҳарбийлар 14 ой ичида Афғонистонни тўлиқ тарк этиши лозим.

Афғонистон ҳукумати «Толибон» ҳаракати билан келишувни имзолаш жараёнида иштирок этмаган.

Мамлакат президенти Ашраф Ғани аввалроқ келишувнинг бир шартини бажармаслигини айтганди - бу «Толибон»нинг асирликдаги аъзолари музокаралар олдидан қўйиб юборилиши билан боғлиқ шарт эди. Аммо душанба куни Афғонистон президенти бу ҳафтада қамоқдаги мингдан ортиқ асирларни озод қилиш тўғрисидаги фармонига имзо чекиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Восита ва ваколат
Ўтган ҳафтада толиблар Ҳилмандда афғон армиясига уюштирган ҳужумга жавобан АҚШ авиацияси ҳаво зарбалари йўллаши «Толибон» билан келишув тақдирини хавф остида қолдирганди.

Аммо душанба куни «Толибон» қарама-қаршиликни тўхтатишга чақирди, шундан кейин Афғонистондаги Америка қўшинларининг (USFOR-A) расмий вакили полковник Сонни Леггетт АҚШ ҳарбийларни олиб чиқишни бошлашини эълон қилди.

Шу билан биргаликда, Леггетт Афғонистонда қолаётган америкалик ҳарбийлар ИШИД ва «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳларига қарши аксилтеррор амалиётларини давом эттириши ва Афғонистон хавфсизлик кучларига кўмак кўрсатишини айтган.

«Вазифаларимизни бажариш учун зарур бўлган барча ҳарбий воситалар ва ваколатларимиз бор», деган у.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва «Толибон»нинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар

Толиблар билан келишувда қуйидагилар кўзда тутилган:

  • Агар толиблар келишув шартларига амал қилишса, АҚШ 14 ой ичида ўз қўшинларини олиб кетади
  • Келишув имзоланганидан кейин толиблар ва афғон ҳукумати ўртасида музокаралар бошланиши керак
  • «Толибон» ўз аъзоларидан ҳеч кимга Афғонистон ҳудудида АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига дахл қилишга йўл қўймайди
  • 10 мартга қадар АҚШ ва Афғонистон ҳукумати 5 минг маҳбусни, «Толибон» ҳам минг маҳбусни қўйиб юборади.

Америкалик ҳарбийлар Афғонистонни тарк этаётган вақтда мамлакатда икки томонлама тинчлик музокаралари келажагига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган воқеалар бўлиб ўтди. Душанба куни ўтган йилнинг сентябрида ўтказилган президентлик сайловлари якуни бўйича икки номзод ҳам ўз инаугурация маросимини ўтказди.

Икки инаугурация ва сайловларнинг икки «ғолиби»
Афғонистон сайлов комиссияси сайловда амалдаги президент Ашраф Ғани кичик фарқ билан ғалаба қозонганини маълум қилган, аммо унинг мухолифи, мамлакат бош вазири Абдулла Абдулла ҳам ўзини ғолиб деб эълон қилган ҳамда Ғанининг тарафдорларини сайлов натижаларини сохталаштиришда айблаган.

Ашраф Ғани Кобулда инаугурация маросимида / Reuters

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси февраль ўрталарида президентлик сайловларидан деярли беш ой вақт ўтгач 28 сентябрда бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараённинг якуний натижаларини эълон қилган ва Муҳаммад Ашраф Ғани ғолиб деб топилганди. Комиссия маълумотларига кўра, Ғани 50,64 фоиз овоз тўплаган, Абдулла Абдулла учун эса 39,52 фоиз сайловчи овоз берган.

9 март куни Ашраф Ғанининг инаугурация маросими ўтаётган Арг саройи яқинида портлашлар юз берди. Кейинроқ ички ишлар вазири автомобилда ўрнатилган миномётдан 4та снаряд отилгани, натижада бир нафар полициячи жароҳатланганини маълум қилди. Бу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.

Экспертларнинг огоҳлантиришича, икки сиёсатчи ўртасидаги зиддият ҳукуматнинг Афғонистон масаласидаги музокаралардаги позициясига таъсир кўрсатиши мумкин.

Абдулла Абдулла ҳам ўзини ғолиб деб ҳисоблайди ва президент сифатида қасамёд қабул қилди / AFP

АҚШ президенти маъмурияти бу баҳсда Ашраф Ғанини қўллаган ва унинг мухолифини «параллел ҳукумат тузишга уриниш»да айблаган.

«Мамлакат келажаги, хусусан, ҳудудда тинчлик ўрнатилиши учун Афғонистонни бирлаштириш ва сиёсий жиҳатдан мувозанатли ҳукумат тузиш муҳимдир», деди АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан бир неча ҳафта ўтгач «Ал-Қоида» ҳаракатига қарши кураш олиб бориш учун Афғонистонга бостириб кирганди.

Америкаликлар олиб борган ҳарбий кампания натижасида «Толибон» ҳокимиятдан четлатилган, аммо ҳаракат мамлакат шимолида катта ҳудудда ўз таъсирини сақлаб қолган, 2018 йилга келиб толиблар мамлакатнинг учдан икки қисмини эгаллаб олишганди.

Афғонистон урушида 2,4 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий ҳалок бўлган.

Мавзуга оид