Жаҳон | 19:08 / 01.04.2020
86564
7 дақиқада ўқилади

Нега Тожикистонда коронавирус йўқ? Энг кенг тарқалган тахминлар

 Коронавирус 200та мамлакатга етиб борди, аммо Тожикистон ҳалигача пандемиядан четда қолмоқда.

Фото: Wikipedia

Бугунги кунда Тожикистон коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган саноқли давлатлардан бири бўлиб турибди.

Оддий аҳоли ва мутахассисларни бир савол қизиқтирмоқда: Тожикистон қандай қилиб коронавирусдан ўзини ҳимоя қила олди, бунда қандай омиллар роль ўйнади?

Sputnik Тожикистон энг кенг тарқалган тахминларни эълон қилди.

 Танилмасанг, соғлом бўласан

 Тожикистон – етарлича ёпиқ мамлакат. Уни йирик ўтказиш пункти ёки хорижлик туристларнинг севимли маскани деб бўлмайди.

 Авиабилетлар нархи "чақади", ҳеч ким туризмни реклама қилмайди. Туристлар оқими кам. Шунга мос равишда, республикада авиапарвозлар минимал миқдорда, транзит рейслар умуман йўқ. Шу боис Тожикистон ҳудудига инфекция кириб келиши Европа ёки Шимолий Америка мамлакатларига нисбатан анча қийин. Зеро вирус тарқатувчи асосий хатар туристлардир.

 Ана шу ёпиқлик Тожикистонни коронавирусдан ҳимоя қилди, деган фикр мавжуд. Унинг иқтисодий, халқаро алоқалар ва авиапарвозлар тармоғи ривожланган қўшнилари бўлмиш Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Тожикистонга нисбатан бир неча баравар кўп хорижликларни қабул қилади.

 Бундан ташқари, Тожикистон қитъа ичкарисида, транспорт оқимидан четда жойлашган. Хитой билан шарқий чегара зудлик билан ёпилди. Қозоғистон орқали транзитнинг вақтинча тўхтатилиши ҳам республика хавфсизлигини таъминлади.

 Коронавирус – бойларнинг касаллиги

 Навбатдаги тахмин – у ёки бу мамлакат фуқаролари қанча кўп саёҳат қилса ёхуд қанча кўп хорижликни қабул қилса, коронавирус тарқалиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.

 Коронавирусни топиш-тутиши яхши одамлар олиб келмоқда. Тожикистон фуқаролари эса даромади камлиги ва билетлар нархи сабабли чегарадан ташқарига кам чиқишади. Аҳолининг аксарият қисми хорижда ишлайди, уйига бир-икки йилда бир марта келади.

 Тиббиёт заифлиги туфайли коронавирусни аниқлай олишмаяпти

Тожикистон тиббиёти даражаси касалхоналар жиҳозланиши ва мутахассислар малакаси бўйича жаҳон стандартлари даражасига жавоб бера олмайди.

Жиҳозлар ва тест тизимларининг етишмаслиги инфекцияга чалиниш ҳолатларини ўз вақтида аниқлашга имкон бермаяпти. Маълумки, касаллик узоқ вақт давомида симптомларсиз кечади.

 "Тожикистон респиратор касалликлар ва зотилжам диагностикасига эгами? Агар эга бўлса, ушбу диагностикадан барча тиббиёт муассасаларида қай даражада кенг қўлланилмоқда? Бу асосий масала. Агарда қўлланилмаётган бўлса, касаллик тўғрисида расмий маълумотлар ҳам бўлмайди", – дейди вирусолог, профессор Анатолий Альтштейн.

 Тожикистонликларда коронавирусга иммунитет шаклланган

 Аҳоли орасида бу тахмин ҳам юрибди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг фикрича, тожикистонликларнинг кўпчилиги аввал ўткир грипп билан оғриб тузалган ва ўша грипп коронавирус бўлган бўлиши мумкин.

 Декабрь-январь ойларида мамлакатда ғайриоддий симптомли – бир неча кунлик истима, йўтал ва қайт қилиш аломатлари билан кечувчи грипп авж олганди. Эндиликда коронавирус бутун дунёни "забт этган" пайтда, Тожикистон хавфдан холи қолмоқда – барчада касалликка нисбатан иммунитет шаклланган.

 Соғлиқни сақлаш вазирлиги чора кўришни эртароқ бошлаган

 Январь охирларида, Хитойда коронавирус тўғрисида гаплар авж олиши биланоқ Тожикистон республикага кириб келаётган барча одамларни текширишни бошлади, кейин эса хорижликларга киришни бутунлай ёпди.

 Хориждан келган бир неча минг киши йирик шаҳарлардан узоқда 14 кунлик мажбурий карантиндан муваффақиятли ўтди. Эртароқ кўрилган чоралар муҳим аҳамиятга эга бўлди.

 Тожикистонда касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган кишилар кам

 ЖССТ маълумотларига кўра, биринчи навбатда ёши 65дан юқори бўлганлар, сурункали касаллиги бор инсонлар, ҳомиладорлар ва иммунитет танқислигига дучор бўлганларнинг коронавирусга чалиниш хавфи юқори.

 Тожикистонда туғилиш даражаси юқори бўлганлиги учун аҳолининг аксарият қисмини ёшлар ва болалар ташкил этади.

 Дин сақлаяпти

 Тожикистон аҳолисининг асосий қисми ислом динига эътиқод қилади. Ҳар бир мусулмон ҳар куни беш вақт намоз ўқиши шарт. 

 Намоз ўқиш олдидан эса албатта инсон баданини поклайди – таҳорат олади. Вирус жойлашиб олиши мумкин бўлган аъзолар кунига бир неча марта ювилгач, ҳеч қандай вирус қолмайди.

 Исириқ ёки ҳазориспанднинг фойдаси бор  

 Тожикистонда оддий исириқ ёки ҳазориспанддан кенг фойдаланилади. У тутатилганида бактериялар “ўлади”.

 Врач-эпидемиолог Михаил Фаворовнинг фикрича, айнан исириқ аҳолини касаллик юқишидан сақламоқда.

"Мўғул учбурчаги“ деб номланувчи ҳудудга кирувчи, коронавирус етиб бормаган мамлакатлар бор. Биз бунинг сабаби ҳақида узоқ ўйладик: эҳтимол, қуруқ ҳаво ва ўзига хос иқлим ёки Марказий Осиёда зарарсизланиш учун қадимдан кенг қўлланиладиган исириқ ёрдам бераётгандир", - дейди у.

 Куни кеча ЖССТнинг Тожикистондаги вакили Галина Перфильева мамлакатда коронавирус йўқлигини расман эълон қилди.

 «Расмий статистикага кўра ва тест ўтказаётган лаборатория билан узвий ҳамкорлик қилаётганимиз учун биз ҳам тасдиқлаймиз, ҳозиргача Тожикистонда COVID-19 юқтириш билан боғлиқ бирорта ҳам ижобий ҳолат қайд этилмади. Ер юзида касаллик қайд этилмаган давлат деярли қолмади. Тожикистон ва Туркманистон минтақадаги 53 давлат ичида коронавирус қайд этилмаган давлатлардир»,- деди у «Тожикистон» телеканали эфирида.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда бугунгача коронавирусга 700дан ортиқ тест ўтказилган ва барча натижалар салбий чиққан.

«Бунга расман ишонч ҳосил қилиш мақсадида салбий натижаларни тасдиқлаш учун Москва ва Лондонга жўнатдик. Барча такрорий текширувлар ҳам салбий натижаларни тасдиқлади. Яъни Тожикистондаги текширувлар сифатли ўтказилгани ва мамлакатда касалликка чалиниш ҳолатлари йўқлиги расман тасдиқланди», - деди Перфильева.

Мавзуга оид