Ўзбекистон | 11:49 / 08.04.2020
237994
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна бир киши коронавирусга чалиниш оқибатида вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморлардан бири - 30 март куни шифохонага ётқизилган 40 ёшли бемор ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди. Бу Ўзбекистонда коронавирус беморларидан учинчиси вафот этиши бўлди.

«Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Ш. шу йилнинг 30 март куни тез тиббий ёрдам орқали оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга барча зарур муолажалар кўрсатилган. Шу йилнинг 31 март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.

40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Даволаниш даврида тиббиёт фанлари доктори, профессор А.Хаджибаев раҳбарлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош пульмонологи, профессор И.Ливерко, етакчи реаниматологлар Д.Собиров ва Х.Саттаров иштирокида видеоалоқа орқали керакли тавсиялар бериб борилган. Бундан ташқари, даволаш стандартларига мувофиқ, вирусга қарши, антибактериал, инфузион, муколитик, симптоматик ва респиратор терапия муолажалари ҳам олиб борилган.

Бироқ қатор соҳа мутахассисларининг ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан кеча оқшом беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган. Етакчи реаниматолог ва бош торакал хирург Ш.Худойбергенов бошчилигидаги мутахассислардан керакли тавсиялар ҳам олинган. Берилган тавсиялар тўлиқ бажарилишига қарамасдан бемор Ш.да юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхташи кузатилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

  • 8 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳолатлар сони 534тани ташкил қилмоқда. Шу вақтгача беморларнинг 30 нафари соғайган, 2 киши вафот этган - 72 ёшли наманганлик аёл (27 март) ва Тошкентда яшаган 39 ёшли эркак (28 март).
  • Бундан аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонда коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг 31 нафарида пневмония кузатилаётгани, шундан 9 кишининг аҳволи нисбатан оғирлиги, 2 нафарининг аҳволи эса ўта оғир баҳоланаётгани, ўта оғир аҳволдаги икки бемор сунъий нафас олдириш аппаратига улангани ҳақида маълумот берганди.

 

Мавзуга оид