Жаҳон | 08:48
577
2 дақиқада ўқилади

Латвия мудофаа вазири дронлар можаросидан кейин истеъфога чиқди

Латвия мудофаа вазири Андрис Спрудс мамлакат ҳаво ҳудудига икки дрон кириб келиши билан боғлиқ можародан кейин истеъфога чиқди. Дастлабки маълумотларга кўра, дронлар Украина томонидан Россиядаги нишонларга йўналтирилган бўлиши мумкин.

Фото: AP

Латвия мудофаа вазири Андрис Спрудс мамлакат ҳаво ҳудудига кирган икки дрон билан боғлиқ ҳодисадан кейин лавозимини тарк этди. Бу ҳақда 10 май куни LSM телеканали хабар берди.

“Армияни сиёсий кампанияларга тортиб кетилишидан ҳимоя қилиш учун мудофаа вазири лавозимидан кетишга қарор қилдим”, — деди у.

Спрудснинг таъкидлашича, “бегона дронлар одамлар хавфсизлигига таҳдид солмаслиги керак”.

Бундан олдин Латвия бош вазири Эвика Силиня мудофаа вазирига бўлган ишончини йўқотганини билдириб, унинг истеъфосини талаб қилган эди. Унинг фикрича, сўнгги дронлар билан боғлиқ ҳодисалар мамлакат армияси раҳбарияти “осмон хавфсиз бўлади” деган ваъдасини бажара олмаганини кўрсатган.

7 майга ўтар кечаси Латвия ҳаво ҳудудида икки дрон кузатилган. Улар Россия билан чегара томондан кириб келгани айтилмоқда. дронлардан бири Резекне шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига қулаган.

Ҳодисага изоҳ берар экан, Андрис Спрудс дронлар Украина томонидан Россиядаги нишонларга қарши учирилган бўлиши мумкинлигини айтган. Ҳозирда воқеа юзасидан тергов давом этмоқда.

Вазир, шунингдек, Украина ўзини ҳимоя қилиш ва Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган.

Россиянинг кенг кўламли босқинидан беш йилдан буён ҳимояланаётган Украина Россиянинг ҳарбий ҳамда нефть-газ инфратузилмаси объектларига зарбалар бериб келмоқда. Аввал ҳам Россия ҳудудидаги нишонларга йўналтирилган украин дронлари Финляндия ва Болтиқбўйи давлатлари ҳаво ҳудудини бузган ҳолатлар қайд этилган.

Бундан олдин Эстония мудофаа вазири Ҳанно Певкур Украинадан дронлар устидан назоратни кучайтиришни сўраган эди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид