Жаҳон | 09:01 / 25.05.2026
2626
2 дақиқада ўқилади

Испанияда уй-жой инқирози: ижарачилар кўчаларга чиқди

Испания пойтахти Мадридда ўн минглаб одам уй-жой ижараси нархларининг кескин ошишига қарши норозилик акциясига чиқди. Намойиш иштирокчилари ижара нархларини пасайтириш ва уй-жой сиёсатида ислоҳотлар ўтказишни талаб қилди.

Фото: Richard Zubelzu/ZUMA/picture alliance

Маҳаллий Ижарачилар уюшмаси томонидан ташкил этилган акцияда, турли ҳисоб-китобларга кўра, 23 мингдан 100 минг нафаргача одам иштирок этган.

Намойиш “Уй-жой ҳаётимизга қимматга тушмоқда. Нархларни туширайлик” шиори остида ўтказилди. Қатнашчилар муддатсиз ижара шартномаларини қайтариш, ижара ҳақини камайтириш, шунингдек минимал иш ҳақи ва пенсияларни 1500 еврогача оширишни талаб қилди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, сўнгги беш йилда Мадридда уй ижараси нархлари 50 фоиздан зиёдга ошган. Ҳозирда шаҳарда квартира ижарасининг ўртача ойлик қиймати 1500 евродан ошиб кетган.

Ижарачилар уюшмасига кўра, айрим оилалар даромадининг 70 фоиздан ортиғини уй-жой учун сарфлашга мажбур бўлмоқда. Намойишчилар бу ҳолатда кўчмас мулк эгалари, инвестиция фондлари, агентликлар ва давлат сиёсати айбдор эканини айтмоқда.

Маълум қилинишича, Мадриддаги акция июнь ойида Испаниянинг 24 шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишларининг бошланиши ҳисобланади.

Ижарачилар уюшмаси вакили Алисия дель Рио фуқаролик бўйсунмаслигига чақириб, мамлакатдаги ижара тизимини “ижара бизнеси диктатураси” деб атади.

Испания ҳукумати эса уй-жой муаммосини мамлакатда туристлар оқимининг кескин ортиши билан боғламоқда. Хусусан, қисқа муддатли ижара хизматларининг кўпайиши маҳаллий аҳоли учун узоқ муддатли ижара уйларини топишни қийинлаштирган.

Шу муносабат билан Барселона шаҳрида 2029 йилгача туристик квартираларни босқичма-босқич бекор қилиш таклиф қилинган. Мадрид маъмурияти ҳам бундай уйлар сонини қисқартиришни режалаштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид