Жаҳон | 21:21 / 18.03.2020
19233
2 дақиқада ўқилади

Доллар курси 80 рублга чиқди

Москва биржасида доллар курси 80 рубллик кўрсаткични қайд этди. Аммо кейин 79,9 рублга қайтди. Евро 87 рубль атрофида сотилмоқда.

Фото: Biznesviktor

Рубль коронавирус пандемияси ва нефть нархларининг пасайиши натижасида арзонламоқда. Ҳозирда доллар ва евро курслари 2016 йилги кўрсаткичларни қайд этмоқда. Нефтнинг бир баррели нархи 27 доллардан тушиб кетди.

Россиянинг йирик компаниялари акциялари ҳам арзонлашмоқда: айниқса "Аэрофлот" акциялари нархи кескин тушиб кетди (11 фоиздан ортиқроқ).  

Шунингдек, "Лукойл", "Роснефть" ва "Сургутнефтегаз" акциялари нархи ҳам арзонлашди.

Шу билан бирга, "Лента" ва "Магнит" каби озиқ-овқат тармоқларининг акциялари қимматлашди. Бунга ваҳимада қолган россияликларнинг дўконлар пештахталарини бўшатишлари сабаб бўлди.

Nordea экспертларининг қайд этишича, нефть нархи 20-30 доллар атрофида бўлганида доллар курси 75-82, евро курси эса 83-90 рубль атрофида бўлади.

"БКС Брокер" эксперти Альберт Короевнинг фикрича, Россия валютаси ва акцияларининг қулашига нефтнинг арзонлиги эмас, балки коронавирус билан боғлиқ саросима сабаб бўлмоқда.

Ҳукумат нима демоқда?

Россия бош вазири ўринбосари Андрей Белоусов Россия валюта бозори етарлича мувозанатлашгани, рубль мустаҳкамлигини сақлаб турганини айтди.

Аммо молия вазири Антон Силуанов унчалик ҳам некбин фикр билдирмади. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат 2020 йилги макроиқтисодий прогноздан оғиб кетмоқда: бу йил бюджетда дефицит бўлади, миллий фаровонлик фонди маблағларини ишга солишга тўғри келади.

Вазирнинг сўзларига кўра, иқтисодиётнинг қатор секторлари, жумладан, авиаташувлар, туризм ва кичик бизнесда қисқаришлар юз беради.

"Қимматбаҳо истеъмол буюмлари, хусусан, автомобиллар сотиб олиш ҳажми қисқаради. Шу боис, афсуски, вазият ривожланиши яхши эмас", - деди у.

Мавзуга оид