Жаҳон | 21:03 / 31.08.2024
3893
3 дақиқада ўқилади

Сингапурда эркак хотини билан ажрашиш учун унинг машинасига каннабис ташлаб қўйгани аниқланди

Эркак ва аёл 2021 йилда оила қурган, бироқ орадан бир йил ўтиб оила бузилган. Сингапурда камида уч йил бирга яшаган оилаларнинг расман ажрашишига рухсат берилгани учун улар ариза бера олмай келган.

Фото: Getty Images

Сингапурда собиқ рафиқасидан қасос олиш мақсадида унинг машинасига каннабис ташлаб қўйган эркак 4 йил муддатда озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради BBC.

Қайд этилишича, 37 ёшли Тан Сянлун рафиқасига тегишли машинанинг орқа ўриндиғи орасига ярим килограмм каннабис ташлаб қўйган — бу гиёҳванд моддалар савдоси учун белгиланган ўлим жазосини тайинлаш учун етарли деб ўйлаган.

Сингапурда гиёҳвандликка қарши кураш бўйича дунёдаги энг қатъий қонунлар мавжуд бўлиб, ҳукумат бу қонунлар гиёҳванд моддалар жиноятининг олдини олиш учун зарур деб ҳисоблайди.

Суд ҳужжатларига кўра, Тан «даъвогар тарафни қўрқитиб, унда қонун билан муаммоларни юзага келтирмоқчи бўлган». «У ўз режаси амалга ошадиган бўлса, собиқ рафиқаси ҳибсга олиниб, оғир жиноятда айбланишини тушунган», — дейилади хабарда.

29 август куни бўлиб ўтган судда у каннабис сақлаб келгани учун 3 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, суд эркакка нисбатан ашёвий далилларни қасддан ташлаб қўйиш бўйича иккинчи айбловни ҳам кўриб чиққан.

Тан ҳамда рафиқаси 2021 йилда оила қурган ва орадан бир йил ўтиб улар ажрашиб кетган. Сингапурда камида уч йил бирга яшаган оилалар ажрашишига рухсат берилгани учун улар ариза бера олмай келган. Тан агар рафиқаси судланса, ушбу қоидага истисно қўлланиши мумкин деб ўйлаган.

Ўтган йили у Telegram орқали таниш аёл билан мулоқоти давомида рафиқасидан қутулиш учун «идеал жиноят» ўйлаб топганини айтган. 16 октябр куни у мессенжердаги чатлар орқали каннабис сотиб олган ва эртаси куни уни рафиқасининг машинасига яширган.

Афтидан, Тан рафиқасининг автомобили камералар билан жиҳозланганидан бехабар бўлган. Аёл телефонига келган видеода собиқ турмуш ўртоғи унинг автомобили атрофида ўралашиб юрганини кўрган ва бу ҳақда полицияга хабар берган.

Тергов давомида полиция машинани тинтув қилиб, у ердан гиёҳванд моддаларни топган ва Таннинг рафиқасини ҳибсга олган. Аммо унга нисбатан бирор далил топилмагач, тергов эътиборини Таннинг ўзига қаратган.

Сингапурда гиёҳванд моддаларни сақлаганлик учун қамоқ, унинг савдоси билан ноқонуний шуғулланганлик учун эса ўлим жазоси белгиланган.

Мавзуга оид