19:32 / 19.03.2020
4768

Олимпия машъаласи Токиодаги ўйинлар ташкилий қўмитасига топширилди

Грецияда Олимпия машъаласининг Токиодаги Олимпиада ташкилий қўмитасига топшириш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Keystone Press Agency

 
Тантанали маросим Афинадаги “Панатинаикос” стадионида бўлиб ўтди. Бу стадионда 1896 йилда замонавий тарихдаги илк Олимпиада ўтказилган. 

Бироқ коронавирус пандемияси сабабли машъалани топшириш маросими томошабинлар ва журналистларсиз ўтган.

Грециялик спортчилар, 2016 йилги Олимпиада ғолиблари - лангарчўп билан баландликка сакровчи Екатерини Стефаниди ва гимнаст Элефтериос Петрунис эстафета машъаласини аренадаги меҳробдан ёқишган.

Эстафетани япониялик спортчилар – кураш бўйича 3 карра Олимпия чемпиони Йосида Саори ва дзюдо бўйича 3 карра Олимпия чемпиони Номура Тадахиро  қабул қилиб олишлари керак эди. Бироқ улар коронавирус эпидемияси сабабли Грецияга боришдан бош тортишган.

Маросимда Греция Олимпия қўмитаси раҳбари Спирос Капралос иштирок этган “Токио-2020” ташкилий қўмитаси раиси, Япониянинг собиқ бош вазири Йосиро Мори маросим иштирокчиларига видеомурожаат йўллаган.  

Машъала 20 март куни Японияга келтирилиши кутилмоқда. Унинг Япония бўйлаб эстафетаси 26 март куни Фукусима префектурасидан бошланади.

Ўтган ҳафта Грециядаги Қадимги Олимпияда XXXII ёзги Олимпиада машъаласини ёқиш маросими бўлиб ўтганди. Ушбу маросим ҳам томошабинларсиз ўтганди. Кейинроқ эстафета ташкилотчилари машъаланинг Греция бўйлаб олиб юрилишини бекор қилишган. 

Аввалроқ Халқаро Олимпия қўмитаси коронавирус пандемиясига қарамай 2020 йилги Олимпиадани белгиланган муддатда ўтказмоқчилигини маълум қилди. Бироқ Токио губернатори Юрико Коикэ Олимпиаданинг томошабинларсиз ўтиши вариантини истисно қилган.

Токио Олимпиадаси 24 июлдан 9 августгача ўтказилиши белгиланган. Ушбу ўйинларда 339 та медаллар шодаси ўйналиши кутилмоқда. Бу эса 2016 йилги Олимпиададагидан 33 та медаллар тўпламига кўпроқни ташкил қилади. 

 

Top