Жаҳон | 23:47 / 05.04.2020
53413
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Испания ва Италияда кунлик қурбонлар сони камаймоқда

Covid-19 пандемиясидан энг кўп жабр чекаётган Италия ва Испанияда қаторасига учинчи кун қурбонлар сони камайишда давом этмоқда, бу эса ушбу мамлакатларда эпидемия авж олиш чўққиси ортда қолгани ҳақида умидлар уйғотмоқда.

Испанияда қаторасига учинчи кун коронавирус қурбонлари сони камайди - 5 апрель куни бу мамлакатда 674 бемор вафот этди, бу эса жума кундагидан 135тага кам.

Испанияда Covid-19 қурбонлари - 12 418тага етди, вирусдан зарарланиш ҳолатлари эса - 130 759та.

Мамлакат бош вазири Педро Санчес шу кунларда «касаллик ўз чўққисидан ўтиши» ҳақида гапирганди.

Санчес 15 март куни жорий этилган карантин чораларини 25 апрелга қадар узайтирди ва бу чоралар ҳаётни қутқариши, қўшимча икки ҳафта карантин соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ишини енгиллаштиришини қайд этди.

Кунлик ўлим ҳолатлари бўйича бугунги кўрсаткич сўнгги ўн кундаги энг паст кўрсаткич, 26 март кунидан буён илк марта бир кунда қурбонлар сони 700 нафардан камроқ бўлди.

Дунёда нималар бўлмоқда
Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда вирусдан зарарланганлар сони 1 млн 258 мингдан ошган, 68 мингдан ортиқ бемор вафот этган, 259 мингдан ортиқ киши соғайган. Айни вақтда зарарланиш ҳолатларининг ҳар тўртинчиси Қўшма Штатлар ҳиссасига тўғри келмоқда, бу мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 327 871.

Америкада энг кўп зарар кўрган ҳудуд Нью-Йорк штати бўлиб турибди, бу ерда Covid-19’дан касалланиш оқибатида сўнгги бир кунда 594 киши вафот этди, аммо эпидемия бошланганидан буён касалхоналарга олиб келинган беморлар сони биринчи марта камайди. Шу билан биргаликда, штат губернатори Эндрю Куомо ҳали ижобий ўзгариш ҳақида гапиришга эрта эканини айтмоқда. Штатда жами 4159 киши коронавирус қурбонига айланди.

Инфекция тарқалишидан энг кўп зарар кўрган давлатлар қуйидаги тартибда жойлашади: АҚШ, Испания, Италия, Германия, Франция.

Хитой олтинчи ўринга тушиб кетган: у ерда вирусдан зарарланиш ҳолатлари деярли ўсмаяпти - 81 669 ҳолат; сўнгги бир кунда 30 кишида вирус аниқланди, аввалги кундагидан 11тага кўпроқ.

Россияда сўнгги бир кунда зарарланганлар сони 658тага ошди ва жами миқдор 5 389тага етди. Москвада яна 536 бемор аниқланди, жами миқдор 3893та.

Сингапурда кутилмаганда касалланишлар сони ошиб кетди - 60 фоизлик ўсиш. Якшанба куни 120 кишида вирус аниқланди, шанба куни 75 ҳолат қайд этилганди. Касалланганларнинг кўпчилиги - ишчи муҳожирлар, улар иш жойида вирус юқтирган, 120 ҳолатдан 4таси хориж билан боғлиқ. Эндиликда Сингапурда Covid-19’дан зарарланишнинг 1 309 ҳолати қайд этилган, 6 киши касалликдан вафот этган.

Германияда ҳам қаторасига учинчи кун касалланиш ҳолатлари пасаймоқда - якшанба куни 5 936та янги ҳолат қайд этилди, Роберт Кох институти маълумотига кўра, бу ўтган кундагига нисбатан 146тага кам.

Италияда сўнгги бир кунда 525 киши Covid-19 қурбонига айланган - бу эса 19 март кунидан буён энг паст кўрсаткичдир. Шунингдек, касалхонага ётқизилганлар ва интенсив терапия талаб этиладиган беморлар сонида ҳам пасайиш кузатилган.

Эпидемия бошланганидан буён Италияда 129 мингга яқин киши вирус юқтирган, 15887 киши вафот этган.

Францияда ҳам сўнгги кунда қурбонлар сони камайди - шанба куни 441 бемор ўлими қайд этилган, якшанба куни 357. Айни вақтга келиб мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 90 мингдан ошди, 5889 киши шифохоналарда, 2189 киши кексалар уйларида вафот этди, жами қурбонлар сони - 8078 нафар.

Британияда сўнгги бир кунда 621 киши коронавирусдан касалланиш оқибатида оламдан ўтди, жами қурбонлар сони 4 934 нафарга етди. Мамлакатда бир кунда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ яна 5 903 ҳолат қайд этилган, жами 47,8 мингдан ортиқ кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги агар одамлар ижтимоий масофа сақлашга риоя этмаса, ҳукумат кўчада спорт билан шуғулланишга тақиқ қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Бу баёнот дам олиш кунларида кўплаб британияликлар оилавий сайрларга чиқиши ортидан янгради.

Якшанба куни Лондон шаҳри ҳокимияти Ламбет туманидаги Броквел-парк хиёбонини ёпиб қўйди, шанба куни бу ерга 3 мингдан ортиқ киши гуруҳ-гуруҳ бўлиб келганди.

Шотландия ҳукуматининг бош тиббий маслаҳатчиси доктор Кэтрин Кальдервуд эса дам олиш кунларида ўзининг шаҳар ташқарисидаги уйига бориб, ижтимоий масофаланиш тартибини бузгани учун полиция томонидан огоҳлантирилди. Кальдервуд хоним ўз ҳаракати учун узр сўради, аммо ундан истеъфо талаб қилиш бошланган.

Le Soir нашри маълумотига кўра, Бельгия эпидемиологик пикдан ўтган. Сўнгги кунда интенсив терапия бўлимига ётқизилган Covid-19 беморлари сони 1261 нафарни ташкил этди, бу бир кун олдингидан 16тага кўп. Сўнгги бир кунда 164 ўлим қайд этилди, 504 киши соғайди.

Австралияда «Ruby Princess» круиз лайнери йўловчилари орасида коронавирусга чалинганлар борлигига қарамай, кемадагиларга Сиднейда қирғоққа туширилишига рухсат берилгани юзасидан жиноий иш очилиб, текширув бошланди.

Кемадагиларнинг 600 нафарида коронавирус аниқланган, 10 киши вафот этган.

Бу лайнерда касалланган йўловчилар Австралиядаги жами ҳолатнинг 10 фоизига тенг - шу вақтгача Австралияда 5 548 кишида коронавирус аниқланган.

Баҳрайн ҳукумати карантин тартибини бузувчиларни кузатиш учун электрон тамғадан фойдалана бошлади.

Бу мамлакатда коронавирусдан зарарлангани гумонланганларнинг ҳар бири ўз билан датчик олиб юриши керак, бу датчик махсус электрон иловага уланган бўлади. Тартибни бузувчиларга 3 ойлик қамоқ ёки 26 минг доллар жарима жазоси таҳдид солади. Баҳрайнда шу вақтгача 261 киши вирус юқтирган, уларнинг 4 нафари вафот этган.

Бугун жаҳоннинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлмиш Жанубий Суданда ҳам илк марта коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид