Жаҳон | 08:43 / 24.03.2020
33964
2 дақиқада ўқилади

Хитойда коронавирус билан касалланганларнинг 90 фоизидан ортиғи тузалди 

Сўнгги 24 соат ичида Хитойда 456 бемор тузалди. Шу билан бирга, 78 киши касалликни юқтирди, етти киши вафот этди

Фото: Жэньминь жибао

Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганларнинг 90 фоизидан ортиғи тузалди. Ҳозир фақатгина 4 735 киши шифохоналарда қолмоқда. Бу ҳақда Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, ўтган бир кун давомида мамлакатда 78та янги юқтириш ҳолати ва еттита ўлим қайд этилган (барчаси коронавирус тарқалиши авж олган Хубэй провинциясида). Шу билан бирга, 456 бемор тузалиб кетди ва тиббий муассасалардан чиқарилди.

Бугунги кунга келиб Хитойда жами 81 171та касалланиш ҳолати қайд этилган (улардан 73 159 киши тузалиб кетди). Қурбонлар сони 3 277 кишига етди.

Эпидемия бошланганидан бери, Хубэй провинциясини ҳисобга олмаганда, ХХРда 13 370та касалланиш ҳолати рўйхатга олинди, улардан 117таси ўлим билан тугади. Хубэй провинциясининг ўзида 67 801та касалланиш ҳолати аниқланган, 3 160 киши вафот этган. Мамлакатда коронавирусдан ўртача ўлим даражаси 4,03 фоизни ташкил этди.

19 март куни Италия коронавирус қурбонлари сони бўйича Хитойни ортда қолдирди. Ўшанда Италияда вирусдан вафот этганлар 3 405 кишига етди, аммо Апеннин ярим оролида касалланганлар сони Хитойдагига нисбатан бир неча баравар кам - 31,5 минг. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид