Ўзбекистон | 12:46 / 26.03.2020
65356
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус беморлари учун 10га яқин шифохоналар қурилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез фурсатларда Ўзбекистонда коронавирус билан хасталанганларни даволаш ва карантин учун ўнга яқин шифохоналар қурилиши ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси томонидан кечиктириб бўлмайдиган жиддий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва самарали даволаш чораларини кучайтириш мақсадида қисқа фурсатларда қатор шифохоналарни барпо этиш ишлари жадал бошлаб юборилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида учта замонавий ихтисослашган тиббиёт муассасалари бунёд этилмоқда. Биринчиси, бу 144 ўринга мўлжалланган Чилонзор туманида янги қурилаётган шаҳар 3-сонли болалар юқумли касалликлари шифохонаси ва 158 ўринли шаҳар 4-сонли болалар кардиоревматология клиник шифохона бинолари яқин ойларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, Яшнобод туманида жойлашган Тошкент стоматология институтининг янги қурилаётган биносини 250 ўринли замонавий даволаш муассасасига айлантириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Мазкур бино жорий йилнинг май ойида фойдаланишга топширилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида карантин муассасасини бунёд этиш учун 55 гектар ер ажратилиб, жуда қисқа кунларда қуриб битказилиш чоралари кўрилмоқда. Яна бир йирик муассаса Зангиота туманида  бунёд этилмоқда. Шу кунларда ушбу тумандан ажратилган 27 гектар ер майдонида ўн минг ўринли шифохона қурилиши жадал давом этмоқда.Ушбу янги тиббиёт муссаса ҳам яқин фурсатларда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, айни пайтда Андижон, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ҳам коронавирус билан касалланганлар ва уларнинг карантини учун худди шундай муассасалар қурилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид