Ўзбекистон | 15:18 / 12.04.2020
25810
4 дақиқада ўқилади

Вақтинча чора: пенсиялар пластик карталар орқали берилиши лозим

Бугунги кунда ўзига хос дилемма пайдо бўлган. Бир тарафдан, 65 ёшдан ошганлардан «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий амал қилиш сўралмоқда. Иккинчи томондан, пенсионерлардан иборат бу гуруҳга пенсиялар бевосита контакт орқали берилмоқда.

Фото: KUN.UZ

18 мартдан бошлаб, «Халқ банки» ходимлари пенсия ва бошқа нафақа пулларини аҳоли яшаш манзилларига етказиб беряпти. Албатта, бундан мақсад – профилактика чоралари, олдингидек кўпчилик тўпланишининг, навбатларнинг олдини олиш, кексаларни овора қилмаслик.

Бироқ бу чора бугунги кун шароитида етарлими? Коронавирус касаллигининг кун сайин пайдо бўлаётган янги таҳдидларига жавоб бера оладими?

Бу саволларга катта эҳтимол билан йўқ, дея жавоб бериш мумкин. Чунки сабаблар аниқ:

­1. Аввало, хавф гуруҳида энг эҳтиёт қилиниши керак бўлган – пенсионерлар ҳақида гап кетмоқда;

2. Нақд пулларда вируслар 3-5 кунгача сақланиб, патоген (касаллик юқтириш) қобилиятини сақлаб қолиши маълум. Демак, айнан нақд пуллар орқали кексалар гуруҳига қарши янги хавф пайдо бўлади;

3. Ҳозирги услубда, яъни уйма-уй ёки кўп қаватли уйлар олдида тарқатилишида ҳам эҳтиёт чораси кўрилган. Лекин барибир бир гуруҳ (яъни пенсия тарқатувчилар) навбат асосида кўпчилик билан мулоқот қилади, бевосита пул топширади, ҳужжатларни расмийлаштиради. Бу эса касаллик тарқалишига яхшигина имкон демакдир.

Албатта, Марказий банк, «Халқ банки» томонидан керакли эҳтиёт чоралари кўрилмоқда. Жумладан, нақд пуллар дезинфекция қилинмоқда, ҳар бир пенсионерга пуллар алоҳида пакетда берилмоқда. Лекин бу чоралар ҳам камлик қилиб қолиши ҳеч гап эмас.

Хўш, ечим қандай?

Жуда оддий. Шу пайтгача ҳам қўлланиб келинган пластик карталарга қайтиш бугунги кунда энг яхши чора бўла олади. Ўз вақтида нақд пул муаммоси туфайли пластик карталарни кўпчилик хушламасди. Биринчи навбатда айнан пенсиялар тўлиқ нақд шаклда тўланиши ҳам бежиз эмасди.

Аммо бугун вазият бошқача. Пластик карталар орқали аксарият жойларда харидларни амалга ошириш, тўловларни қилиш мумкин. Телефонлардаги мобил иловалар ҳам пластик картадаги маблағларни масофадан туриб истаганча тасарруф қилиш имконини беради. Жуда зарур ҳолда банкомат орқали керакли миқдорда нақд пул олиш ҳам муаммо эмас.

Демак, пенсионерлар учун пластик карталардан фойдаланишни вақтинча (!) қайта тиклаш керак. Борди-ю кимдир ҳеч ҳам бунга кўнгиси келмаса, ўз яқинига ишончнома расмийлаштириш йўли билан ўзини яккалаши шарт.

Энг муҳими, бу нақд пуллар тақчиллиги туфайли ўйлаб топилган чора, деб ҳисобланмаслиги керак. Аксинча, айни пайтда маблағ айланиши сусайиши туфайли банкларда ҳатто ортиқча нақд пуллар тўпланиб қолган.

Бундан ягона мақсад – ёши улуғ фуқароларимизни касаллик юқишидан ҳимоялашдир.

Маълумот учун: Koronavirus Info телеграм каналида ўтказилган сўровномада 90 минут давомида 70 минг киши иштирок этган ва «Пенсия ва нафақалар қандай шаклда берилиши керак?» деган саволга 71 фоиз қатнашчилар «Пластик картада берилиши керак» деб, 29 фоиз иштирокчилар эса «Вирус хавфи бўлса ҳам нақд пулда берилиши керак» дея жавоб беришган.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид