16:14 / 13.04.2020
6542

Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар ижроси қатъий назоратда 

Жорий йилнинг 16 мартидан 5 апрель кунига қадар виртуал қабулхонага келиб тушган 69 минг 514 та мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб, уларнинг 44 минг 759 таси ижобий ҳал қилинган.

Коронавирус пандемияси шароитида аҳоли муаммолари, мурожаатлар билан ишлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада Президент Виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар ижроси қатъий назоратга олинган. Виртуал қабулхона Қўнғироқларни қабул қилиш марказида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳафтанинг барча куни туну кун узлуксиз иш йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 16 мартидан 5 апрель кунига қадар виртуал қабулхонага келиб тушган 69 минг 514 та мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб, уларнинг 44 минг 759 таси ижобий ҳал қилинган, 11 минг 427 та мурожаат қўшимча ўрганиш учун масъулларга қайтарилган, 13 минг 328 та мурожаатни ўрганиш бўйича қўшимча муддат белгиланган.  

Президентнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасида ҳам муарожаатчилар учун карантин шароитида муаммо ва таклифларини етказиш учун барча шарт-шароит яратилган. Халқ қабулхоналари билан маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида ўрнатилган доимий онлайн мулоқот ҳудудлардаги мавжуд реал ҳолатни мунтазам мониторинг қилиб бориш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун масъулларни белгилаш ҳамда ижросини назорат қилишда бир қатор афзалликларни бермоқда.

Бундан ташқари, аҳоли уйдан чиқмаган ҳолда телефон орқали ҳам Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиши мумкин. Фуқароларга янада қулайлик яратиш учун қабулхонага келган мурожаатчилар билан видеоконференцалоқа тизими воситасида мулоқот қилиш, Халқ қабулхоналари олдида ўрнатилган махсус қутиларга мурожаатни қолдириш имкониятлари ҳам яратилди. Қабулхонага келган ҳар бир мурожаатчи тиббиёт ходимлари томонидан зарур текширувлардан ўтказиб, зарур дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Фуқаролардан келиб тушаётган талаб ва таклифлар асосида секторлар раҳбарлари ҳамда бошқа идора ва ташкилотларни жалб этган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари савдоси маҳаллалар кесимида йўлга қўйилди. 

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар, доимий иш билан банд бўлмаган инсонлардан тиббий-ижтимоий, моддий ёрдам кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларида келиб тушаётган мурожаатларга биринчи навбатда эътибор қаратилиб, уларни қисқа фурсатларда мутасадди давлат ташкилотлари иштирокида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, Халқ қабулхоналарига муҳтож инсонлар ва оилаларга ёрдам кўрсатиш истагини билдириб, мурожаат қилаётган кўплаб савобталаб юртдошларимиз ва тадбиркорларимизнинг ҳомийлик ёрдамлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари қошида ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига йўналтирилмоқда. Айни пайтда ҳомийлик хайрияларини манзилли етказиб беришда шу мазмунда мурожаат қилган фуқаролар, уйма-уй юриш жараёнида аниқланган ёрдамга муҳтож оилалар албатта инобатга олинмоқда.

Аҳоли муаммолари билан ишлаш жараёнида аҳолининг яна бир тоифаси – ёшлар мурожаатлари ҳам алоҳида эътиборда бўлиб келаётир. Бу борада давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ёшлар мурожаатларини қабул қилиш маркази Президент виртуал қабулхонасига интеграция қилинган бўлиб, “12502” қисқа рақами орқали бугунги кунга қадар келиб тушган 600 га яқин мурожаат юзасидан ҳам масъул ижрочилар белгиланиб, уларнинг ижроси назорат қилиб борилмоқда. Мурожаатлар таҳлили ёшларимизни асосан бандлик, ўқишга кириш, ўқишни кўчириш, қайта тиклаш, ер майдони ажратиш, кредит олиш каби масалалар ўйлантираётганини кўрсатмоқда. Айни пайтгача ушбу қисқа рақам орқали келиб тушган мурожаатларнинг ярмидан кўпи – 300 дан зиёди бўйича кўтарилган муаммолар амалда ҳал қилинди.

Top