Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
13 апрель – туман (шаҳар) адлия органлари ташкил этилган кун
Бундан икки йил олдин, яъни 2018 йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сонли фармони қабул қилинди ва унга асосан жойларда туман (шаҳар) адлия бўлимлари ташкил этилди.
Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, бунда бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш мақсадида ушбу бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда туман-шаҳарларда адлия бўлимларининг иш юритаётганлиги ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, республиканинг барча туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари чуқур таҳлилий ўрганиб чиқилиб, аксарият ҳолатларда мурожаатларнинг қаноатлантирилишига эришилмоқда.
Биргина Тошкент вилоятининг туман (шаҳар) адлия бўлимларига жорий йилнинг 1-чораги давомида келиб тушган 2400 дан ортиқ мурожаатларнинг 1452 таси ёки қарийб 60 фоиздан ортиғи қаноатлантирилган.
Бўлимлар томонидан аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан кўплаб тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга даъво аризалари киритилиши таъминланмоқда.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий тарғиботни ташкил этиш, маҳаллий ҳокимлик ва кенгашларнинг норматив тусдаги қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Адлия бўлимларига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда келгусида ҳам юқоридаги каби ишлар тизимли равишда давом эттирилишига умид билдириб қоламиз.