Ўзбекистон | 20:04 / 20.03.2020
7093
2 дақиқада ўқилади

Авазбек Ҳожиметов Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби этиб тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири матбуот котиби ўзгарди.

Авазбек Ҳожиметов / АОКА

Кўп йиллардан буён Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига раҳбарлик қилган, 2019 йил кузида расман вазир матбуот котибига айланган Адилбек Каипбергенов ўрнини Авазбек Ҳожиметов эгаллади.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси тайинланган.

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ҳайъати йиғилишида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи – матбуот котиби этиб тайинланган Авазбек Ҳожиметов ва Ташқи ишлар вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган Раҳматулла Назаров таништирилди», дейилади Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида. 

Маълумот учун, Авазбек Ҳожиметов муқаддам кўп йиллар давомида Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, 2016 йил августида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга матбуот котиби этиб тайинланган. Кейинроқ президент матбуот хизмати Ахборот-таҳлил ишлари бўйича сектори мудири сифатида ишлаган, 2019 йил мартидан 2019 йил октябрига қадар Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

Раҳматулла Назаров

Раҳматулла Назаров эса муқаддам Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси бўлган.

Мавзуга оид