Ўзбекистон | 15:31 / 31.03.2020
57528
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга нечта тест олингани илк марта маълум қилинди

Март ойининг сўнгги кунига қадар 22 мингдан ортиқ тест ўтказилган.

Фото: inbusiness.kz

31 мартга қадар, Ўзбекистонда коронавирусга текшириш учун жами 22156та вирусологик текшириш ўтказилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Бугунги кунга қадар коронавирусга текшириш учун жами 22156та вирусологик текшириш ўтказилган. Бир куннинг ўзида 3173та тест ўтказилган ва 6та тест натижаси ижобий чиққан ҳолатлар мавжуд», – деди Отабеков 31 март кунги брифингда.

Унинг сўзларига кўра, беморлардан 17 нафарининг касаллиги бир кишига бориб тақалади.

«Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан инфекциянинг тарқалиш йўллари ва ёш бўйича юқиш даражаси юзасидан таҳлиллар олиб борилмоқда. Коронавирус билан касалланишнинг ҳар бир янги ҳолати эпидемиологик нуқтайи назардан ўрганилади.

Ҳозиргача маълум фактларга кўра, битта инфекция манбасидан 17 кишига касаллик юққан ҳолат аниқланган. Касалланганлар орасида болалар ҳам бор», – деди Бош давлат санитария инспектори.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор 15 мартда аниқланган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, беморлар сони 158 нафарни ташкил этмоқда.

Ўтган ҳафта президент Шавкат Мирзиёев зудлик билан 300 мингта экспресс-тест сотиб олишга кўрсатма берганди. Бугун Хитойдан 200 мингта тест-системаси харид қилингани маълум бўлди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид