Жаҳон | 09:40 / 15.03.2020
12761
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Латвия ва Литва ҳам чегараларини ёпмоқда

Латвия ва Литва коронавирус таҳдиди туфайли ўз чегараларини ёпишга қарор қилди.

Рига аэропорти деярли бўшаб қолган / GETTY IMAGES

17 мартга ўтар кечаси Латвия денгиз, темир йўл, автобус ва авиация орқали халқаро алоқаларни тўхтатади. Бу ҳақда Фавқулодда кенгашнинг шошилинч йиғилишидан кейин Латвия бош вазири Кришьянис Кариньш маълум қилди.

Истиснолар фақатгина ватанга қайтиш истагини билдирган латвияликларга ҳамда мамлакатни тарк этишни истаган хорижий фуқароларга нисбатан қўлланади. Бош вазир хориждаги фуқароларни қайтиш имкониятлари ҳақида ўйлаб кўришга чақирган.

Тақиқ юк машиналари орқали ташувларга тааллуқли бўлмайди.

Латвияда 12 март куни фавқулодда ҳолат жорий этилган, мактаблар ва олий таълим муассасаларида масофадан таълим беришга ўтилган, 50дан ортиқ одам иштирок этадиган оммавий тадбирлар бекор қилинганди.

Мактаблардаги марказий имтиҳонлар май ойига қолдирилган.

Расмий маълумотларга кўра, аҳолиси икки миллион киши атрофида бўлган Латвияда 26 кишида коронавирус аниқланган.

Uzbekistan Airways ҳам Латвияга рейслар бекор қилингани ҳақида маълумот берган.

«Латвия ҳукуматининг 17 мартдан бошлаб мамлакат чегараси бўйлаб ер ва ҳаво йўловчи ташишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 16 март куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси Тошкент-Рига-Тошкент йўналиши бўйича якуний қатновни амалга оширади. 17 мартдан бошлаб авиакомпаниянинг ушбу йўналишдаги барча қатновлари бекор қилинган», дейилади авиакомпания хабарида. 

  • Батафсил маълумот учун +998781400200 рақами орқали Ягона алоқа марказига мурожаат қилиш сўралган.

Болтиқ бўйидаги яна бир мамлакат - аҳолиси сони 3 миллиондан ошадиган Литвада эса 9 кишида коронавирус борлиги тасдиқланган, душанба куни бу мамлакат ҳам ўз чегараларини ёпади. BNS агентлиги хабарига кўра, мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 16 март кунидан карантин жорий этилади.

Карантин муносабати билан Литвага хорижликлар кириши чекланади, дўконлар ёпилади. Тақиқ юк ташувларига нисбатан қўлланмайди.

Душанба кунидан Литва фуқароларига мамлакатни тарк этиш тақиқланади, хорижда ишлайдиганлар бундан мустасно.

Хорижликларга эса уч кунлик «гуманитар йўлак» ташкил этилади, улар 19 мартга қадар ўз ватанларига қайтишга улгуришлари керак.

Аҳолиси 1,5 миллион атрофида бўлган Эстонияда ҳам фавқулодда ҳолат жорий этилмоқда, бу ерда коронавирусга чалинган 115 нафар бемор бор.

Эстония қатор оролларини ёпиб қўйган ва чегарада назоратни кучайтирган.

  • 15 март ҳолатига кўра, бутун дунёда жами 156 738 кишида коронавирус аниқланган, ҳозиргача уларнинг 75 935 нафари соғайиб кетган, 5839 киши вафот этган.
  • Вирусдан энг кўп жабрланган давлатлар Хитой (80844 ҳолат, 3199 ўлим), Италия (21157 ҳолат, 1441 ўлим), Эрон (12729 ҳолат, 611 ўлим), Жанубий Корея (8162 ҳолат, 75 ўлим), Испания (6391 ҳолат, 196 ўлим), Германия (4599 ҳолат, 9 ўлим), Франция (4469 ҳолат, 91 ўлим), АҚШ (2982 ҳолат, 60 ўлим), Швейцария (1375 ҳолат, 13 ўлим), Буюк Британия (1140 ҳолат, 21 ўлим) ва Норвегия (1109 ҳолат, 3 ўлим) бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид