Ўзбекистон | 08:35 / 05.06.2026
1741
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Хитойнинг янги интернет провайдер зоналари пайдо бўлади

Хитойнинг етакчи булутли хизматлар провайдерларидан бири ҳисобланган UCloud компанияси Ўзбекистонда янги интернет провайдер зоналарини очиш режасини эълон қилди. Лойиҳа мамлакатда рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва маҳаллий бизнеснинг рақамли трансформациясини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Фото: Дунё

Шанҳай шаҳрида Хитойнинг Чжецзян провинцияси Савдо-саноат палатаси, Рақамли глобаллашув ассоциацияси ва UCloud компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Марказий Осиёда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун энг истиқболли платформалардан бири сифатида эътироф этилди. Иштирокчилар Хитой бизнесининг мамлакатдаги иштирокини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини муҳокама қилди.

Тадбирнинг асосий воқеаларидан бири UCloud компаниясининг Ўзбекистонда янги интернет провайдер зоналарини ташкил этиш бўйича режаларини маълум қилиши бўлди.

Компания ижрочи директори Цзи Синьхуаннинг таъкидлашича, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Давлат бошқаруви, молия, чакана савдо ва логистика каби соҳалар рақамли трансформация жараёнини фаол бошдан кечирмоқда.

Хитой томони маҳаллий бизнесни халқаро стандартларга жавоб берадиган, юқори унумдорликка эга ва хавфсиз рақамли инфратузилма билан таъминлашга тайёр эканини билдирди.

Маълумот учун, UCloud дунё бўйлаб корхоналар учун хавфсиз ва юқори самарали интернет ҳамда булутли хизматларни тақдим этувчи йирик провайдерлардан бири ҳисобланади. Компания стратегик аҳамиятга эга ҳудудларда янги инфратузилма объектларини яратишга фаол инвестиция киритиб келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид