Жаҳон | 22:40 / 07.04.2020
6495
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус эпидемияси ўчоғи бўлган Уҳандан чиқиш йўллари очилди

Хитой маъмурияти коронавирус эпидемияси ўчоғи бўлган ва 76 кун ташқи дунёдан узилган Уҳан шаҳридан чиқиш йўлларини очди.

Фото: Getty Images

8 апрелга ўтар кечаси ҳукумат трассаларни очиб, одамларга шаҳардан машиналарда чиқишига рухсат берди. Бу воқеанинг жонли трансляциясини Хитой марказий телевидениеси олиб борган.

11 млн кишилик Уҳан коронавирус авж олиши сабабли 23 январдан ташқи дунёдан изоляция қилинганди. Шаҳар билан транспорт алоқаси тўлиқ тўхтатилган. Шаҳарга сув транспорти ҳам киритилмаган, аэропорт ва темир йўллари вокзаллари ишламаган. Уҳанликларга шаҳарни махсус рухсатсиз тарк этиш тақиқлаб қўйилганди.

28 мартдан Уҳанга поездлар киришига рухсат берилганди, 8 апрелдан эса ундан чиқиш ҳам мумкин бўлади. Шунингдек, авиаалоқани қисман тиклаш режалаштирилган. 

Шаҳар коронавирус тарқалиши олдини олиш учун 76 кун қатъий изоляцияда бўлган. 

Таъкидлаш жоиз, шаҳардан чиқиш очилиши олдидан шосседа Уҳандан чиқишни истаётганлар машиналари тўпланган.

Global Times нашрининг ёзишича, 8 апрелда шаҳарни поездда 55 мингга яқин одам, асосан шаҳардан ташқарида ишловчи одамлар тарк этади. Уҳан маъмурияти шаҳардан чиқишга рухсат берилганига қарамай, аҳолини уни заруратсиз тарк этмасликка чақирган.

ОАВ маълумотларига кўра, охирги 2 ҳафта ичида Уҳанда коронавирусдан бор-йўғи 2 та касалланиш ҳолати қайд этилган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид