Жаҳон | 22:29 / 11.04.2020
62730
9 дақиқада ўқилади

Сингапур коронавирусни енггани айтилганди. Аммо «иккинчи тўлқин» вазиятни оғирлаштирди

Коронавирус тарқалишининг дастлабки босқичида Сингапур бутун дунёга вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича намуна сифатида кўрсатилганди.

Фото: Getty Images

Сингапур вирус ҳали Covid-19 деб аталишидан аввал мамлакатга кириш бўйича чеклов жорий этиб, касалланганларни самарали тарзда жамиятдан ажрата олди. Бу чоралар вирус тарқалишининг олдини олди.

Аммо сўнгги кунларда вирус юқтирганлар сони кескин оша бошлади. Чоршанба куни 142 киши, пайшанба куни 287 киши, жума куни яна 198 киши вирус юқтиргани аниқ бўлди. Шанба куни яна 191 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди ва жами касалланиш ҳолатлари сони 2,299тага етди, қурбонлар сони 8 нафар.

Касаллик айниқса ётоқхоналарни тўлдириб турган муҳожирлар орасида кўпаймоқда. Сингапур бир қарашда касалликни карантинсиз енгаётгандек кўринганди, аммо ҳозир вазият карантин жорий этишни талаб қила бошлади.

Мактаблар ёпилди, фақат ўта зарур маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар ишламоқда, одамлар уйдан чиқмаслик бўйича тилхат ёзиб беришган. Ривожланган давлатлар қаторидаги Сингапур пандемиянинг бошланишида ҳаммага ўрнак бўлганди, энди эса камбағал давлатлар учун ҳам дарс бўладиган тажрибага асос бўлди.

Нега ҳаммаси яхши эди?

Сингапурга келувчиларнинг барчаси икки ҳафталик карантинга юбориларди / Getty Images

Сингапурда илк касаллик ҳолати январдаёқ аниқланди. Бу 23 январь куни Уҳандан келган сайёҳ бўлган. Айнан ўша куни Уҳан карантинга ёпилганди. Касаллик Covid-19 деб ном олган вақтда сингапурликлар орасида ҳам тарқалишга улгурганди.

Аммо ҳукуматда аниқ режа бор эди. Аэропортлардаги текширувдан ташқари инфекция юқтиргани гумонланган ҳар бир киши тест топширди. Касалланганлар билан алоқада бўлганлар тўлиқ назоратга олинди. Мамлакатга кириб келган ҳар бир фуқаро икки ҳафталик мажбурий карантинга юборилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Сингапурнинг ҳаракатларини намуна сифатида кўрсатди. Амалга оширилган ишлар чиндан фойда бериб Сингапур касаллик тарқалиши устидан назорат ўрната олди. Шу боис мамлакатда карантин ёки кескин чекловлар жорий қилинмади.

Аммо хурсанд бўлишга ҳали эрта эди. Бу фикрни айтганлар сингапурликлар орасида ҳам топиларди. Сингапур миллий университети профессори Дэйл Фишер нега мамлакат қолганлардан кўра вирусга қарши яхши курашаётгани ҳақида саволга жавоб берар экан шундай деганди: «Ҳозирча ҳаммаси яхши. Бу касалликни жиловлаш жуда қийин».

Аҳвол қачон ёмонлашди?

Вазият март ойининг ўрталаридан бошлаб ёмонлашди. Ўшанда бутун дунё вазият жиддийлигини тушунган ва фуқароларини уйга қайтишга чорлай бошлаганди. Ўшанда минглаб одамлар Сингапурга кириб келди. Улар орасида касалликка қарши чоралар кўрилмаган давлатлар ҳам бор эди. 500 киши ўзи ҳам билмай мамлакатга вирус олиб кирди.

Ўшанда ҳам барча келганларга икки ҳафта давомида уй карантинида бўлиш буюрилди, лекин уларнинг оила аъзоларига кўчага чиқиш тақиқланмади. Фақат касаллик аломатлари бўлганларгина уйдан чиқмаслиги керак эди. Ахир ҳамма ҳам вирус юқтирганда иситмаламайди, организми кучли бўлгани боис ҳеч нарсани сезмай юраверади, лекин уни бошқаларга юқтиради.

Вирус юқтирганлар сони шундоғам ошиб бораётганди, аммо айнан март ойи охирига келиб касалланганлар кескин кўпайишни бошлади. Бунинг устига асосан карантиндагилардан аниқланаётган вирус энди карантинда бўлмаган одамлар орасида ҳам чиқа бошлади. Бу эса касаллик энди жиловдан чиқди дегани эди.

Сингапурнинг энг катта хатоси четдан келганлар билан мулоқотни чекламаганида бўлди. Чунки касаллик ҳеч қандай аломат бўлмаган одамдан ҳам бошқаларга юқиши исботланди. Бундан ташқари, касалликдан тузалган ҳамманинг ҳам танасида коронавирусга қарши иммунитет шакллангани аниқ эмас.

Хатолардан ўрнак олинди

Юқоридаги ҳолатдан хулоса чиқарган Сингапур ҳукумати энди четдан келаётган барчани ёппасига карантинга олмоқда. Улар орасида касалланганлар сони ҳам кўпайиб кетмаяпти.

Шу ҳафтада мамлакатда махсус чекловларни киритиш имконини берадиган қонун қабул қилинди. Қонунда карантин деган сўз бўлмаса-да, у чекловларни назорат қилишни ўз ичига оларди. Унга кўра, уйдан чиқишга фақат жуда зарур ҳолатларда ва спорт билан шуғулланиш учун рухсат берила бошланди. Қоидани бузганлар 7 минг доллар миқдорида жарима ёки ярим йилгача қамоқ билан жазоланмоқда.

Бу чоралар самара бергани айтилмоқда. Шунингдек, кейинчалик касаллик юқтирганлар сони ортиб бориши янги чораларнинг самарасизлигидан дарак бермайди, аксинча шу чоралар жорий этилишидан олдинги етти куннинг оқибати бўлди. Сўнгги вақтларда муҳожирлар орасида касаллик юқтирганлар кўпайиб кетди.

Сингапур бой давлат бўлгани учун у ердаги «қора ишлар»ни камбағалроқ давлатлардан келган ишчилар бажаради. Мамлакат бу муҳожирлардан воз кечолмайди, чунки уларсиз иқтисодиёт оғир аҳволда қолади. Ишчилар орасида вирус кўпаяётганининг сабаби шуки, уларнинг ишида оралиқ масофани сақлаш қийин. Бундан ташқари, ишчилар қонунга кўра ётоқхоналарда яшаши керак. У ерда эса битта хонада 12 нафаргача одам истиқомат қилади. Табиийки, ҳаммом, ошхона, ҳожатхона ҳамма учун битта бўлади.

Меҳнат муҳожирлари Сингапур иқтисодиёти учун муҳим / Getty Images

Бу муҳожирлар ётоқхоналари инфекция уяси бўлиши олдиндан айтилганди, шундай бўлди ҳам. Ётоқхоналардан бирида 500 кишида вирус аниқланди. Яна бир ётоқхонада бутун мамлакатдаги инфекцияга чалинганларнинг 15 фоизи бўлиб турибди. Чунки муҳожирлар касаллик юқтириб ҳам ишлайверишган.

Сингапурдаги ётоқхоналарда содир бўлган воқеалар вирусга қарши курашда унчалик кўп пул сарфлай олмайдиган давлатлар учун бепул дарс бўлди. Тиббиёти кучли ва гигиена жиҳатидан намунали бўлган Сингапур каби бой давлатда вирус асосан қандай йўл билан юқиши кўриниб қолди. Айниқса, Осиё ва Африканинг одамлари ётоқхонага ўхшайдиган уйларда истиқомат қиладиган давлатлари айниқса Сингапурдаги вирус тарқалиши маршрутини ўрганиши керак.

Вирус Сингапур каби намунали ва бой давлатнинг нозик жиҳатини кўрсатиб берди. Ҳа, бу муҳожирлар эди. Шу боис мигрантлари кўп давлатлар айниқса эҳтиёт бўлиши керак. Балки Синапурдаги воқеаларни кўргандан кейин Дональд Трамп давлатларга ўз фуқароларини АҚШдан олиб кетишни сўрагандир.

Сингапурдаги ётоқхоналарда барча халқаро талаблар бажарилган, одамлар учун ажратилган жойлар ҳам норма бўйича. Аммо фақат талаблар билан иш битмаслиги, одамларнинг тўпланиши ҳар қанақасига хавфли экани кўринди. Сингапурнинг санитар жиҳатдан муаммо бўлмаган ётоқхоналаридаки вирус тарқалиб кетди, Африканинг одамлари санитария деган сўздан йироқ шароитда яшайдиган давлатларида аҳвол қандай бўлади? Сингапурнинг пули кўп, касалланган муҳожирларга ёрдам бериши мумкин, лекин бу ҳолат камбағал давлатларда содир бўлсачи?

Сингапурда 24 минг муҳожир ётоқхоналарида карантинда бўлиб турибди. Улар ишламасалар ҳам маошларини олишда давом этишмоқда ва озиқ-овқат билан таъминланган. Ҳукумат улар учун ҳамма керакли ишларни қилмоқда. Ҳатто ётоқхонада зерикмасликлари учун жойлар бўшаса, армия лагерларидаги карантин муассасаларига олиб боришяпти.

Вирусни жиловлаб бўлмаслиги Сингапур мисолида кўринди

Сингапур вирусга қарши ҳаракатларни кеч бошлади дейишмоқда, аммо бундай эмас. Сингапур кўп давлатлардан тезроқ ҳаракатни бошлаганди. Юқорида фикрларини келтирганимиз профессор Фишер вирусга қарши кураш учун асосий уч омилни санади.

Биринчидан, вирус тарқалишининг олдини олиш керак. Бу учун эса одамлар уйда қолиши шарт. Иккинчидан, тиббиёт кучли бўлиши лозим. Касалхонада жойларни бўшатиш, шифокорларга дам олиш учун шароит яратиш жуда муҳим. Учинчидан, ҳамма бирламчи шароитларни яратиш, карантин жойларини тайёрлаш, касалланганлар билан контактларни назорат қилиш.

Қайсидир маънода, Сингапурнинг омади келди. Чунки АҚШ ва Британия каби бу давлатда тиббиёт катта босим остида қолмади. Шунингдек, одамларни қўрқитадиган шов-шувлар тарқалмади. Чунки мамлакатда битта ҳукмрон партия мавжуд ва ОАВ унга қарши чиқмайди. Профессор Фишернинг хавотирига кўра, ОАВда «ҳаммаси жойида экани» ҳақида хабарлар тарқайди ва оқибатда одамлар ҳаммаси ўзларига боғлиқ эканини тушунмай, касаллик яна тарқаб кетиши мумкин. Одамлар давлат ҳаммасини қиляпти, деб юраверишади.

Юқоридаги қонун кучга киргач, 10 мингдан ортиқ сингапурликлар огоҳлантирилди. Масалан, савдо марказларидаги фудкортларда овқатларни олиб кетиш ўрнига еб ўтирганлар қоидабузар сифатида рўйхатга олинди.

Сингапур мисолида шундай нарсани кўрдикки, мамлакатлар коронавирус тарқалишининг иккинчи, учинчи ва ҳатто тўртинчи тўлқинига тайёр туришлари керак. Дунё Сингапурдаги ётоқхоналарда содир бўлган воқеаларни айниқса диққат билан кузатиши шарт...

Мавзуга оид