АҚШ бир неча соат олдин Исроил шу вақтгача зарба бера олмаган Эроннинг ядро объектлари жойлашгани айтилган Фордо заводига Б-2 самолётлари зарба берди. Бу билан амалда америкаликлар исроилликларнинг ҳужумларига қўшилди. Президент Доналд Трампнинг ушбу қарори АҚШ қонунчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айрим Сенаторлар Трампнинг қарорини АҚШ Конституциясига зид, деб атади.

АҚШ Конституциясига кўра, уруш эълон қилиш ва ҳарбий ҳаракатларга рухсат бериш ваколати қонунчиларга тегишли. Бироқ Трамп Эронни нишонга олишдан аввал Конгрессдан рухсат олмади.

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, Сенат ва Вакиллар палатасида ҳар икки партиядан қонунчилар Трампни Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилишдан олдин Конгрессга мурожаат қилишга мажбур қилувчи қонун лойиҳаларини илгари сурганди. Аммо Трамп бу ташаббус бўйича овоз берилишидан олдин зарбани амалга оширди.

Конгресс томонидан рухсат олинганининг йўқлиги АҚШ сиёсатида муҳим баҳс мавзусига айланди.

Трампнинг Конгресс рухсатисиз Эрон урушига қўшилиш имкониятини чеклашга қаратилган қонунчилик ташаббусига бошчилик қилаётган республикачи Томас Масси бу зарбаларни АҚШ Конституциясининг бузилиши деб атади. Унга кўра, урушга оид қарорларни фақат қонунчилар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Сенатор Берни Сандерс Оклахома штатидаги тадбирда Эрон бўйича АҚШ ҳужумлари ҳақида одамларни хабардор қилар экан, бу ҳаракатни «конституцияга мутлақо зид» деб атади.

«Сизларнинг билишингиз керакки, фақат АҚШ Конгресси мамлакатни урушга олиб кириш ҳуқуқига эга. Президентда бундай ҳуқуқ йўқ,» – деди Сандерс