17 мартга ўтар кечаси Латвия денгиз, темир йўл, автобус ва авиация орқали халқаро алоқаларни тўхтатади. Бу ҳақда Фавқулодда кенгашнинг шошилинч йиғилишидан кейин Латвия бош вазири Кришьянис Кариньш маълум қилди.

Истиснолар фақатгина ватанга қайтиш истагини билдирган латвияликларга ҳамда мамлакатни тарк этишни истаган хорижий фуқароларга нисбатан қўлланади. Бош вазир хориждаги фуқароларни қайтиш имкониятлари ҳақида ўйлаб кўришга чақирган.

Тақиқ юк машиналари орқали ташувларга тааллуқли бўлмайди.

Латвияда 12 март куни фавқулодда ҳолат жорий этилган, мактаблар ва олий таълим муассасаларида масофадан таълим беришга ўтилган, 50дан ортиқ одам иштирок этадиган оммавий тадбирлар бекор қилинганди.

Мактаблардаги марказий имтиҳонлар май ойига қолдирилган.

Расмий маълумотларга кўра, аҳолиси икки миллион киши атрофида бўлган Латвияда 26 кишида коронавирус аниқланган.

Uzbekistan Airways ҳам Латвияга рейслар бекор қилингани ҳақида маълумот берган.

«Латвия ҳукуматининг 17 мартдан бошлаб мамлакат чегараси бўйлаб ер ва ҳаво йўловчи ташишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 16 март куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси Тошкент-Рига-Тошкент йўналиши бўйича якуний қатновни амалга оширади. 17 мартдан бошлаб авиакомпаниянинг ушбу йўналишдаги барча қатновлари бекор қилинган», дейилади авиакомпания хабарида. 

  • Батафсил маълумот учун +998781400200 рақами орқали Ягона алоқа марказига мурожаат қилиш сўралган.

Болтиқ бўйидаги яна бир мамлакат - аҳолиси сони 3 миллиондан ошадиган Литвада эса 9 кишида коронавирус борлиги тасдиқланган, душанба куни бу мамлакат ҳам ўз чегараларини ёпади. BNS агентлиги хабарига кўра, мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 16 март кунидан карантин жорий этилади.

Карантин муносабати билан Литвага хорижликлар кириши чекланади, дўконлар ёпилади. Тақиқ юк ташувларига нисбатан қўлланмайди.

Душанба кунидан Литва фуқароларига мамлакатни тарк этиш тақиқланади, хорижда ишлайдиганлар бундан мустасно.

Хорижликларга эса уч кунлик «гуманитар йўлак» ташкил этилади, улар 19 мартга қадар ўз ватанларига қайтишга улгуришлари керак.

Аҳолиси 1,5 миллион атрофида бўлган Эстонияда ҳам фавқулодда ҳолат жорий этилмоқда, бу ерда коронавирусга чалинган 115 нафар бемор бор.