16:09 / 17.03.2020
12213

Коронавирус футболга қарши. АПЛда мавсумни якунлаш бўйича 4 вариант

Коронавирус жадал суръатларда Европада тарқалиши кириб келиши, табиийки, спорт тадбирлари, хусусан футбол мусобақаларига ҳам жиддий зарба берди. Ҳозирда деярли бутун Европада футбол танаффусга чиққан, футболчилар зерикиб ўтирган бир пайтда лигалар ташкилотчилари мавсумни қандай якунлаш ҳақида бош қотиришмоқда. Айниқса, каттароқ пуллар айланадиган ва профессионал клублар кўпроқ бўлган Англияда бу кун тартиби жиддий шаклда муҳокама қилиниши табиий.

Англия Премьер Лигаси турнирни 4 апрелгача тўхтатган, лекин кейин қандай бўлиши ҳали номаълумгича қолмоқда. Футбол Ассоциацияси раиси Грег Кларк яқинда ҳам, мавсум давом эттирилишига ишончи комил эди, бир қатор клублар ҳам жумладан.

«Вазият ойлаб чўзилиши мумкин, нафақат бу, балки келаси мавсум бошланиши ҳам сўроқ остида. Бу йилги мавсумни тугата олмаслигимиз эҳтимолини 75 фоиз деган бўлардим», деди Sky Sports нашрининг ўз шахси сир қолишини истаган манбаси.  

Регламентда эса, муддатидан олдин турнирнинг тугашида қандай йўл тутиш лозимлиги қайд этилмаган. Шунинг учун клублар йиғилиб, турли вариантларни муҳокама қилишмоқда. АПЛ клубларидан бирининг раҳбари The Telegraph нашрига эҳтимолий вариантлар ҳақида гапириб ҳам берди.

Биринчи вариант – энг ҳақиқатга яқинроқ

Аксарият клублар, вақт кам қолаётган бўлса-да, мавсумни якунлаб қўйишни истамоқда. Агар УЕФА лигалар босими остида Евро-2020 чемпионатини кўчиришга рози бўлса, АПЛда барча 38 турни ўтказиб, мавсумни якунлаб қўйиш имкони пайдо бўлади. Чунки чемпионатни июнь, ҳатто июлгача ҳам чўзиш мумкин.

Декабрда эса, танаффус қилиб, Европа чемпионатини ўтказса бўлади. Кейинги жаҳон чемпионати, Қатардаги 2022 йилги мундиал ҳам декабрь ойида ўтказилиши эътиборга олинса, Европадаги лигалар учун яхши амалиёт бўлади.

Ёки келаси мавсумни одатдагидек ўтказиб, Европа чемпионатини 2021 йилнинг ёзига қолдириш варианти ҳам бор. Аммо бу ерда ФИФА ва УЕФА ўртасида зиддият пайдо бўлади, чунки ўша пайтда ФИФА Хитойда клублар ўртасида жаҳон чемпионати ташкил қилмоқчи.

Иккинчи вариант – бунинг ҳам эҳтимоли юқори

Апрель-май ойларининг ўзида мавсумни якунлашга ҳаракат қилиш. 4 апрелда режа бўйича, чемпионат давом этиши керак ва ўша кунга 32-тур томошабинларсиз, қатъий эҳтиёт чоралари остида ўтиши белгиланган. Яъни тақвим бўйича тур ўйинлари кетаверади, ўтказилмай қолган турлар эса, ҳафта ўрталарига қўйилади. Яъни ўзига яраша «Боксинг-дэй» тизимида ўйналади.

АПЛнинг трансляциялар бўйича директори Пол Молнар ФА билан бу борада аллақачон ишни бошлаб юборган ва Англия Кубоги ўйинларининг чемпионатга халақит бермайдиган шаклда тақвими шакллантирилмоқда.

Учинчи вариант

«Ливерпуль» – чемпион ва ҳеч қайси жамоа лигани тарк этмайди. Еврокубоклар учун ва АПЛ ўринлари учун кураш анча тиғизки, 29 тур натижаларига кўра, ҳаммани рози қилиш мумкин эмас. Шу билан бирга, Чемпионшипда пешқадамлик қилиб турган «Лидс» ва «Вест Бромвич»гаям ноҳақлик қилиб бўлмайди. Оқибатда, уларни ҳам АПЛга чиқариб, келаси мавсумни 22 жамоадан иборат қилиш ва АПЛни 5 жамоа тарк этишини белгилаб қўйиш ҳам таклиф қилинмоқда.

The Telegraph бу вариантни клублар қўллаб-қувватлаганликларини ҳам айтмоқда. Лекин бу вариантда бир қатор саволлар барибир очиқ қолади. Масалан, еврокубоклар масаласи. Аутсайдерлар билан тушунарли, лекин АПЛдаги асосий таъсир доирага эга бўлган клублар айнан ЕЧЛ ўринлари учун курашмоқда. Булар – «Челси», «Юнайтед», «Тоттенҳэм» ва бошқалар.

Ҳозир «кучли тўртлик» шаклланган бўлса-да, айнан 5-ўрин масаласи баҳсли. Биринчидан, агар «Манчестер Сити»нинг еврокубоклардан четлатилиши амалда қолса, бу ўрин ҳам ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлади. Ҳозирда «Манчестер Юнайтед» 5-ўринни эгаллаб турган бўлса-да, айтайлик, «Шеффилд» 1 ўйин кам ўтказган ҳолда «МЮ»дан 2 очко кам тўплаган. Яъни йўқотилган очколар бўйича «Шеффилд» ҳақлироқ. Лекин ўша қолдирилган ўйинда уч очко нақд бўлмагани учун «МЮ» ҳам эътироз қилиши мумкин. Хуллас, бу масала ҳали бироз чигал. 

Тўртинчи вариант

Жорий мавсумни кузда давом эттириш ва кейинги икки чемпионатни календар йилида, яъни баҳор-куз тизимида ташкил қилиш. Бу йўл қайсидир маънода, Қатардаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришда ҳам қўл келиши мумкин.

Лекин бу ерда ҳам икки муаммо бор. Биринчидан, баъзи футболчиларнинг шартномалари 30 июнда ниҳоясига етади. Иккинчидан, агар чемпионат кузда давом этса, еврокубокларда Англиядан ким қатнашишини аниқлаш нима бўлади?

Яна бир вариант, ушбу мавсумни бутунлай бекор қилиш. The Athletic манбасига кўра, икки клуб вакиллари 2019/20 йилги мавсум натижаларини бекор қилиш ва келаси мавсумни янгидан бошлаш таклифи билан чиққан. Юэн Маккенна твиттерда бу клублар «Тоттенҳэм» ва «Вест Ҳэм» эканини ёзди, лекин дарҳол ўчириб юборди.

Мантиқан олганда, тўғридек, «Тоттенҳэм» мавсумни жуда ёмон ўтказмоқда ва еврокубоклардан ҳам қуруқ қолиш хавфи остида турибди. «Вест Ҳэм»нинг ҳолати ундан ҳам бадтар – жамоа лигада жой сақлаш учун курашаётгани етмагандек, 17 майдан сўнг, ўйнайдиган жойи ҳам бўлмайди. Қисман бу маълумотни «Вест Ҳэм» вице-президенти Каррен Брэйди ҳам тасдиқлади. У интервьюлардан бирида «Ливерпуль»нинг ҳолатини тушунишини таъкидлаб, аммо мавсумни бекор қилиш лозимлигини айтди. Тўғри, яна ўша The Telegraphʼнинг айтишича, ҳеч қайси клуб мавсумни бекор қилишга рози бўлмаган, яъни Брэйдининг тарафдорлари ҳатто «Вест Ҳэм» клуби ичида ҳам кўп эмас.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам жиддий муаммолар пайдо бўлиши, қайсидир клублар ноҳақликка учраши табиий. Масалан, агар 1 ёки 2-вариантларга кўра, мавсум давом эттириладиган бўлса, айрим жамоалар футболчиларнинг спорт формаси туфайли ёмон ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Чунки, «Арсенал», «Челси», «Лестер», «Борнмут» ва «Манчестер Сити» каби клублар ўз аъзоларида вирус аниқлангани туфайли бутун таркиб бўлиб икки ҳафталик карантинда ўтирган пайтда, бошқа клублар, масалан, «Манчестер Юнайтед» машғулотларда давом эттирмоқда. Мавсум очилганда, клубларнинг турли спорт формаларда бўлишлари бундан баъзилар жабр чекиб, бошқалар устунликка эга бўлишлари табиий.

Агар 3 ёки 4-вариантлар танланса, юқорида ҳам айтилганидек, шартномалар билан боғлиқ муаммолар юзага келади, клублар мавсумни бошлаган таркибда уни якунлай олмай қолишлари мумкин. Масалан, «Шеффилд Юнайтед» ажойиб мавсум ўтказиб, кўтаринки руҳда кетаётган бўлса, «Тоттенҳэм» ёки «Арсенал» мавсум бошидаги муаммолар гирдобида, мураббийлар алмашди. Лекин айтайлик, кузда чемпионат давом этадиган бўлса, бой клублар трансферлар орқали вазиятни ўнглаб, муаммоларини ҳал қилиб олишлари, «Шеффилд» ёки «Вулверҳэмптон» эса аксинча, ҳатто етакчи футболчиларсиз қолишлари

Sky Sports нашри хабар қилишича, клублар вакиллари 19 март  куни яна йиғилади. Бугун, 17 март куни УЕФ йиғилиши бўлиб ўтади, унда еврокубоклар ва Евро-2020 тақдирига ойдинлик киритилади. Айнан шу қарорлар хулосасига кўра, АПЛ борасида мунозара қилиш мантиқан тўғрироқ бўлади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top