Билл Гейтс вирус эпидемияларининг ҳар 20 йилда такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирди
Америкалик миллиардер Билл Гейтснинг фикрича, янги вирус эпидемиялари ҳар 20 йилда такрорланиши эҳтимоли мавжуд.
У коронавирус пандемияси инсониятни таҳдидларга олдинроқ тайёрланишга ўргатишига умид қилишини айтган. Бу мақсаддаги сарф-харажатлар инқироздан кўриладиган йўқотишлардан анча камроқ бўлади.
“Дунё бўйлаб кўплаб саёҳатлар амалга оширилиши ҳисобга олинса, одамлар ҳар 20 йил ёки шу атрофда бундай ёки бунга ўхшаш вируслар пайдо бўлишини энди англамоқдалар. Шу сабабли одамлар ҳукуматлар инфекцияга қарши курашга тайёргарликни ўз устувор вазифаси қилишини кутиб қолишади”, деб таъкидлаб ўтган Гейтс Financial Times нашрига берган интервьюсида.
Миллиардернинг айтишича, бой давлатларга ҳам таъсир қилган жорий пандемия ва унинг ортида триллионлаб доллар йўқотилгандан кейин одамлар бўлғуси эпидемияларга яхшироқ тайёрланиш ҳақида ўйлай бошлайдилар. “Бу ҳодиса одамлар ўз ҳаётлари давомида кузатаётган энг катта ҳодисадир. Бизда ишончли ташхислаш бўлади. Бизда катта антивирус кутубхоналари бўлади. Биз антитаналар миқдорини кўпайтирамиз. Бизда эрта огоҳлантириш тизимлари бўлади. Бизда вакцина платформалари бўлади. Биз машғулотлар ўтказамиз”, деб прогноз қилмоқда Гейтс. Бу тадбирларга сарф-харажатлар ҳозирги инқирозга қарши курашга сарфланаётган ва ундан йўқотилаётган суммалар олдида жуда кичик бўлади, бироқ шунга қарамай салмоқли сармоялар талаб этилади.
Гейтс 2015 йилда TED лойиҳасидаги нутқида дунё пандемияга тайёр эмаслигини таъкидлаб ўтган. 2018 йилда эса яқин ўн йилликда янги пандемия юз бериши мумкинлигини айтган. Ўшанда миллиардер 1918 йилда 50 млн кишининг ҳаётини олиб кетган испан гриппига ўхшаш касаллик ҳозирги вақтда ярим йил ичида 30 млн ўлимга олиб келиши мумкинлигини айтган.
Билл Гейтс Microsoft компанияси бошқарувидан чиққач, хайрия билан шуғулланишни бошлаган. Январь охирида Билл ва Мелинда Гейтс хайрия жамғармаси коронавирусга қарши курашга 10 млн доллар ажратишини, бир неча кун ўтиб эса бу суммани 100 млн долларгача оширишини маълум қилган.
Мавзуга оид
23:20 / 03.10.2024
Билл Гейтс сунъий интеллект олдидаги учта асосий қўрқувини айтди
10:17 / 01.12.2023
Билл Гейтсдан йил якунида 3 та китоб – миллиардер қандай китоблар тавсия қилди?
23:05 / 24.11.2023
Сунъий интеллект туфайли инсоният уч кунлик иш ҳафтасига ўтади – Билл Гейтс
12:21 / 15.06.2023