Ўзбекистон | 22:11 / 13.04.2020
29245
7 дақиқада ўқилади

Пенсияни пластик карточкага кўчириш масаласи: Сабаблар, оқибатлар ва муаммолар

Коронавируснинг нақд пуллар орқали ҳам юқиши мумкинлиги, пенсия ёшидагиларнинг COVID-19 касаллигини бирмунча оғир кечириши сабабли пенсияларни карантин шароитида тўлиқ пластик карточка орқали тарқатиш таклифлари янграй бошлади.

Ҳамкасбим Аброр Зоҳидов бир муддат аввал профилактика чоралари, олдингидек кўпчилик тўпланишининг, навбатларнинг олдини олиш, кексаларни овора қилмаслик мақсадида пенсияларни вақтинча пластик карточкаларга ўтказиб туриш кераклиги ҳақида мақола ҳам ёзиб чиқди.

Бу мақолада эса пластик карточканинг техник тарафларига кўпроқ тўхталдик.

Нақд пулнинг нимаси зарарли?

Бугун 65 ёшдан ошганлардан «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий амал қилиш сўралмоқда. Бироқ, пенсионерларга нақд пулдаги пенсиялар банк ходимлари томонидан бевосита контакт орқали берилмоқда.

Пул ўзи дунёдаги энг ифлос нарса. Нақд пулда нафақат коронавирус, бошқа касалликларни қўзғовчи бактерия ва микроблар ҳам истаганча топилади. Қолаверса, коронавирус кўзга кўринмас нарса бўлса, пул тарқатаётган банк ходими тасодифан вирус илаштириб олиб, қарияларга юқтириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Шу сабабли, умрини яшаб, саломатлигидан путур кетган кекса отахон-у онахонларимизни турли балолардан асраш учун пластик карточкага ўтиш энг жўяли чора бўлиб турибди.

Бироқ…

Бу соҳада муаммолар бор

Қандай муаммолар? Биринчидан, қарияларимизнинг барчаси ҳам пластик карточкаларни ишлатишни билишмайди. Иккинчидан, узоқ туманларда барча жойларда ҳам пластик карточка билан савдо қилувчи терминаллар, нақд пул чиқариб берувчи банкоматлар етишмайди.

Қолаверса, бу борада узоқ туманларда яшовчи ҳар қандай кишини ўйлантирувчи яна бир дилемма борки, уни алоҳида тилга олмасдан илож йўқ.

Хўп, пенсиялар ёппа пластик карточкага ўтсин, ҳам дейлик. Қайси тизимдаги пластик карточкалар тарқатилади?

UzCard’ми ёки Humo?

Бу саволни бежиз қўймаяпмиз. Чунки бизга келаётган кўплаб мурожаатлардан аён бўлиб турибдики, жойларда кимларнингдир оғзаки буйруқ ва кўрсатмалари билан бюджет ташкилотларининг рисоладагидек ишлатиб юрилган UzCard пластик карточкаларини ёппасига Humo’га алмаштириш бошланган.

Ҳозир кимдир вазиятдан фойдаланиб, пенсионерларга муаммо яратиб, барчасини бир деганда Humo’га ўтказиб, «қўлини иситиб» қолмасмикан, деган ҳадик ҳам бор.

Humo карточкалари ўзининг замонавийроқлиги билан катта шаҳарларда, хорижга бориб-келиб юрувчилар учун кўплаб қулайликлар яратаётгандир. Лекин пенсиясига асосан рўзғор учун озиқ-овқат, коммунал тўлов-у дори-дармонлар харид қилиб юрувчиларга бу даҳмазалар ортиқча, албатта.

Узоқ қишлоқ туманларида Humo банкоматлари йўқ (банкоматлар харитаси), ҳаттоки дўконларда терминаллар етишмаслиги, борларида ҳам 4-5 фоизгача устама ечиб олинаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди.

Humo’дан фарқли ўлароқ UzCard 15 йилдан буён инфраструктурани жойига қўйиб олди, барча жойда бирдек фойдаланилмоқда. Мобил иловалари кўп, оффлайн режимда ҳам ишлайди, пенсионерларга таниш, хуллас, ишлатишга жуда қулай.

Ғолиб қандай аниқланади?

Албатта, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тендер танловлари ўтказиш йўли билан.

Ҳар икки компания ўз таклифларини тайёрлайди. Номзодлар тендерга ойлик айланмаси, нечта ҳамкор банклари борлиги, қанча транзакциялар ўтгани, республика бўйлаб қанча терминал, айирбошлаш шохобчалари ва банкоматлари борлигини, қайси халқаро тўлов тизимлари билан интеграциялашганини кўрсатиб ўтади.

Пенсия жамғармаси пенсионерлар манфаатларини кўзлаган ҳолда улардан афзалроғини танлайди. Табиийки, номзодлардан қай бирида инфратузилма кучли эканлиги, биринчи навбатда ожизроқ, вилоятлардаги қишлоқларда истиқомат қилаётган қўли калтароқ қатлам бўлган — миллионлаб пенсионерларга қулайроқ бўлиши бош мезон бўлиши керак.

Пенсионерлар учун қулай тарифлар

Умуман, пенсионерлар учун алоҳида пластик карталар — пенсия пластик карточкалари яратиш керак. Бундай пластик карталар исталган банк томонидан текин тақдим этилиши лозим (Керак бўлса, банклар ўртасида ҳам тендер ўтказилган ҳолда).

Тўлов тизими бундай карточкаларга хизмат кўрсатиш фоизини нолга тушириши ёки энг кўпи билан ҳар бир операциядан 0,05 фоиз (100 000 сўмдан 50 сўм) даражада белгилаши керак.

Яъни, пенсия пластик карточкаларидан бошқа карталарга пул ўтказишда ҳамда ўз банки банкоматларидан нақд пул олинганида хизмат ҳақи олинмаслиги, бошқа банк банкоматидан фойдаланилганда 0,05 фоиз хизмат ҳақи олинадиган қилиниши лозим.

Тўлов тизимлари ва банклар ўртасида ўтказиладиган тендерларда мана шу шартлар ҳам қўйилиши керак.

Шундагина бу ўзгаришлардан тўлов тизими ҳам, пенсия жамғармаси ҳам, банклар ҳам, пенсионерлар ҳам ютади.

Албатта, бу — идеал шароитда бемалол қилинадиган ишлар. Ҳозирги қатъий карантин шароитида ишларни шошилинч равишда тезлаштириш керак бўлади.

Мутахассис банкир фикри

Бу борада республикамиздаги банклардан бирида ишловчи мутахассис фикрлари билан қизиқдик.

«Марказий банк фармойиши билан 24 мартдан буён нақд пуллар тарқатилишидан аввал 14 кун мобайнида омборхоналарда карантинда сақланмоқда. Билишимча, пенсионерларга тарқатиш олдидан пуллар термик ва ультрабинафша нурлар билан қайта ишланади, микроб ва бактериялари ўлдирилади.

Ўзи, 2017 йил февралгача пенсионерлар пенсияларини тўлиқ пластик карточкаларда олишар эди. 2017 йилгача пенсияга чиққан барча пенсионерларда пластик карточкалар бор. Мабодо муддати ўтган бўлса автоматик равишда уни яна 5 йилга узайтириш мумкин.

Картани чиқарган банкларда пенсионерлар тўғрисида маълумотлар сақланиб турибди. Ҳужжатларга яна бир марта қарияларни югуртиришга ҳожат йўқ.

Қолаверса, менинг фикримча, карантин чоғида пенсияларни пластик карточкага зудлик билан ўтказиш ишлари маълум бир қийинчиликлар келтириб чиқаради. Чунки бу бир ойда битадиган иш эмас. Банк ходими ҳар бир пенсионернинг олдига кириб чиқиши керак. Ёки пенсионерларнинг аксарияти «Халқ банки»га боришга мажбур бўлади. Ҳолбуки, уларга уйдан чиқиш мумкин эмас.

Ҳозир банкларда уйма-уй юриб, маълумот тўплаб чиқишга ходимлар ҳам етишмайди. Чунки карантин чоғида банк ходимларининг ярми мажбурий таътилга чиқариб юборилган.

Бу ишни яхши тайёргарлик кўриб, амалга ошириш керак», — дейди эксперт банкир.

Хулоса ўрнида

Пластик карточка орқали хизмат кўрсатиш соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликлар, имкониятлар борасида қисқача тасаввурга эга бўлдингиз. Нима бўлганда ҳам, бу борада етти ўлчаб, бир кесган ҳолда, «пандора яшигининг қопқоғи»ни очиб юборадиган даражада шошилинч қарор чиқармасдан ишлашга тўғри келади.

Мутасаддиларимиздан эса қария пенсионерларимизнинг манфаатлари топталмайдиган тарзда, ақл билан иш кўриш талаб этилади.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Мавзуга оид