Жаҳон | 09:41 / 10.04.2020
9880
2 дақиқада ўқилади

Берни Сандерс президентлик пойгасидан чиқиб кетишининг сабабини маълум қилди  

АҚШнинг Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс президентлик пойгасидан асосан коронавирус пандемияси сабабли чиқиб кетишга қарор қилди.

Фото: AP Photo/Patrick Semansky

Бу ҳақда унинг ўзи MSNBC телеканалига интервьюсида маълум қилди.

“Фикримча, менинг қароримга АҚШ сенатори сифатида мамлакат пандемия вақтида тўқнаш келган мислсиз инқироз ҳамда 17 млн киши ишини йўқотгани ортида чоралар кўришим кераклиги таъсир кўрсатди”, деб айтган сенатор. Сандерснинг таъкидлашича, у “иқтисодий инқироз вақтида меҳнаткашларни ҳимоялаш ва барча муҳтожларни тиббий суғурта билан таъминлаш учун барча имкони бор ишни амалга оширади”.  

Сандерснинг таъкидлашича, унинг баъзи тарафдорлари собиқ вице-президент Жо Байдендан овозлар бўйича анча ортда қолаётганига қарамай, унга пойгада иштирокни давом эттиришни тавсия қилишган.

Сенатор 8 апрель куни АҚШ президенти лавозимига курашдан чиқишини эълон қилди. The New York Times нашрининг хабар беришича, ўша вақтда Сандерсни демократларнинг 914 делегати, Байденни эса 1217 делегати қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган. Нашрнинг таъкидлашича, бундай вазиятда Сандерсда Байдендан ўзиб кетишга деярли имкон бўлмаган.

АҚШ Демократик партиясининг Байден АҚШ президенти лавозимига номзод сифатида эълон қилинадиган миллий қурултойи ўтказилиши август ойига белгиланган. Дастлаб у 13-16 июлга белгиланган эди, бироқ пандемия сабабли кейинроққа қолдирилганди. Президент сайловлари ўтказилиши жорий йилнинг 3 ноябрига белгиланган.

Мавзуга оид