Ўзбекистон | 16:02 / 03.04.2020
10449
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 848 минг доллар беради

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Ўзбекистонга коронавирус инфекциясига қарши курашишда молиявий ва техник кўмак кўрсатиш дастурларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида АҚШ Давлат департаменти вакиллари билан видеоконференция ўтказди.

Фото: Reuters / B.Snyder

Музокаралар чоғида АҚШ давлат департаментининг Covid-19 таҳдидини бартараф қилиш бўйича молиялаштириш дастурига Ўзбекистон ҳам қўшилгани ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигига вирус тарқалишига қарши курашиш учун индивидуал ҳимоя воситалари тўплами топширилгани учун Америка томонига миннатдорлик билдирилди.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео Covid-19 пандемиясига қарши курашишда таҳдид остида қолган 64 давлатга фавқулодда тиббий ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун АҚШ ҳукумати томонидан 274 миллион доллар ажратилгани ҳақида эълон қилган эди. 

Америка томони республикамизда амалга оширилаётган карантин чоралари, коронавирус юқтирганларни ахтариб топиш, профилактика қилиш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан таништирилди. Қайд этилишича, АҚШдаги хусусий тиббий корпорациялар, донорлар ҳамжамияти ва хайрия ташкилотлари билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши қарши курашишда уларнинг техник кўмаги ва инсонпарварлик ёрдамини жалб қилиш мақсадида ҳамкорлик олиб борилмоқда.

«Давлат департаменти вакилларининг маълумотига кўра, Америка томонидан Ўзбекистоннинг кўрсатиб ўтилган эҳтиёжларини қондириш учун 848 минг доллар ажратилиши режалаштирилмоқда. Ушбу маблағлар АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) дастури асосидаги навбатдаги транш бўлиб, Қизил хоч ва Қизил яримой жамиятилари халқаро федерациясига ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига Covid-19’га қарши курашишни қўллаб-қувватлаш учун берлади», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Молиялаштириш кенг миқёсли тестдан ўтказиш учун лабораторияларни жиҳозлаш, Covid-19 устидан эпидемологик назоратни яхшилаш, инфекцияни профлактика қилиш ва тарқалишини назорат қилишни таъминлашда тиббиёт муассасаларининг салоҳиятини ошириш, тезкор ёрдам кўрсатиш тизими, зарарланган ҳолатларни аниқлаш ва даволаш, шунингдек, вирус ҳақидаги дезинформацияга қарши туришга йўналтирилади.

Умуман олганда, Америка томони берган маълумотга кўра, АҚШ конгрессига 2020 йил учун киритилган бюджетда Ўзбекистон учун ажратилиши кўзда тутилган молиялаштириш суммаси 2019 йилда ажратилган кўмак ҳажмидан сезиларли равишда кўпроқ.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид